Тупроқни ишлаш. Бунда пахта экиладиган майдонларда, албатта, кузги шудгор қилиш билан суғориш, ўғитлаш, тупроқ шўрини ювиш, бегона ўтлар, касаллик ва заракунандаларни йўқотишга қулай имконият яратилади. Пахта ҳосилдорлиги 10-20 фоиз ошади, бегона ўтлар эса 50-60 фоизга камаяди.
Шудгорлашнинг муддати октябр-ноябр ойларига тўғри келади. Шудгорлашдан олдин ғўзапоя (агар вилт билан касалланган бўлса) КВ –3,6 ёки КВ – 4,0 агрегати ёрдамида юлиб олинади ва дала ташқарисига чиқариб ташланади. Вилт билан касалланмаган бўлса, у ҳолда поялар майдаланиб ер ҳайдаб ташланади.
Шудгорлашдан олдин далалар бегона ўтлардан тозаланади, гўнг сепилади, фосфорли ва калийли ўғитлар солинади.
Ер ҳайдаш ПЯ-3-35 та ПД-3-35 қўш қаватли плугларда бажарилади. Унинг чуқурлиги тупроқ қатламига қараб 30-40 см бўлиши лозим.
Бедали ерни бузганда, аввало юза қисми 6-7 см чуқурликда ҳайдалиб, унинг илдиз бўғизлари қирқилади. Ундан 8-10 кун ўтгач эса асосий (чуқурлиги 35-40 см) ҳайдов ўтказилади. Шудгор юзаси кузнинг ўзидаёқ ГН-4 ёки ГН-2,8 агрегатлари билан текисланиб қўйилади.
Экиш олдидан тупроқни ишлаш ҳар хил бўлади. Агар тупроқ шўрланмаган, зичлашмаган ва бегона ўтлардан холи бўлса, ернинг намини қочирмаслик мақсадида бороналаб қўйилади. Бу иш эрта баҳорда шудгор юзаси қуриганда, занжирли тракторлар кириш мумкин бўлганда бажарилади. Ёки февралнинг охири ва мартнинг биринчи ярмига тўғри келади. Бундай майдонларда чигит экиб ўз намига ундириб олиш мумкин.
Экиш олдидан тупроқ қайта ишланади. Бунда борона ва мола юргизилади. Сўнг тезлик билан экиш ишлари бажарилади. Акс ҳолда ернинг нами қочиши ва бегона ўтлар кўкариб кетиши мумкин. Бороналаш ва молалашда ПР-5 ва ВП-8 текислагич агрегатларидан фойдаланилади.
Агар тупроқ зичлашган, бегона ўтлар ўсган бўлса, у ҳолда ЧКУ-4 культиватори ёки КФГ-3,6 фрезаси юргизилгани маъқул. Кетидан бороналанади ва молаланиб экилади.
Уруғлик сифати. Юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда чигитнинг сифатига алоҳида эътибор берилиши, у сараланган бўлиши зарур. Бунинг учун уруғлик алоҳида элита хўжаликларда етиштирилади. Уруғлик пахта унумдор майдонларга экилиб, ниҳоятда юқори агротехника қўлланилади. Йиғиштириш вақтида энг сифатли чигитлар олиш учун 3-8- чаноқларидаги пахталар териб олинади.
Уруғлик пахтани терганда, унинг намлиги 9-10 фоиздан ошмаслиги лозим.
Ажратиб олинган чигитлар махсус машиналарда калибрланади (сараланади). Бундай чигитлар экилганда бақувват, бир текис кўчатлар олинади. Шунда улар авж олиб ўсади, ривожланади ва юқори ҳосил беради. Ўртача 1 гектарга 70-80 кг уруғ ёки 1 гектарга 120 минг кўчат бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |