Фермер хўжалигида маҳсулот тайёрлаш тизимини ривожлантириш
Аграр тармоқда фермер хўжаликларининг ўрни ва ишлаб чиқаришда давлат буюртмаси асосида пахта, дон, шоли етиштиришдаги улушлари ортиб бормоқда. Айниқса, истеъмол бозорини картошка, сабзавот ва турли хил мевалар билан таъминлашда уларнинг ҳиссаси жуда каттадир.
Фермер хўжаликларининг шаклланишида сервис хизмат кўрсатиш ва тайёрлов тизмини тубдан янгилашга тўғри келмоқда. Чунки қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш билан бир қаторда уни тайёрлаш, сақлаш, қодоқлаш ва истеъмолчиларга талофатсиз етказиб бериш муҳим аҳамиятга эгадир. Айниқса, тез бузиладиган ва транспортда ташиши ноқулай бўлган маҳсулотларни ва фермер томонидан етиштирилган истеъмол молларини қуйидаги сотиш каналлари орқали етказиб берилади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тайёрлов ва сотуви қуйидаги каналлар орқали амалга оширилади:
Ишлаб чиқарувчилар – Давлат – Истеъмолчилар.
Ишлаб чиқарувчилар – Деҳқон бозори – Истеъмолчилар ёки ишлаб чиқарувчилар –
Истеъмолчилар.
Ишлаб чиқарувчилар – Хусусий (кичик) олиб сотарлар – Деҳқон бозори –
Истеъмолчилар.
Ишлаб чиқарувчилар – «Ўзбекбирлашув», «Ўзбексавдо» ташкилотлари – Чакана савдо – Истеъмолчилар.
Ишлаб чиқарувчилар – Воситачилар – Товар хом ашё биржалари – Улгуржи
(хусусий) тайёрлов ташкилотлари – Чакана савдо – Истеъмолчилар.
Ишлаб чиқарувчилар – Қайта ишлаш корхоналари – Улгуржи савдо корхоналари –
Чакана савдо – Истеъмолчилар.
Ишлаб чиқарувчилар – Қайта ишлаш корхоналари – Чакана савдо –
Истеъмолчилар.
Пахта хом ашёси, дон, тамаки, асосан, биринчи канал орқали тайёрланади. Иккинчи канал орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилади.
Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўз вақтида истеъмолчига етказиб беришда камчиликлар бўлмоқда. Харид баҳолари ҳам ортиб бормоқда. Чунки охирги йилларда мева-сабзавот ва картошка сақлаш омборларида маҳсулотлар захира қилинмаган. Бунинг асосий сабаби мева-сабзавот, картошка сақлайдиган омборлар яроқсиз, таъмирга муҳтож бўлиб қолган.
Хўжаликлардан картошка, мева ва сабзавот сотиб олиш учун тайёрлов корхонларида етарли маблағларнинг йўқлиги, маҳсулотларни сақлаш учун электр энергия харажатлари юқори бўлганлиги учун мева-сабзавот сақлаш омборлари фойдаланиш учун тадбиркорларга ижарага берилган.
Хусусийлаштирилган омборларни эса тадбиркорлар қарзларини тўлаш учун сотган. Омборларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун тара ва контейнерларнинг етарли бўлмаганлиги ҳам муаммони кучайтирмоқда.
Умуман, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлов тизимининг паст суръатлар билан ривожланаётганлигининг асосий сабабларидан бири тайёрлов корхонларида пул маблағларининг камлиги ва тара, хизматлар ҳамда энегоресурслар нархининг ошаётганлиги ва соҳада инвестиция оқимининг пасайганлигидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |