Қуйи зарафшон воҳасида саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши жараёнлари


II.3. Саноат ишлаб чиқариши тармоқларининг кадрлар билан таъминланиши: ютуқлар, муаммолар



Download 1,12 Mb.
bet13/29
Sana22.02.2022
Hajmi1,12 Mb.
#101275
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   29
Bog'liq
диссертация Холикулова Ш.Б.

II.3. Саноат ишлаб чиқариши тармоқларининг кадрлар билан таъминланиши: ютуқлар, муаммолар.
Таълим тизимига эътиборнинг кучайтирилиши ижтимоий-иқтисодий тараққиёт босқичига кўтарилган мамлакатларнинг ривожланишида етакчи ўрин тутган. Маълумки, собиқ иттифоқ даврида ҳам таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб боришга ҳаракат қилинган. Бироқ ўз тажрибаларига таянган ҳолда олиб борилган таълим-тарбия ишлари билан ҳар доим ҳам кутилган натижаларга эришиб бўлмади. Шунга қарамасдан, таълим тизимини такомиллаштириш ва кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун бир қанча ишлар амалга оширилди.
Қуйи Зарафшон воҳасида ҳам саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш, кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида 1963 йилда Навоий шаҳрида очилган Тошкент политехника институтининг кечки ўқув маслаҳат пункти 1966 йилда умумтехника факультетига айлантирилиб, Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги олий таълим муассаларидан ёш олимлар ишга жалб этилди. Факультетда дастлаб “Ижтимоий фанлар”, “Рус ва чет тиллари”, “Физика-математика”, “Умумтехника”, 1971 йилда “Умумий органик кимё” кафедралари ташкил этилди. 1972 йилда факультетда “Машинасозлик технологияси” кафедраси очилиб, кадрлар салоҳиятига, факультетнинг моддий техник базасини ривожлантиришга, янги техника воситалари билан таъминлаш ва лабораториялар очишга эътибор кучайди. Шаҳарнинг етакчи корхона ва ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 1981 йилда Навоий вилояти ташкил этилгач, факультет Тошкент политехника институтининг Навоий филиалига айлантирилди. Унинг таркибида 3 та факультет ташкил этилди223.
Қуйи Зарафшон воҳасида саноат ишлаб чиқаришининг ривожланиши жараёнида мутахассислар билан бир қаторда малакали ишчиларга бўлган талаб ҳам мунтазам ошиб борди. Кадрлар танқислигига барҳам бериш учун 1984 йили НКМК қошида № 20 СПТУ ташкил этилиб, кейинчалик у № 6 профессионал –техника билим юртига айлантирилди224.
Таъкидлаш жоизки, собиқ иттифоқ даврида ҳам саноат корхоналари учун кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилган. Бироқ бу корхоналарга ишчиларни, айниқса мутахассис кадрларни жойлаштириш сиёсати марказлаштирилган бўлиб, уларнинг турли тўсиқлардан ўтишига тўғри келган. Мазкур корхоналарга ишга жойлашиш истагида келган кўплаб маҳаллий кадрларга арзимаган важлар рўкач қилиниб, ортига қайтариб юборишган. Қишлоқдан келганларни шаҳарга ишга олишмаган, аммо республикамизнинг ташқарисидан келганлар эса ишга қабул қилинган225. Шу каби тўсиқлар туфайли маҳаллий аҳоли деярли иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлган НКМК, НМЗ ва Навоий кимё заводи каби йирик корхоналарга лавозимли жойларга ишга қабул қилинмади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов бу борада шундай деган эди: “нима учун маҳаллий миллатга мансуб кишилар ўртасида муҳандис-техник ходимлар йўқ? Мен бу савол ҳаққоний савол, деб ҳисоблайман. Бу муаммо устида ҳаммамиз бош қотиришимиз керак. Мен бошқа мисоллар келтириб ўтирмайман, лекин шунинг ўзи ҳам барчамизни хушёр торттириши зарур”226. Собиқ иттифоқ даврида халқ хўжалигининг барча тармоқларида Марказ кўрсатмалари асосида фаолият олиб бориш принципи қатъий жорий қилинган эди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги дастлабки йилларда кадрлар танқислиги янада кучайди. Бу даврда Қуйи Зарафшон воҳасида жойлашган саноат корхоналарида ишлаган русийзабон аҳолининг кўпчилиги кўчиб кета бошлади. “Кейинги уч йил ичида республика ташқарисига кўчиб кетувчилар сони кескин ошиб бориши бирлашма фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатди. Ўтган йилнинг олти ойи мобайнида бирлашмадан 476 нафар киши ишдан кетган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 228 нафар ишчи-хизматчи кетди. Сирасини олганда кетувчилар сони кескин камайиб, қайта келувчилар сони кўпаймоқда. Шу йилнинг олти ойида бошқа жойлардан омад излаб кетганлардан 25 киши яна жонажон цехларига қайтдилар. Агарда бирлашмада кадрлар масаласини сон жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак муаммо йўқ. Чунки ўрнини тўлдирувчилар бор. Сифат жиҳатдан қарайдиган бўлсак, бу ердаги мураккаб технологик жараён ниҳоятда малакали мутахасисларни талаб қилади. Улар эса ҳозир тан олиш керак анча сийраклашиб қолган”227.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида саноатнинг турли йўналишлари учун ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида вилоятларнинг шаҳар ва туманларида касб-ҳунар коллежлари ташкил этила бошланди. Бу вақтда Навоий вилоятида жами 47 та касб-ҳунар коллежи бўлиб, шундан 24 таси саноат тармоқларига кадрлар етиштириб беришга мўлжалланган. Бухоро вилоятида 80 та коллежлардан 24 таси саноатга кадрлар тайёрлайди228. Бухоро ва Навоий вилоятларида кончилик, нефт-газ ва кимё технологиялари саноати этакчи тормоқ сифатида аҳамият касб этганлигини инобатга олиб шу турдаги коллежлар очилди.
НКМКда ҳам дастлабки йилларда кадрлар масаласида мураккаб вазият вужудга келди. Гап шундаки, комбинатнинг барча бўлимларида, айниқса руда қазиб олиш ва қайта ишлаб уни жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотга айлантиришнинг мураккаб технологиялари билан боғлиқ ўрта ва юқори бўғинларнинг раҳбарлик, техник ва технолог лавозимларида Россия, Украина, Белоруссиядан келганлар фаолият олиб борган. Бу кадрлар комбинатда ўнлаб йиллар давомида, айримлари комбинат ташкил этилган вақтдан ишлаб келган, аммо тажрибали маҳаллий кадрлар ниҳоятда кам эди. Корхонадан русийзабон мутахассисларнинг ишдан бўшаб, Республикадан кўчиб кетишининг биринчи тўлқини мустақиллик эълон қилинган даврда юз берган эди. Муайян даражада уларнинг оммавий равишда кетиб қолишини тўхтатишга эришдик. Шунга қарамай юқори малакали кадрларнинг кетиб қолиши корхона учун сезиларли бўлиб, қайсидир паллада фавқулотта ҳолат вужудга келаётган эди.229 Ўша йилларда НКМК комбинатида ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайди. Қизилқумда ишлаётган ишчилар умидсизликка тушиб, эртанги кунга ишончи қолмади, учқудуқликлар тезроқ кўчиб кетиш ҳаракатига тушиб қолишди. Аҳвол шундай давом этадиган бўлса комбинат тўхтаб қолиши муқаррар эди (Н.И.Кучерский)230. Кўп ўтмасдан руссийзабон мутахассислар доимий яшаш учун республикадан кетиб қолишининг янги тўлқини бошланди. Уларнинг оммавий кетиб қолишининг сабаби олтин ва уран саноати таназзулга учрайди деган хавотир бор эди231. Республика ҳукумати томонидан соҳага тааллуқли олий ўқув юртлари ва комбинат раҳбарлари зиммасига маҳаллий кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
ЎзССР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1990 йил 14 февралдаги 9-сонли қарори ва 1990 й. 8 майдаги 249-сонли буйруғига асосан, Тошкент политехника институти (1992 йилдан Тошкент давлат техника университети- ТДТУ)нинг Навоий филиали Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти таркибига киритилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1992 й. 29 май 229-сонли буйруғига асосан Навоий филиали ТДТУнинг таркибига киритилди. Шу йили Зарафшон умутехника факультети қайта ташкил этилиб, Навоий филиали таркибига қўшиб берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 й. 3 июндаги қарори билан ТошДТУнинг Навоий филиали техника коллежига айлантирилди.232 Аммо саноат ишлаб чиқариши тобора ривожланиб бораётган Қуйи Зарафшон воҳасида техника олийгоҳига эҳтиёж катта эди.
Саноат ишлаб чиқариши, транспорт, кончилик иши ва қурилиш соҳасида ўрта махсус билимга эга бўлган кадрлар тайёрлаш учун Навоий саноат техникуми очилиб, унда кечки ва сиртқи бўлимлар очилди. 1995 йил ушбу техникум 375 нафар мутахассис тайёрланди. Олий маълумотли кадрларни тайёрлаш учун ТДТУ, Тошкент кимё-технология институти, Самарқанд давлат меъморчилик ва қурилиш институти, Тошкент алоқа электротехника институти, Тошкент молия институти, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ маълум миқдорда кадрлар тайёрланди. Шартнома асосида таълим олаётган талабаларнинг тўлови ўтказиб берилди, талабаларга стипендиялар тўланди. Бундан ташқари, комбинат яхши баҳоларга ўқиган талабаларга стипендиянинг 60% ҳисобида қўшимча пул тўлаган. Аммо, айрим талабалар ўқишни битиргандан сўнг ишлаб бериш шартини бажармаган.233 Шу каби муаммолар корхоналардаги ишлаб чиқариш суръатига маълум даражада салбий таъсир кўрсатди.
1995 йил 15 июнда Навоий вилояти ҳокимияти, “Қизилқумнодирметаллолтин” концерни раиси ва “Навиийазот” ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари биргаликда Қуйи Зарафшон воҳаси саноатини янада ривожлантириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашда етук мутахассис кадрлар тайёрлаш зарурлигини инобатга олиб, кончилик интитутини очиш таклифи билан Президент И.Каримовга мурожаат қилдилар. Ўз навбатида бу таклифни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Республика Геология ва минерал ресурслар қўмитаси қўллаб қувватлади.234
Конметаллургия соҳалари бўйича мутахассис кадрларга бўлган талабнинг ошиб бораётганлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон кон-металлургия мажмуининг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш саноатига малакали мутахассислар тайёрлаш учун Навоий шаҳрида “Қизилқумнодирметаллолтин” давлат концерни, “Навоийазот” ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги ҳамда Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Навоий техника коллежи негизида Навоий кончилик институти ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.235
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 10 декабрда қабул қилинган “Қизилқумнодирметаллолтин” давлат концерни ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатини юқори малакали мутахассислар ва ишчилар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори 1995-2000 йилларда бу йўналишдаги ҳаракатлар дастурини белгилаб берди236. Кон-металлургия соҳалари бўйича мутахассис кадрларга бўлган талабнинг тобора ошиб бораётганлиги ҳисобга олиниб, 1995 йили Навоий шаҳрида “Қизилқумнодирметаллолтин” давлат концерни қошида Навоий кончилик институти ташкил этилди. Институт таркибида кончилик, кимё-металлургия, энерго-механика, Зарафшон шаҳрида умумтехника ва Олмалиқ шаҳрида кон-металлургия факулътетлари очилди. 1996 йили Навоий кончилик институти ташаббуси ва НКМК ҳомийлигида лаёқатли ўсмирларни олий ўқув юртларига тайёрлаш учун институт қошида лицей-интернат очилди. Воҳада саноат ишлаб чиқариши, транспорт, кончилик иши ва қурилиш соҳасида ўрта махсус билимга эга бўлган кадрлар тайёрлаш учун Навоий саноат техникуми очилиб, концерн ишчиларини кечки ва тезлаштирилган сиртқи таълим тизими бўйича ўқитиш ишлари ташкил қилинди.
НКМК корхоналарида кадрларга бўлган талабнинг мунтазам ошиб бориши натижасида 1997 йил январида № 3 сонли махсус мактабда малакали ишчи кадрлар тайёрлашга киришилди. № 20 СПТУ ташкил этилган дастлабки йили уни 288 ўқувчи токарлик, автослесарлик, электр пайвандчиси, ошпазлик, кассир-назоратчилик касблари бўйича битириб чиқдилар. Бундан ташқари, Навоий шаҳрида 282 ўқувчига мўлжалланган, зарур ўқув қуроллари билан жиҳозланган ўқув комбинати фаолият кўрсатди237.
Институт ташкил этилганининг дастлабки йилларидан НКМК ишлаб чиқаришда фан, таълим ва халқаро интеграция масаласига эътиборини кучайтирди. Навоий давлат кончилик институти (НДКИ)да кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Европа Иттифоқининг “ТАСИС” дастури бўйича Европа давлатларидан бир қатор профессор –ўқитувчилар таклиф қилиниб, маълум дастур асосида талабалар билан машғулотлар ўтказишди, профессор-ўқитувчиларга тегишли сертификатлар берилди. Бундан ташқари, АҚШнинг тинчлик корпусидан кўнгилли равишда 2 йилга келган ўқитувчилар талабаларга ва институт ҳузуридаги лицей ўқувчиларига иқтисодиёт ва инглиз тили фанларидан дарс берди238.
Мустақиллик йилларида “Устоз” (“Истеъдод”) жамғармаси орқали 17 нафар профессор-ўқитувчи хорижий давлатлар АҚШ, Канада, Франция, Исроил, Жанубий Корея, Сингапур, Австрияда ҳамда 70 ортиқ ўқитувчилар Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари, ТДТУ, Ўзбекистон Миллий уневерситетларида малака ошириб қайтдилар239. Булардан ташқари, Хитой Халқ Республикасининг Чжучжоу ва Навоий шаҳри ўртасида биродарлик шартномаси (Навоий шаҳри) да икки шаҳар ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди240. 1996 йил март ойида Навоий шаҳар вакиллари Чжучжоу шаҳрида бўлишиб, белгиланган соҳаларда бошланган ҳамкорлик алоқаларини янги поғоналарга кўтариш ҳақида шартнома туздилар241.
Институтнинг лабораториялари учун зарур зарур бўлган асбоб ускуналар ва реактивлар НКМК, Навоийазот, Қизилқумцемент ҳиссадорлик жамиятлари томонидан таъминланди. Институтнинг “Кимё-технология” факультети олимлари ташаббуси билан Навоий вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, “Навоийазот” ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Қизилқумцемент ҳиссадорлик жамиятлари ҳамкорлигида шаҳарнинг 40-йиллигига бағишлаб, “Кимё ва кимёвий технологиянинг муаммолари ва истиқболлари” мавзусида хорижий олимлар иштирокида илмий-назарий конференция ўтказилди. Конференцияда Республикамизнинг ва хорижий мамлакатларнинг 100 дан зиёд таниқли олимлари қатнашди242. Ўзаро ҳамкорлик таклифлари асосида “Умид” жамғармаси орқали талаба ёшлар ривожланган мамлакатлардаги нуфузли университетларга ўқишга юборилди. 2002-2003 ўқув йилида институтда 2,5 мингга яқин талаба таълим олди243.
Кўрилган чора тадбирлар натижасида мустақиллик йилларида НКМК фаолиятида илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг таъсири ошиб борди. “O’ZGEOTEXTIL”, Ўзбекистон саноат технологиялари илмий текшириш ва лойиҳалаштириш институтидан ташқари, ЎзР ФА Ядро физикаси, ЎзР ФА Микробиология институти, “Технолог” НПО, ЎзР ФА Умумий ва неорганик химия институти, ТДТУ, Тошкент автомобиль йўллари институти, Навоий Давлат кончилик институти (НДКИ) ва бошқалар комбинат учун катта ҳажмда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари олиб бордилар244.
НКМКда юқори малакали мутахассис ва ишчи кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш, устоз-шогирт анъаналарини давом эттириш, жамоага қобилиятли ёшларни жалб қилиш орқали резерв кадрларни кўпайтиришга эътибор кучайтирилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 1991 йилга нисбатан 2000 йилга келиб комбинатда ишчилар сони 35,3 минг кишидан 71,6 минг кишига кўпайди245. Шунинг билан бир қаторда, кончилик саноатига тегишли қайта ишлаш корхоналарини лойиҳалаштириш, янги техника ва технологияларни ўзлаштиришга бўлган талаб етакчи олимлар ва илмий тадқиқот институтларини жалб қилиш заруриятини оширди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 13 апрелдаги № 173-сонли қарори асосида Навоий шаҳар ҳокимининг 2004 йил 16 мартдаги № 315/03 қарори билан институтнинг янги биноси қурилиши учун 19,0 гектар ер майдони ажратилди.246 2016 йилда 2000 талабага мўлжаланган ўқув биноси ишга тушди. Институт лабораторияларини замонавий асбоблар билан жиҳозлаш учун 6 миллион АҚШ доллари ажратилди. Бу маблағ ўқув, лаборатория ва илмий ускуналар, компюътер ва лингафон хоналари, видеоконференция жиҳозлари, спорт залларига сарфланди247.
НДКИнинг ташқи алоқалар соҳасидаги фаолияти институтнинг манфаатларига мос равишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруқ ва фармойишлари асосида олиб борилди. 2001 йилда НДКИ Европа Иттифоқи TEMPUS-TASIS халқаро фонди гранти совриндори бўлди, “Ўзбекистонда масофадан ўқитиш” номли лойиҳани бажаришда қатнашди. Лойиҳада режалаштирилган ишлар Европа Иттифоқининг етакчи уневерситетлари иштирокида амалга оширилди248.
2007-2013 йилларга мўлжалланган TEMPUS-IV дастурининг навбатдаги танлов босқичида НДКИ томонида 2 та ташаббус лойиҳаси ва 4 та партнерлик лойҳасини ҳамда 1 та Эрасмус-Мундус дастури бўйича лойиҳалар тайёрланди. Бу лойиҳалардан 2 таси - TERSID ва ARCADE лойиҳалари танловда ғолиб деб эълон қилинди. 2011 йилда НДКИ Эрасмус Мундус дастури танловида ARCADE (Academic Relationship for Central Asia with Destination Europe) – лойиҳаси билан қатнашди ва танлов ғолиби бўлди. Бу лойиҳанинг мақсади Ўрта Осиё олий таълим муассасалари ва Европа Иттифоқи университетлари ўртасида академик алмашувдан иборат эди. Лойиҳа доирасидаги танловда институтнинг бакалавр, магистр ва профессор-ўқитувчилари иштирок этишди. Лойиҳада 3 та Ўзбекистон университетлари жумладан, Бухоро давлат университети, Урганч давлат университети, ҳамда Европа Иттифоқининг 7 та университети қатнашди:
Турин Политехника Университети (Турин, Италия)
Нант Университети (Нант, Франция)
Кардифф Университети (Уэлс, Буюк Британия)
Фрие Университети (Берлин, Германия)
Қироллик Технология Университети (Стокгольм, Швеция)
Сантьяго де Компостелла Университети (Галисия, Испания)
Познан Адам Мицкевич Университети (Познан, Польша)249
Эрасмус Мундус дастурининг ARCADE (Academic Relationship for Central Asia with Destination Europe) лойиҳаси бўйича НДКИнинг 4 нафар талабаси ва 1 нафар ўқитувчиси муваффақиятли ўтиб, Европа университетларида таълим олиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда малака оширишга таклиф қилинди250.
НКМКда малакали кадрларни тайёрлаш, улардан комбинатни инновацион ривожлантириш ва ишлаб чиқариш жараёнида самарали фойдаланишга алоҳида эътибор берилди. 2012 йил якунига кўра комбинатда 5 та фан доктори, 37 та фан номзоди, шунингдек 780 та олий маълумотли мутахассислар фаолият кўрсатишди. Ишлаб чиқаришни оптималлаштириш натижада ишчилар сони қисқарди ва 63223 кишини ташкил этди. Бу ишлаб чиқаришни ўсишига самарали таъсир кўрсатди251. Ўз навбатида “Навоийазот” ОАЖда таълим тизимини такомиллаштириш ва кадрлар малакасини ошириш бўйича бир қатор ишлар қилинган. Жамият аввало кадрлар тайёрлашга эътиборини кучайтириб, уларни Республиканиннг етакчи олий ўқув юртлари МДҲ мамлакатларида ўқитишга ҳаракат қилмоқда. 2012 йили республика ОЎЮда 53 нафар, 3 нафар талаба Россия кимё-технология университетида таълим олган. Шу билан бирга шаҳардаги касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. 2012 йилда корхона ишчи-ходимларини маълумотини оширишга 140 миллион маблағ ажратилди252.
