Streptococcus (энтерококклар) келтириб чиқарадиган овқат токсикоинфекциялари. Стрептококлар озиқ-овқатларда тўпланишга ва овқат заҳарланишлари – токсикоинфекцияларни келтириб чиқаришга қодир бўлиб, антиген, биокимёвий ва гемолитик характеристикаларнинг турлича комбинацияларига эга бўлган граммусбат бактерияларнинг кўп сонли гуруҳига мансубдир. Улардан фақат A ва D гуруҳигина организмга овқат орқали тушиши мумкин. А гуруҳига 40 та антиген турига эга бўлган биттагина тур – S. Pyogenes киритилади. D гуруҳига эса бешта тур: S. faecalis, S. faecium, S. durans, S. avium, S. bovis киради.
Стрептококклар инсон, қушлар ва ҳайвонлар ичагидаги доимий микроорганизмларга киради. Улар ташқи таъсирларга ўта юқори даражада чидамли бўлади: 10 дақиқа давомида 85 ºС ҳароратга бардош беради, 6,5 % ли ош тузи концентрациясига чидайди, паст ҳарорат (маиший музлатгич ва совитилувчи пештахталар тартиби)га бардошлидир. Стрептококклар ҳарорат 10 дан 45 ºС гача ва рН 4,8 ... 9,2 оралиғида бўлганида ўсишга қодир.
А гуруҳи стрептококклари овқат билан бирга 1 г. маҳсулотда 1000 бирлик ҳисобида тушганида, яширин (инкубацион) даври 12 ... 72 соат бўлган ўткир касалланишни келтириб чиқаради. Клиник манзараси томоқ яллиғланиши ва қизариши, ютинганда оғриқ сезилиши, тонзиллит, ринит,
бош оғриғи, баланд безгак, кўнгил айниши, қайт қилиш, баъзан эса тери тошмалари тарзида нмаоён бўлади. Касаллик белгилари 1 ... 3 кун мавжуд бўлиб, кейин ўтиб кетади, одатда, асорати қолмайди.
D гуруҳи стрептококклари микроб ҳужайралари 1 г. маҳсулотда 106 ...
107 миқдорида тушганида ўткир заҳарланишни келтириб чиқаради. Яширин (инкубацион) даври 2 ... 36 соат давом этади. Заҳарланиш симптомларига диарея, ичак санчиқлари, безгак киради, баъзан уларга кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳам қўшилади.
Стрептококкли токсикоинфекцияларни лабораториявий ташҳислаш беморнинг бурун-ҳалқумидаги (фақат А гуруҳи учун), қонидаги ва ажратмаларидаги, шунингдек, гумон қилинаётган маҳсулотдаги қўзғотувчиларни чекловчи ва қиёсий солиштириш (специфик гуруҳдаги аксилзардоблар ёки ПЦРдан фойдаланган ҳолда) билан боғлиқдир.
Стрептококклар кўп сонли тез айнийдиган маҳсулотлар: сут, музқаймоқ, тухум, колбаса, пишлоқлар, картошкали, тухумли ва креветкали салатлар (айниқса, чучитилган бўлса), гўштли ярим тайёр маҳсулотлар, илвиралар, пудинглар, кремларни тайёрлаш ва истеъмол этиш орасида (бир неча соат давомида)ги сақлаш ҳарорати тартиби бузилганда (10 ºС дан баланд бўлганда) интенсив кўпайишга қодир бўлишади. Қайта иссиқлик ишлови берилмайдиган маҳсулотлар, айниқса, хавфли бўлади. Стрептококкларнинг интенсив кўпайишида маҳсулотнинг органолептик хусусиятлари ўзгаради: шилимшиқланиш кузатилади ва ёқимсиз ачқимтир ҳид пайдо бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотининг стрептококклар билан ифлосланиши, одатда, шахсий ва ишлаб чиқариш гигиенасининг кўпол равишда бузилиши, шунингдек, пастеризацияланмаган сут ишлатилганида юз беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |