Чиқинди сувлар зарарлилик даражаси турлича бўлган органик ва минерал моддалар билан ифлосланади. Органик моддалар сирасига микроорганизмлар тирик мавжудотларнинг физиологик ажратмалари, ўсимлик ва ҳайвон қолдиқлари, ёғлар, кимёвий бирикмалар киради.
Ўзбекистонда ҳар йили қарийиб 1,5 км3 чиқинди сувлари шаклланмоқда, унинг 50% маиший хўжалик объектларига, 14% саноат корхоналарига тўғри келади. Ушбу чиқинди сувлар 200 минг га ерни суғориш ва ўғитлаш имконини беради. Ҳозирги кунда уларнинг ярмигина республика сув хўжалик балансида иштирок этмоқда.
Яқин келажакда Ўзбекистонда чиқинди сувлар ҳажмини 5 км3/йил (шу жумладан Сирдарё ҳавзасида 3 ва Амударё ҳавзасида 2 км3/йил)га етиши кутилмоқда. Унинг 9% ни қишлоқ хўжалиги, 50%ни маиший-хўжалик, 14% ни саноат ва 27% ни ер усти оқовалари ташкил қилади. Бу миқдордаги чиқинди сувлар қарийиб 600 минг га ерни суғоришда фойдаланиш имконини беради.
НАЗОРАТ УЧУН САВОЛЛАР
1. Сув ресурслари нима?
2. Сув билан таъминланганлик деганда нимани тушунасиз?
3. Ўзбекистон Республикасининг сув ресурслари ҳақида нималарни билиб олдингиз?
4.Сув ресурсларининг миқдорий ва сифат ўзгаришларини қандай омиллар белгилайди?
5. Сув ресурсларининг антропоген таъсирда ўзгаришини баён этинг.
6. Сув манбалари ҳақида нималарни биласиз?
7. Ўзбекистондаги йирик дарёлар ва уларнинг сув сарфлари.
8. Дарёларнинг сув билан тўйиниш турларини кўрсатинг.
9. Сув билан тўйиниш тавсифига кўра дарёларни кўрсатинг.
10. Республикадаги йирик кўллар ва уларнинг тавсифини баён этинг.
11. Дарёларнинг сув сарфини ростлашда сув омборларининг аҳамиятини кўрсатинг.
12. Республикадаги қандай йирик сув омборларини биласиз?
13. Ер ости сувлари, уларнинг турлари, сифати.
14. Коллектор-зовур сувлари ва улардан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш.
15. Чиқинди сувлар ва уларнинг сифати.
4- мавзу: СУВЛАРНИНГ СИФАТИ ВА СУҒОРИШ УЧУН ЯРОҚЛИЛИГИ. СУҒОРИШНИНГТУПРОҚ ВА МИКРОИҚЛИМГА ТАЪСИРИ
Режа:
Сувларнинг сифати ва уларнинг суғориш учун яроқлилиги.
Сув сифатининг тупроқ ва ўсимликларга таъсири.
Сув сифатини яхшилаш.
Сувларни суғориш учун яроқлилигини аниқлаш услублари.
Суғоришнинг тупроқ ва микроиқлимга таъсири.
Суғориладиган ерларнинг сув режими ва баланси.
1.Сувнинг сифати уни аниқ бир фойдаланиш (истеъмол қилиш) турига кўра таркиби ва хусусиятига қараб тавсифланади. Санитария меъёрлари бўйича органолептик ҳамда умумий санитария кўрсаткичлари ва, шунингдек, ундаги зарарли моддалар миқдорлари белгиланади.
Ифлосланган сув дейилганда аниқ бир сувдан фойдаланиш тури учун антропоген фаолият таъсирида таркиби ўзгарган сувлар тушунилади. Сувни ифлосланганлик критерийси бўлиб унинг органолептик хусусиятларини ўзгариши ва унда ўсимлик, инсон ҳамда ҳайвонлар учун зарарли бўлган моддалар мавжудлиги ҳисобланади: улар таъсирида сувда заҳарлилик, аллергияга, инсон ва ҳайвон организмларида ўзгаришларга сабаб бўлувчи хусусиятлар пайдо бўлади. Буларнинг барчаси сув таркибидаги ҳар бир моддани рухсат этиладиган энг кам миқдори (ПДК)ни белгилаш заруриятини келтириб чиқарган.
Суғориш сувларининг сифати биринчи навбатда уларнинг лойқалиги, туз миқдори ва бактериологик таркиби билан белгиланади.
Марказий Осиё дарёларининг лойқалиги турлича бўлиб, кўпчилик дарёларнинг сув йиғиш ҳавзаси сув эрозияси кучли кузатиладиган районларда (лёссимон, енгил, ювилувчан тупроқлар) жойлашган: қатор районларда 1 км2 дан йилига 10 т, айрим районларда (Вахш дарёси) 2000 т тупроқ ювилади. Жанубдаги дарёларнинг лойқалиги шимолий ҳудудлардагидан юқори: Чирчиқ дарёсининг лойқалиги 0,2–0,3 кг/м3 гача бўлса, Вахш дарёсиники 4 кг/м3, Амударё – 3 кг/м3 дан ортиқ, Шеробод ва Сангардак – 3 кг/м3, Норин дарёси – 1,09 кг/м3, Қорадарё – 1,62 кг/м3, Қашқадарё – 0,5–3 ва Сурхондарёнинг лойқалиги 0,3–3 кг/м3 ни ташкил этади.
Дарё сувларининг туз таркиби ва менераллашганлик даражаси ҳарорат ва биокимёвий омиллар, сув йиғиш ҳавзасининг геологик тузилишига боғлиқ. Кам сув сарфли тоғ дарёлари таркибида гидрокарбонат ва кальций ионлари кўп бўлса, тоғ олди текисликларидаги дарёларда сульфат иони кўп, қуйи оқимида эса натрий, магний ва хлор ионлари миқдори орта боради. Дарёларнинг сарфи кўпайган (тошқин) даврда сувнинг минераллашганлик даражаси камаяди ва, аксинча, сентябрдан мартгача ортиб боради. Чунки бу даврда дарёлар минераллашган сизот сувлар эвазига ҳам таъминланади. Суғориладиган ерларнинг кенгайтирилиши ва шўрланган қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши кўп миқдорда коллектор-зовур сувларини шаклланувига олиб келмоқда ва бу сувларни очиқ сув ҳавзаларига ташланиши оқибатида уларнинг минераллашганлик даражаси ортиб кетмоқда. Республикада ифлосланган сувларнинг вужудга келишида суғориладиган деҳқончиликнинг улуши 78% ни, саноат – 18 ва маиший хўжалик 4% ни ташкил этмоқда.
Ер усти ва ер ости сувлари қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилаётган пестицид ва биоген моддалар билан ҳам ифлосланмоқда. Тупроқ бу моддалар билан тўйиниб, атроф муҳитни ифлослантирувчи манбага айланиб қолмоқда. Авиация ёрдамида экинларни химикатлар билан ишлов беришда қўлланилаётган модаларнинг 20–40% гача атмосферада тарқалиши аниқланган. Марказий Осиёда зовурлаштирилган ерларда қўлланилган азотли ўғитнинг 20%, фосфорнинг 1%, калийнинг 0,5% суғориш вақтида оқова билан олиб чиқиб кетилади ва очиқ сув манбаларига ташлаб юборилади.
2.Сув таркибидаги оқизиқлар таркибида маълум миқдорда озиқ моддалар ҳам бўлиб, улар тупроқ унумдорлигини оширишда маълум бир ролни ўйнайди. Амударёдаги оқизиқлар Карки шаҳри ёнида йилига 243 млн. т. ни ташкил этадики, унинг таркибида кальций карбонат, калий ва фосфор тузлари каби ўсимликлар учун зарур бўлган моддалар мавжуд.
Шолининг мавсумий суғориш меъёрини 25–30 минг м3/га ва Сирдарёнинг қуйи оқимидаги сувнинг лойқалигини 2,64 г/л эканлиги инобатга олинса, айтиш мумкинки, суғориш сувлари билан ҳар гектар ерга мавсумда 25–30 т оқизиқ тушади ва унинг қалинлиги 10 йил ичида 2,5 см. ни ташкил этади. Экинларни суғоришда минераллашган сувлардан фойдаланиш эвазига тупроқда маълум миқдорда туз тўпланиши ҳам кузатилади. Масалан, сув таркибида 1,5 г/л туз бўлса ва мавсумий суғориш меъёри 5000 м3/га. ни ташкил этса, суғориш орқали ҳар гектар ерга 7,5 т туз келиб тушади. Сув таркибида натрий ионининг кўп бўлиши тупроқнинг шўртобланишига сабаб бўлади. Таркибида хлоридли тузлар кўп бўлган сувлар билан суғориш ўсимликка жуда кучли салбий таъсир кўрсатади: хлоридли тузлар 1 г/л. гача бўлган сувлардан енгил тупроқларда ва 0,5 г/л. гача бўлган сувлардан эса барча тупроқларда фойдаланиш мумкин.
3.Талабга жавоб бермайдиган сифатга эга сувлар фойдаланишдан олдин қатор тадбирлар эвазига яхшиланади. Сув сифатини яхшилаш деганда унинг таркибидаги моддалар миқдорини аниқ бир истеъмол тури учун йўл қўйиладиган даражага етказиш тушунилади. Суғориш учун ишлатиладиган сувларнинг сифати унинг таркибидаги тузнинг миқдори ва таркиби, лойқалиги, шунингдек, унда патоген микроблар мавжудлиги билан белгиланади. Суғориш учун сувларнинг яроқлилиги унинг тоаркибидаги моддалар концентрацияси, тупроқ хоссалари, иқлим шароитлари ва парвариш қилина-ётган экинларнинг биологик хусусиятлари аниқланади. Минераллашганлик даражасини камайтириш учун бундай сувлар дарё (чучук) суви билан аралаштирилади. Чиқинди сувлар махсус иншоотларда сунъий тозалашлардан ўтказилади. Лойқа оқизиқлардан тозалаш мақсадида дарёлардан сув олиш қисмида махсус тиндиргич-ҳовузлардан фойдаланилади.
4.Сувларнинг суғориш учун яроқлилигини аниқлашда А.М.Можейко ва Т.К.Воротник (1958) услубида (Na+K)∙100:(Ca+Mg+Na+K) нисбат олинадики, бу нисбат 65%дан кам бўлса сув суғориш учун яроқли, 65–75% бўлса хавфли, 75%дан катта бўлса жуда хавфли ҳисобланади.
М.Ф.Буданов (1970) бўйича минераллашганлиги 1 г/л. дан кам бўлган, Na:Ca нисбат 1 дан кичик бўлганда Na:(Ca+Mg) нисбатнинг 0,7 дан кичик бўлиши сувнинг суғориш учун яроқлилигини кўрсатади. Минераллашганлиги 1–3 г/л бўлган сувларда ундаги барча ингредиентларнинг (Са+Mg) га нисбати ўртача ва оғир қумоқ тупроқларда фойдаланиш учун 4 дан, енгил қумоқ тупроқлар учун 5 ва енгил қумлоқ тупроқлар учун 6 дан кам бўлиши лозим.
Марказий Осиё шароити учун энг мақбул услуб Н.Антипов-Каратаев ва Г.Кадер (1959) услубидир:
K = (rCa + rMg) : [(rNa ∙ 0,23 ∙ C) ∙ 0,23],
бу ерда rCa, rMg, rNa – сувдаги катионларнинг миқдори, мг-экв; С – сувнинг минераллашганлиги, г/л.
К ≥ 1 бўлса сув суғоришга яроқли, К < 1 бўлса яроқсиз ҳисобланади.
Стеблер (Изюмов В.В., 1966) сувнинг яроқлилигини аниқлаш учун «ишқорийлик» коэффициенти (К)ни тавсия этади:
агар rNa – rCl ≤ 0 бўлса К = 288 : (5 ∙ rCl);
агар 0 ≤ rNa – rCl ≤ rSO4 бўлса K =288 : (rNa + 4 ∙ rCl);
агар rNa – (rCl + rSO4) >0 бўлса К =288 : (10 ∙ rNa–5 ∙ rС l –9 ∙ rSO4).
Бунда К < 6 бўлса сув суғориш учун яроқсиз, 6–18 бўлса қониқарли ва 18 дан катта бўлса яхши ҳисобланади.
АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти ишлаб чиққан натрийли-адсорбцион нисбат SAR < 10 бўлса яроқлилиги бўйича сув яхши, 11–20 бўлса кам қониқарли, 20 дан катта бўлса қониқарсиз ҳисобланади.
Ўзбекистон шароитида сувлар сифатини белгилашда И.С.Рабочев (1984) ишлаб чиққан тавсиялардан фойдаланиш мумкин (1- жадвал).
Чиқинди сувларнинг суғориш учун яроқлилигини белгилашда қўйидагилар аниқланади: сувнинг ҳарорати, рН, эриган ва эримаган минерал моддалар, қуруқ моддаларнинг умумий миқдори, эриган ва эримаган органик моддалар миқдори, органик моддаларнинг умумий миқдори, кислородга бўлган биохимик эҳтиёж (БПК5), кимёвий сингдирилган кислород (ХПК), калий, натрий, кальций, магний, фосфат (РО4), хлорид ва сульфатлар, умумий азот ва нитратлар.
5. Суғоришни қўллаш эвазига тупроқнинг физик ҳолатига таъсир этилади, тупроқда кечадиган кимёвий ва микробиологик жараёнлар ўзгартирилади, органик моддалар тўпланиши ва парчалануви бошқарилади.
1- жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |