Экологик вазият мураккаб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган ҳудудларни қўллаб-қувватлаш. Давлат томонидан олиб борилаётган ҳудудий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ривожланганлик даражаси паст ҳудудларни қўллаб-қувватлаш, қўшимча молиявий ресурслар ажратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, иқлим ва экологик шароити мураккаб ҳудудларни (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) қўллаб-қувватлаш, улар аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинган бўлиб, у қуйидаги йўналишларни ўз ичига қамраб олган:
ҳудуд иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш;
сув таъминоти тармоқларини янгидан қуриш ва модернизация қилиш;
соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;
арзон уй-жойлар қуриш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштириш ва зарур коммуникациялар билан таъминлаш;
қурилиш ишларини комплекс олиб бориш, болалар ва спорт майдончалари қуришни назарда тутиш;
аҳоли пунктларини зарур инфратузилма билан таъминлаш ва уларнинг сифатини ошириш ва бошқалар7.
Ушбу ҳудудларни ривожлантириш, Давлат дастурида белгиланган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида ҳар йили тасдиқланадиган давлат бюджети параметрларида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2019 йилда ушбу мақсадлар учун жами 320,0 млрд сўм маблағ йўналтирилиши ҳамда 279 та объектни қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган8.
Умуман олганда, яқин келажакда ҳам қолоқ ҳудудларни қўллаб- қувватлаш давлат ҳудудий сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолади.
Ҳудудий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш9. Мамлакатимизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий эттириш, уларнинг алоҳида тармоқ ва соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган дастурлардан кенг фойдаланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республика Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар 2 та, яъни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва уларнинг алоҳида тармоқ ёки соҳаларини ривожлантириш йўналишларида қабул қилинган. Ислоҳот йилларининг дастлабки босқичида (1991-2015 йиллар), асосан, ҳудудларнинг алоҳида тармоқ ва соҳаларини ривожлантиришга қаратилган дастурлар қабул қилинган (жами ҳудудий дастурларнинг 70 фоизи). Ушбу даврда ҳудудларнинг саноат салоҳиятидан оптимал фойдаланиш ва уни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратилган. Масалан, 2008-2012 йилларда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, 2009-2012 йилларда Наманган вилоятида саноат, кичик бизнес, тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, Наманган ва Фарғона вилоятларида автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, Навоий ва Жиззах вилоятининг минерал хомашё салоҳиятидан самарали фойдаланиш, 2013-2015 йилларда Хоразм вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, Қашқадарё вилоятида тўқимачилик маҳсулотларини ва Тошкент вилоятида тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, 2015-2017 йилларда Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларининг саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Ҳукуматининг қатор қарорлари қабул қилинди.
Ушбу босқичда ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш мақсадида Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида ушбу соҳага кенг имкониятлар яратиш мақсадида бирқанча чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мазкур даврда мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар, чора-тадбирлар ҳам қабул қилинди. Жумладан, 1998-2000 йилларда Наманган вилояти, 1999-2001 йилларда Хоразм вилояти, 2008-2012 йилларда Сурхондарё вилояти, 2009-2010 йилларда Навоий вилояти, 2011-2012 йилларда Пискент ва Охангарон туманлари, 2015-2018 йилларда Оролбўйи минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди.
Ушбу дастурларнинг энг катта камчилиги, уларни ишлаб чиқишда тизимли ёндашилмаган. Минтақаларнинг ўзига хос ресурс салоҳияти, маҳаллий ўсиш имкониятлари ва ихтисослашуви, ҳудудлараро иқтисодий алоқалар ва кооперация масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмади.
2016 йилдан бошлаб ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш орқали уларни ривожлантириш янги босқичга чиқди, яъни дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни қабул қилиш жадаллашди. Ҳудудий ривожланиш дастурларининг давомийлиги ўрта муддатларга (3-5 йил) мўлжалланган. Ш.М.Мирзиёев мамлакатимиз Президенти этиб сайлангандан кейин, сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда аҳоли билан учрашувларда кўтарилган муаммоларни самарали ва тез ҳал қилиш мақсадида ислоҳотлар янги даврнинг дастлабки йилларида Қорақалпоғистон Республикаси, ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳри бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Дастурлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирларни ўз ичига олган бўлиб, 2017-2021 йилларни қамраб олган.
Бундан ташқари, 2016-2019 йилларда Қорқалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда алоҳида туманлар ва шаҳарлар бўйича уларни комплекс ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ёки уларнинг алоҳида тармоқларини ривожлантиришга қаратилган 110 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг қарорлари қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |