Сув ўтказувчанлик (СЎ) тупроқнинг муҳим сув-физик хусусиятларидан бири бўлиб, у тупроқнинг сувни сингдириш ва пастки қатламларга ўтказиш (фильтрация) қобилиятини тавсифлайди. Ушбу жараён инфильтрация деб тушунилади. СЎ тупроқнинг механик таркиби, структураси, чиринди миқдори, қовушмаси ва шўртоблик даражасига боғлиқ ҳолда турлича бўлади. Енгил механик таркибли, ғовак қовушмали, донадор тупроқлар сувни яхши ва структурасиз, оз чириндили, зич қовушмали соз таркибли тупроқлар эса ёмон ўтказади. Тупроқнинг сув ўтказувчанлиги маълум вақт бирлиги учун мм ёки м3/га ҳисобида аниқланади.
Тупроқнинг сув ўтказувчанлиги фильтрация тезлиги ва фильтрация коэффициентлари кўрсаткичлари билан тавсифланади. Фильтрация тезлиги (Vф) гидравлик нишоблик 1 га тенг бўлганда сувнинг тупроқ қатлами орқали сингиш тезлиги бўлиб, см/сек., см/мин., м/сут. ҳисобида аниқланади. Фильтрация коэффициенти (Кф) маълум бир гидравлик нишобликдаги сувнинг тупроқ қатлами бўйлаб сингиб ўтиш тезлигидир. Майда капиллярликка эга тупроқларда сувнинг ҳаракати қийин кечса, нокапилляр бўшлиқлардаги сув чуқур қатламларга осон ва тез ҳаракат қилади. Фильтрация коэффициенти оғир тупроқларда 0,1–1 м/сут. га, енгил туп-роқларда 5–10 м/сут. ва ундан ортиқ миқдорларга тенг.
Тупроқнинг СЎ ги суғориш каналлари ва суғориладиган далаларда сувни фильтрацияга исроф бўлиш миқдори, зовурлар орасидаги масофани ҳисоблаш, гидротехник иншоотларни қуриш, суғориш давомийлиги ва ёмғирлатиб суғориш жадаллигини белгилаш каби тадбирлар белгиланаётганда муҳим кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.
Тупроқнинг сув кўтариш (СК) хусусияти тупроқнинг механик таркиби, ғоваклиги тавсифига кўра турлича бўлади. Механик таркиби оғир тупроқларда сувнинг капилляр кўтарилиш баландлиги катта, енгил ва донадор тупроқларда кўтарилиш тезлиги катта, лекин баландлиги кичик бўлади. Соз тупроқларда сув 4–5 м, оғир қумоқ – 3–4, ўртача қумоқ – 2–3, енгил қумоқ – 1,5–2,0, қумлоқ – 1,0–1,5 ва қумли тупроқларда 0,5–1,0 м баландликкача кўтарилиб келади.
Тупроқлар механик таркибига кўра енгил, ўртача ва оғир тупроқларга бўлинади. Механик таркиб тупроқдаги физик лой (диаметри 0,01 мм. дан кичик тупроқ заррачаси) миқдорига боғлиқ. Физик лой оғир соз тупроқларда сув 85% дан кўп миқдорни, ўртача соз тупроқларда 75–85% ни, енгил соз – 60–75, оғир қумоқ – 45–60, ўртача қумоқ – 30–45, енгил қумоқ – 20–30, қумлоқ – 10–20 ва қумли тупроқларда 5–10 ва қумда 0–5% ни ташкил этади (Качинский Н.А.).
Do'stlaringiz bilan baham: |