2018 йилга келиб, институтнинг ўн бешта кафедрасида икки юзга яқин профессор –ўқитувчилар, шу жумладан 14 нафар фан доктори, 46 нафар фан номзодлари фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан замонавий билимларни пухта эгаллаган малакали кончилар, металлурглар, механиклар ва энергитик каби мутахассислар тайёрланмоқда. Институтда ноёб дуал тизими ташкил этилган. У институтда 3-курс талабалари учун ўқув йили давомида икки марта ташкил этилади. Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, унга кўра талабалар ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. 2014-2015 ўқув йилидан бошлаб, баъзи фанлар бўйича маърузалар, лаборатория ва амалий машғулотлар инглиз тилида ўтилади253.
НКМК ишлаб чиқаришда фан, таълим ва халқаро интеграция масаласига жиддий эътибор бериб келмоқда. Комбинат Қуйи Зарафшон воҳасида кўплаб халқаро илмий анжуманлар ўтказишнинг асосий ташаббускорларидан бири бўлди. Жумладан, 2017 йил 26-27 октябрь кунлари Навоий шаҳрида бўлиб ўтган “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлари, муаммолари ва истиқболлари” (Integrated innovative development of Zarafshan region: achievements, challenges and prospects)254 мавзусидаги халқаро конференция ўтказилиб, унда дунёнинг 200 нафардан ортиқ олимлари, юқори малакали мутахассислар ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган 45 нафар олимлар ҳамда саноат ходимлари255 иштирок этдилар. Улар Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантиришнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар
Юқорида таъкидланганидек, советлар ҳукмронлиги даврида Қуйи Зарафшон воҳасида саноат соҳасида кадрлар танқислигига барҳам бериш мақсадида 1977 йили Тошкент Политехника институтининг Бухоро филиали базасида Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти ташкил этилди256. 1988 йилгача институтда фақат машинасозлик ва қурилиш мутахассисликлари буйича касб-ҳунар ўқув юртлари учун муҳандис-педагоглар, 1989 йилдан бошлаб «Озиқ-овқат ва умумий овқатланиш технологияси», «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш», «Озиқ-овқат ва енгил саноат корхоналари жиҳозларини ишлатиш ва таъмирлаш» «Енгил саноат технологияси», «Автомобил транспортини ишлатиш ва таъмирлаш» каби йўналишлар бўйича муҳандис-педагоглар тайёрлана бошланди257. Маълумотларда келтирилишича, мазкур институтда асосан хомашёни қайта ишлаш, таъмирлаш ва таълим беришга йўналтирилган кадрлар тайёрланган. Бироқ, бу даврда институтда ишлаб чиқаришни компюьтер технологиялари асосида бошқариш, ахборот технологияларини жорий этиш каби лойиҳалар қўлланилмаган.
1991 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технология институти таркибида 4 та кундузги таълим факультети, битта кечки таълим йўналиши, сиртқи ва қайта тайёрлов бўлимлари, 29 та кафедра, илмий-тадқиқот бўлими ва иккита илмий лобаратория мавжуд бўлиб, уларда 466 та профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатишган, шулардан 8 таси фан доктори, 165 таси фан номзодлари бўлишган. Илмий салоҳият 31% ни ташкил этган258.
1992 йил 15 мартидан Олий таълим тизими юқори малакали мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлашни яхшилаш, шунингдек республиканинг барча минтақаларини кадрлар билан таъминлаш мақсадида ТДТУнинг Бухоро бўлими259 ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йили қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонуни асосида олий таълимда икки босқичли кадрлар тайёрлаш тизимига ўтилиши муносабати билан институтда 1999-2000 ўқув йилида 12 та мутахассислик бўйича магистрлар қабул қилинди260.
2003 йилда институт профессор –ўқитувчилари қишлоқ хўжалиги молларини қайта ишлашда замонавий технологиялар асосида янги техник жиҳозлар яратишди. Энергия тежаш имконияти юқори бўлган бу технологияда қуритилган маҳсулотларнинг таркибидаги витаминлар ва ташқи кўришиши асл ҳолича сақланиши таъминланди. Бу маҳсулотларнинг кукуни кондетир маҳсулотларида, консерва саноатида, овқатлар ва турли яхна ичимликлар тайёрлашда табиий қўшимча сифатида ишлатилади261.
ЎзР Президентининг 2013 й. 15 апрелдаги “Бухоро муҳандислик-технология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-1954-сон қарори асосида Бухоро юқори технологиялар муҳандислик техника институти базасида Бухоро муҳандислик-технология институти ташкил этилди262.

Download 1,12 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   29




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish