IX БОБ. ФЕРМЕР МАҲСУЛОТЛАРИ БОЗОРИ ВА МАРКЕТИНГ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозорини ривожлантиришнинг
назарий асослари
Иқтисодий ислоҳотлар натижасида фермер хўжаликлари фаолияти ривож топиб, улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисмини ишлаб чиқармоқда. Аммо, давлат ихтиёридаги тайёрлов ва қайта ишлаш корхоналари ўрнида хусусий корхоналар, ҳиссадорлик жамиятлари пайдо бўлиши, тез бузилувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг сон жиҳатидан кўп ва макон жиҳатидан тарқоқ ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирила бошлаши, маҳсулотларнинг кўп қисми истеъмолчиларга етиб бориши жараёнида нобуд бўлишига олиб келмоқда.
Республикамиз Президенти И. А. Каримов таъкидлаганларидек, «Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш технологияси жуда орқада қолгани туфайли ҳар йили картошка, томат, карам, лавлаги, сабзи ҳамда бошқа сабзавот ва меваларнинг 20-40 фоизи исроф бўлмоқда. Биз, ишлаб чиқариш – қайта ишлаш – сотиш, деган ягона занжирда ишлаб, бу занжирда банд бўлганларнинг манфаатини ҳисобга олишни ўрганишимиз зарур. Жаҳон бозорини ўзлаштириш кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўриниши билан боғлиқ. Бунда маҳсулотларни навларга ажратиш, ўраш, қадоқлаш ва истеъмолчига ўз вақтида етказиб бериш назарда тутилмоқда2»
Бозорларда савдо қилиш шароитлари доимий ўзгариб бориши ва мева-сабзавот, чорвачилик маҳсулотларини истеъмолчиларга етказиш тизими талаблар даражасида эмаслигидан, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи бирдай зарар кўрмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори фаолиятини ривожлантириш бозорлар билан қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш катта аҳамият касб этади.
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 26 октябрдаги 452-сонли «Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш ва сотиш бўйича улгуржи бозорлар тизимини шакллантириш ва ривожлантириш тўғрисида»ги Қарори асосида очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари мақомидаги улгуржи бозорлар ташкил этилаётган бўлса-да, ҳамон ёз ва куз ойларида фермер катта йўл ёқаларида ойлаб вақтини сарфлаб, етиштирган маҳсулотларини сотиши давом этмоқда. Ҳали-ҳануз сақлаш тармоқлари, совитиш тизимига эга омборхоналар, хизмат кўрсатиш инфратузилмаларига эга, халқимизга хос бозор маданиятини мужассамлаштирган улгуржи бозорларни ривожлантириш мақсадида тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш соҳаларида бозорга хос бўлган муносабатлар ривожланишда давом этмоқда.
Маҳсулот етиштирувчи фермерда тадбиркорлик хусусиятлари ривожланиб, маҳсулот сотишда замонавий тамойилларга кўпроқ мурожаат қилинмоқда.
2005 йилда республикада жами етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг
60,2 фоизи деҳқон хўжаликлари, 15,3 фоиз ширкат хўжаликлари ва 24,5 фоизи фермер
2 Каримов И. А. «Қишлоқ хўжалиги тараққиёти – тўкин ҳаёт манбаи». –Т.: «Ўзбекистон», 1997. 29 б.
хўжаликлари зиммасига тўғри келиб, маҳсулот етиштирувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Лекин қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш соҳасининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, қишлоқ хўжалигида моддий-техника ресурслари етказиб берувчи саноат корхоналарининг монопол вазияти, хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожи талабга жавоб бермаслиги, маҳсулотни ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига бўлган жараёндаги ҳаракатини таъминловчи тармоқлар ривожи сустлиги каби муаммолар мавжуд.
Маҳсулот бозордан сотиб олинганидан кейин фермернинг ишлаб чиқаришга сарфлаган меҳнати ижтимоий зарурий меҳнатга айланади. Иккинчи томондан, маҳсулот харидор томонидан сотиб олингандан кейингина, фермернинг ишлаб чиқаришга жалб этган жонли ва буюмлашган меҳнати сарфини қоплаш имкони туғилади. Демак, кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш жараёни учун моддий асос пайдо бўлади ва маҳсулот олди-сотди жараёни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш жараёнини боғловчи муҳим бўғин ҳисобланади. Маҳсулотнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги бозор шароитида, истеъмолга етказиш тизимининг самарадорлиги орқали белгиланади. Чунки «маҳсулот ишлаб чиқариш-тақсимот-айирбошлаш ва истеъмол қилиш» тизимида «айирбошлаш ва истеъмол қилиш» жараёни якунловчи босқич ҳисобланади. Маҳсулотни тайёрлаш, сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва истеъмолчига етказиш жараёнида янги маҳсулот яратилмаса-да, янги истеъмол қиймати шаклланади, маҳсулот янгича кўриниш олади, бозоргирлиги ортади.
Республикамизда, маҳсулотларни истеъмолчига етказиш, асосан, чакана савдо ва улгуржи бозорлар орқали амалга оширилади.
Чакана савдо бозорлари маҳсулотни истеъмолчиларга нақд пулга сотиши, у ерда истеъмолчилар сонининг кўплиги, харидор сотиб оладиган товарлар миқдори эса камлиги ва харид қилиш мақсади билан ажралиб туради.
Улгуржи бозорлар эса, товарлар ва хизматларни нақд пулга ҳамда пул ўтказиш йўли билан катта миқдорда ва майда улгуржи сотиш орқали харидорларга етказувчи бозорлар бўлиб, савдо ҳажми йириклиги, асосий харидорлар сони камлиги билан фарқ қилади.
Улгуржи бозорлар таркибида «Савдо харид қилиш корхонаси» (СХК) ташкил этилган. Мазкур бўлим томонидан маҳсулот ярмаркалари ташкил қилинади, асосий фаолияти эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ҳисобланади.
Бозорларни ихтисослашувига кўра, деҳқон бозорларига, буюм бозорларига, озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларига, универсал бозорлар ва ихтисослашган бозорларга бўлиш мумкин. Деҳқон бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар сотилса, буюм бозорларида ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси амалга оширилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларида эса, махсус жуиҳозланган турғун савдо нуқталари орқали тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси амалга оширилса, ихтисослашган бозорлар жумласига чорва моллар, қурилиш моллари бозорлари кабиларни
киритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |