I-БОБ. “ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ИҚТИСОДИЁТИ” ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА МАЗМУНИ
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти
Қишлоқ хўжалиги халқ хўжалигининг энг муҳим ва йирик тармоғи бўлиб, аҳолини озиқ- овқат маҳсулотларига, саноатни эса хом ашёга бўлган талабини қондиради. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз агросаноат мажмуасининг етакчи тармоғи бўлиб, деҳқончилик, чорвачилик ва мева-сабзавотчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш жарёнларини ўз ичига олади.
Республика қишлоқ хўжалигида асосий эътибор мамлакатнинг иқлими, ер-суви ва моддий ресурсларидан ҳамда халқнинг асрлар давомида тўпланган деҳқончилик маданиятидан унумли фойдаланиш негизида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришга қаратилган. Деҳқончиликда ғаллачилик, пахтачилик, шоликорлик, мевачилик, узумчилик, полизчилик, сабзавотчилик соҳалари, чорвачиликда эса қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, паррандачилик, йилқичилик, асаларичилик, пиллачилик тармоқлари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон жаҳонда ялпи пахта ҳосилини етиштириш бўйича 4-ўринда, пахта толасининг экспорти бўйича 2-ўринда (АҚШдан кейин) туради. Шунингдек, республикада етиштириладиган мева, узум, сабзавот, полиз маҳсулотларининг асосий қисми қўшни давлатларга чиқарилади. Ўзбекистон ўзининг сифатли пилласи ва қоракўли билан ҳам дунёга машҳурдир. Республика тўлиқ дон мустақиллигига эришиб, четга экспорт ҳам қилмоқда.
Республика қишлоқ хўжалигида: кооператив (жамоа хўжаликлари), хўжаликлараро корхоналар, ширкатлар уюшмалари, давлат хўжаликлари негизида ташкил этилган хўжаликлар, жамоа мулкига айлантирилган фермалар ва бошқалар); давлат (давлат хўжаликлари, наслчилик заводлари, ўқув-тажриба ҳамда тажриба хўжаликлари); хусусий (деҳқон ва фермер хўжаликлари, хусусийлаштирилган корхоналар) ҳамда аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликлари (шахсий эҳтиёжлар учун айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш) мавжуд. Республика қишлоқ хўжалигида пахта якка ҳокимлиги (якка зироатчилиги)нинг қарор топиши оқибатида 1987 йилга келиб, 2107,7 минг гектар ёки жами суғориладиган экин майдонининг 60 %дан кўпроғига пахта экилди. Натижада илмий асосланган алмашлаб экиш тизими издан чиқди, минерал ўғитлар, гербецидлар, айниқса инсон саломатлигига зарарли бўлган пестицидлар меъёридан ортиқча ишлатилиши натижасида деҳқончилик қилинадиган жойларда экологик шароитлар бузилди, ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин мамлакат қишлоқ хўжалигида атрофлича ислоҳотларни амалга ошириш даври бошланди. Республика ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини шакллантириш, мулкчиликнинг нодавлат шаклига ўтиш, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, деҳқон, фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш каби масалаларни ҳал этишга эътибор берилди. Республика парламенти қишлоқ хўжалигида туб бурилишларнинг ҳуқуқий асосларини яратадиган қонунларни қабул қилди.
Республика Президентининг 1994 йил 21 январдаги «Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 мартдаги «Чорвачиликда хусусийлаштиришни давом эттириш ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва бошқа қарорлари иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бозор тамойилларининг эркин ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш, хўжаликларни нодавлат шаклларига айлантириш, маҳсулдорлиги паст чорва фермаларини жамоага мулк қилиб бериш йўли билан қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, деҳқон ва фермер хўжаликлари, ўрта ва кичик бизнес ишини йўлга қўйишга кенг имкониятлар очиб берди.
Деҳқончиликда картошка, мева-сабзавот маҳсулотлари, чорвачиликда сут, гўшт, тухум, тери ва жун маҳсулотларини эркин (келишилган) нархларда сотиш жорий этилди. Бу эса хўжаликларга ўзлари етиштирган маҳсулотлардан ихтиёрий фойдаланишга имконият яратди. Давлат буюртмаси фақат пахта, дон, шолига нисбатан сақланиб қолди.
Олиб борилган тадбирлар хўжалик юритиш механизмини такомиллаштиришга, хўжаликларни иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлашга, қишлоқ меҳнаткашлари турмуш даражасини яхшилашга ҳамда хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ривожлантиришга кенг йўл очиб беради.
Ердан самарали фойдаланишда Республика Президенти И. Каримов «Қишлоқда бозор механизмларини ривожлантириш, деҳқонда соҳиблик ҳиссини уйғотиш, мулкчилик муносабатларини такомиллаштириш, жамоа хўжаликларнинг ўзида ижара мунособатларини чуқурлаштириш, ерни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан умрбод фойдаланишга бериб қўйиш орқали, шунингдек, деҳқон, фермер ҳамда шахсий ёрдамчи хўжаликларни кенг ривожлантириш асосида рўй бериши лозим1» деб кўрсатиб ўтди.
Деҳқон, фермер ўзи ҳосил тўплаб, уни йиғиш билан шуғулланмаса, иш унуми ва самараси бўлмайди. Уларга ўз вақтида банк сервис хизмати, таъминот, истеъмолчи ва қайта ишлаш корхоналари ёрдам берса, улар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаради ва истеъмол бозорини бойитади.
Бозор муносабатлари асосида маҳсулот ишлаб чиқаришга асосланган қишлоқ хўжалик субъектларида иқтисодий тадбирлар зарурлигини ҳисобга олиб, Президентимиз И. Каримовнинг «Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида жамиятимизнинг янгиланиши, демократик жараёнларнинг ривожланиши кўп жиҳатдан аграр соҳадаги ислоҳотларнинг нечоғли самарали қишлоқ ҳаётига кириб боришига боғлиқлиги таъкидланди.
Республика аграр тармоғи ялпи ички маҳсулотнинг 41,7 фоизини, мамлакатга валюта тушумларининг 33,2 фоиздан ортиғини ташкил қилмоқда. Мамлакатимиз халқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг 40 фоизга яқини ва барча аҳолининг 60 фоизидан ортиғи қишлоқларда яшайди. Уларнинг моддий аҳволи, турмуш даражаси ва моддий фаравонлиги қишлоқ хўжалигидаги ишларнинг ҳолатига, уни ривожлантиришнинг тезкорлиги ва самарадорлигига боғлиқ.
1 Каримов И. А. «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида». –Т.: «Ўзбекистон», 1995, -246
б.
Ресублика аграр соҳасида мулкий муносабатларни шакллантириш, мулкчиликнинг нодавлат шаклига ўтиш, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш аграр ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидир.
Ислоҳотларнинг илк босқичида мамлакат қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлаш ва режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишнинг дастлабки асослари яратилди.
Аграр соҳада мулкни давлат тасарруфидан чиқаришга ва хусусийлаштиришга муҳим аҳамият берилди, 1066 та давлат хўжаликлари (совхозлар) тугатилиб, улар негизида жамоа хўжаликлари ташкил этилди. Чорвачилик фермалари, боғ ва токзорлар, кичик ер майдонлари ҳамда иссиқхоналар хусусийлаштирилди.
Ислоҳотларнинг иккинчи босқичида «Ер кодекси», «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар ва тегишли ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бундай ҳуқуқий пойдеворнинг яратилиши иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга замин яратди. Қишлоқ хўжалигида хўжалик юритишнинг бозор муносабатларига мос келадиган ширкат, фермер ва деҳқон хўжаликлари устуворлиги белгиланди.
Ислоҳотларнинг учинчи босқичи 2000 йилдан бошланган бўлиб, у қишлоқ хўжалигида товар ишлаб чиқарувчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устуворлиги; товар ишлаб чиқарувчиларнинг иқтисодий эркинлигини янада кенгайтириш ва давлат буюртмаси бўйича етиштирилаётган маҳсулотларга баҳо белгилашда дунё бозори нархларига мос келувчи тизимни шакллантириш; биринчи навбатда паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш асосида қайта ташкил этиш механизми жорий этилиши; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи замонавий инфратузилма тизимининг барпо этилиши билан характерланади.
Қишлоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг навбатдаги муҳим вазифаси
– ерга бўлган мулкчилик муносабатини ҳал қилишдир. Ерга мулкчилик ҳуқуқи ортиқча расмиятчиликка, қоғозбозликка берилган шаклда эмас, балки замонавийлашган ва бозор муносабатларига асосланган тартибда жорий этилиши лозим. Бунда ерларни узоқ муддатга ижарага бериш асосида фермер ва деҳқон хўжаликларини янада ривожлантириш устувор йўналиш бўлиб қолади.
Тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириб бориш; қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишловчи ва истеъмолчиларга етказиб берувчи корхона ҳамда ташкилотлар акцияларини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида тақсимлаш орқали уларни акциядорлаштириш; ўзаро кредитлаш борасидаги имкониятларни кенгайтириш; қишлоқ хўжалиги бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва давлат харид нархларини ҳамда бутун нарх-навонинг шаклланиш тизимини ўзгартириш; фаннинг инновациясини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан узвий алоқаларини тиклаш ва ривожлантириш; соҳа ходимларига ҳуқуқий ва касбий таълим беришга доир тадбирлар тизимини ишлаб чиқариш республикада аграр сиёсатнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади.
Иқтисодий ислоҳотлар нафақат қишлоқ хўжалиги, унга хизмат кўрсатувчи тармоқлар, маҳсулотни қайта ишловчи соҳалар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфртузилма бўғинлари ва ташқи савдо соҳаларини ислоҳ қилишни ҳам ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |