НАЗОРАТ УЧУН САВОЛЛАР
1. Суғориш сувларининг сифати ва уларнинг яроқлилиги ҳақида нималарни биласиз?
2. Сув сифатини белгиловчи кўрсаткичларни баён этинг.
3. Сувларнинг минераллашганлик даражаси ҳақида сўзлаб беринг.
4. Сувларни ифлосланишида қишлоқ хўжалиги қандай роль ўйнайди?
5. Сувнинг сифати тупроқ ва ўсимликка қандай таъсир кўрсатади?
6. Сув сифатини яхшилаш усулларини кўрсатинг.
7. Сувларни суғориш учун яроқлилигини аниқлаш услубларини баён этинг.
8. Таркибидаги туз миқдорига кўра сувлар сифатини баҳолаш шкаласини баён этинг.
9. Экинларни суғориш учун сувларнинг рухсат этилган минераллашганлик даражаси.
10. Суғориш тупроққа қандай таъсир этади?
11. Суғориш таъсирида тупроқнинг унумдорлиги, микробиологик фаолияти қандай ўзгаради?
12. Суғориш натижасида сизот сувлар режимининг ўзгаришини баён этинг.
13. Суғориладиган даланинг микроиқлими деганда нимани тушунасиз?
14. Суғориш таъсирида тупроқ намлиги ва ҳавонинг ерга яқин қатламининг нисбий намлиги қандай ўзгаради?
15. Суғоришни тупроқ ва ерга яқин ҳаво қатламининг ҳароратига таъсири.
16. Суғориладиган ерларнинг сув режими нима? Унга таъсир этувчи омилларни кўрсатинг.
17. Суғориладиган ерларнинг сув баланси нима?
5- мавзу: СУҒОРИШ ТУРЛАРИ ВА НОЎСУВ ДАВРИДАГИ СУҒОРИШЛАР
Режа:
1.Суғориш турлари.
2.Ноўсув давридаги суғоришлар.
1.Суғориш – бу сувнинг оқим шаклини тупроқ намлиги шаклига айлантириш технологик жараёни бўлиб, тупроқ табиий манбалар ҳисобига етарлича намиқмайдиган шароитларда қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ва барқарор ҳосил олиш мақсадда қўлланилади. Суғориш тупроқнинг сув, озиқ, ҳаво, иссиқлик, туз режимларини ва унда кечадиган микробиологик жараёнларни бошқаришга имкон беради.
Ҳозирги вақтда агромелиоратив ва ташкилий-хўжалик шароитлардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги суғориш турлари қўлланилади: намиқтирувчи, намиқтирувчи-шўр ювиш ва махсус суғоришлар. Намиқтирувчи суғоришлар тупроқда ва атмосферанинг ерга яқин қатламида ўсимликларни ўсиб ривожланиши учун тупроқнинг қулай сув режимини таъминлаш мақсадида қўлланилади. Намиқтирувчи-шўр ювиш суғоришлар эса шўрланган ерларда қулай туз режимини таъминлашда қўлланилади. Махсус суғоришларга нам тўплаш мақсадида, шудгордан олдин ва экишдан олдин суғоришлар, уруғ суви бериш, ўғитлаш, совуқ уришига қарши ва провакацион суғоришлар киради.
Суғориш турлари ҳар хил бўлишига қарамай, улар тупроқ, ўсимлик ва атроф муҳитга комплекс таъсир этади.
Суғориладиган деҳқончилик амалиётида мунтазам ва номунтазам суғоришлар қўлланилади. Ўзбекистонда деярли барча экинлар мунтазам суғориш шароитида етиштирилади. Бунда нам тўплаш мақсадда суғоришлардан ташқари экинлар ўсув даврида ўсимликнинг сув истеъмол қилиш динамикаси хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда доимий равишда суғориб турилади.
Номунтазам суғоришлар сув ресурслари билан кам таъминланган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини бир ёки кўпи билан икки маротаба суғориш бўлиб, у кўпинча республиканинг тоғли ва тоғ олди районларида дон ва ем-хашак экинларини етиштиришда қўлланилади. Унга нам тўплаш мақсадида ва лиман суғоришларни ҳам мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бундай суғоришлар мавсумда 1,5–2 м. ли тупроқ қатламини намиқтириш учун 1 маротаба ўтказилади. Куз ва эрта баҳорда тупроқда етарлича нам захираси тўплаш кузги ва баҳорги донли экинлар, кўп йиллик ўтлар, боғ ва токзорлардан юқори ҳосил олиш гаровидир.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизстон ва Кавказ ортининг тоғли ва тоғ олди минтақаларида етиштирилаётган экинлардан айримларигина суғориб турилади. Бундай суғориш танлаб суғориш дейилади. Ёғин кам тушадиган, лекин тупроқлари унумдор бўлган водийларда эса суғоришга талабчан ғўза, сабзавот, шоли ва бошқа экинлар етиштирилади. Бу ҳудудда парвариш қилинаётган экинларнинг барчаси суғориш ўтказишни талаб этади ва шу сабабдан бундай ерлардаги суғоришлар ялпи (ёппасига) суғоришлар деб юритилади.
2.Шудгордан олдин суғориш. Ўзбекистоннинг текислик минтақаларидаги сизот сувлари чуқур жойлашган ерларда экинларни ўсув даврида суғоришлар тугалланиб, ҳосил йиғиб олингандан сўнг ёғиннинг деярли тушмаслиги оқибатида тупроқнинг устки қатламида, айниқса, буғдой, ёзда ҳайдаб бузиладиган бедапоя ва бошқа кўп йиллик ўтлардан бўшаган далалар тупроғида нам миқдори кескин камайиб кетади. Бу ҳол ерга асосий ишлов беришни қийинлаштиради: ер белгиланган чуқурликда ҳайдалмайди, палахса кесаклар кўчиб, майин шудгорлашга эришилмайди. Ерни сифатли ҳайдаш учун тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 70–75%дан кам бўлмаслиги (ТНС га нисбатан 40–60%) лозим. Бунинг учун ёз ойларида шудгорлашдан 7–10 кун, кузги шудгорлашдан 10–12 кун олдин эски муваққат суғориш тармоқлари, йўлак ва чеклар орқали суғориш ўтказилади. Суғориш меъёрлари ҳайдов қатламини намиқтириш ҳисобидан белгиланади: енгил тупроқларда 700–800, ўртача – 900–1000 ва оғир тупроқларда 1000–1200 м3/га сув берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |