Зардуштийлик дини
Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.
Шавкат Мирзиёев, 1 – жилд, 29 – бет, 2017 йил.
Мамлакатимизга хос илк ғоялар зардўштийлик тарзидаги диний-фалсафий таълимот сифатида шаклланган. Унинг ғоялари билан боғлиқ қадриятлар бугунги кунгача яшаб келмоқда ва халқимиз турмуш тарзининг ўзига хос хусусият-ларини белгилашда нафақат унинг маънавий-маърифий мероси, у билан бирга халқимизнинг маънавий руҳий тикланиши ва қадриятларимизни асраб-авайлашнинг негизи ҳамдир.
Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган 4 мингдан зиёд моддий-маънавий обида умужаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Қарийб 3 минг йил муқаддам Хоразм воҳаси ҳудудида яратилган, “Авесто” деб аталган бебаҳо маънавий обида алоҳида ўрин тутади. Қадимги Хоразм, Сўғдиёна ва Бақтрияда илк бор шаклланган, аждодларимиз томонидан яратилган дастлабки ёзма манба – “Авесто” китобида ҳам эзгулик ғоялари илгари сурилган.
Зардуштийликка тахминан 2700 йил олдин Хоразмда яшаган тарихий шахс Зардуш Сепитама асос солган. У ижтимоий-сисий ва иқтисодий муносабатларга мос диний тизимнинг асосини ишлаб чиққан. “Зардуш” сўзи қадимги форс тилида туя, зарат, сариқ, яъни кекса туячи, туячилар авлоди деган маънони англатади. “Зардуштийлик” атамаси мазкур динга нисбатан Ўрта асрлардан бошлаб қўлланилган.
“Авесто” – мил.ав. VII-VI асрларда Марказий Осиё ҳудудида, Хоразм воҳасида яратилган ва “Авесто”, яъни “Ҳаёт йўриқномаси” деб ном олган китоб, зардуштийлик динини шакллантиришга асос бўлган назарий манбаларнинг умумий номи ва бу диннинг асосий китоби. Марказий Осиё халқларининг қадимги даврлардаги моддий ва маънавий ҳаёти, диний қарашлари, олам ва одам тўғрисидаги тасаввур, урф-одатлар ва қадриятлари ҳақида маълумот беради. Мил.ав. XIII асрдан то милоднинг IV асригача бўлган даврдаги тарихий воқеаларни акс эттирган.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Авесто”нинг туб маъно-моҳиятини белгилаб берадиган “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” деган тамойили ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратлидир,14 деган эди. “Авесто”да маънавий юксакликка даъват этиш, одамлар ўртасида меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашга оид фикрлар, эзгу ғоялар, маъбудалар шаънига айтилган мадҳиялар, дуолар ҳам ўз ифодасини топган. Дуализм, руҳ ва моддий ҳаётнинг ўзаро уйғунлигини тан олишга асосланган зардуштийлик динига кўра, бутун олам ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва ўлим, тана ва жон, яхшилик ва ёмонлик, эркинлик ва тобелик сингари қарама-қарши ҳодисалар ўртасида азалий ва абадий кураш асосига қурилган. Бу кураш яхшилик худоси Ахура Мазда билан ёмонлик тангриси Ахриман орасидаги доимий олишув тимсолида ҳеч қачон тўхтамайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |