«Гораций» трагедияси. Корнель «Гораций» (1639) трагедияси сюжети учун (Материални Рим тарихчиси Тит Ливийнинг биринчи китобида баён этилган қадимги грек давлатининг ташкил топиши ҳақидаги афсонадан олади.
Бир-бирига қўшни ва қон-қардошлик алоқалари билан боғланган икки шаҳар – Рим ҳамда Альба-Лонга ўртасида, улардан қайси бири етакчилик ролини ўйнаши лозимлиги масаласида келишмовчилик келиб чиқади ва уни икки шаҳар вакиллари ўртасидаги олишув ҳал қилсин, деган қарорга келинади. Бу кураш римликлардан чол Публий Горацийнинг уч эгизак ўғли Горацийлар, Альба-Лонга томонидан учта эгизак Куриацийлар зиммасига тушади. Горацийлардан бири Куриацийларнинг синглиси Сабинага уйланган, Публий Горацийнинг қизи Камилла Куриацийлардан бирига унаштирилган. Сабина юз бераётган мушкул воқеалардан ташвишланади. Ҳар икки томоннинг енгилиши ҳам Сабина учун жуда оғир, чунки бир шаҳарда туғишганлари бор, иккинчи шаҳарда эса севган эри билан яшайди. Камилла ҳам Рим ғалаба қилса, севгани, Альба енгса, акалари ҳалок бўлишини ўйлаб, қаттиқ қайғуради. Ҳар иккала аёлда ҳам муҳаббат, садоқат кучли, лекин улар ватанпарварлик бурчларини севгига қурбон қилмайдилар.
Ниҳоят, Горацийлар билан Куриацийлар ўртасида жанг бошланади. Бу уруш саҳнада эмас, саҳна орқасида бўлиб, унинг бориши томошабинга маълум қилиб турилади. Учала Куриаций яраланган, икки Гораций ўлган, кичик Гораций душман олдига тушиб қочиб бораётгани ҳақида хабар келади. Чол Гораций ўлган ўғиллари учун қайғурмайди, балки душмандан қўрқиб қочаётган ўғлини ўйлайди ва уни нафратлайди. Унинг қочиб қутулганидан кўра қаҳрамонона ҳалок бўлишини маъқул кўради. Бироқ, Горацийнинг қочиши қўрқув аломати эмас, балки ҳарбий найранг эканн маълум бўлади. У дастлаб сон жиҳатидан устун душмандан қочади ва орқасидан қувиб бораётган Куриацийлар билан бирма-бир жанг қилиб, уларнинг учаласини ҳам енгиб, Римга ғалаба келтиради. Гораций катта тантана билан жанг майдонидан қайтган вақтида синглиси Камиллага дуч келади. У севгани Куриацийнинг ҳалок бўлганини билиб, дод-фарёд кўтаради. Гораций бу ҳолдан қаттиқ ғазабланади. Ахир, у мамлакатга ғалаба келтирса-ю, синглиси душман учун қайғурса! У акаларини ва ватанини унутган Камиллани лаънатлайди. «Ноўрин муҳаббатинг билан севганинг олдига жўна», деб уни қиличи билан чопиб ўлдиради. Шу тариқа Гораций қаҳрамон йигитдан жиноятчи қотилга айланади. Бироқ қирол Горацийнинг қаҳрамонлигини ҳисобга олиб, унинг гуноҳини кечади.
«Гораций» трагедиясида Корнель давлат ва жамият иши учун кураш темасини биринчи ўринга қўяди. Ёзувчи чол Гораций образида давлат тузумини ёқлаш учун ҳар қандай шахсий қурбондан қайтмайдиган олижаноб кишини тасвирлайди ва бу билан у мамлакатнинг тарқоқлиги учун курашаётган исёнкор феодал зодагонларни қоралайди. Агар «Сид»да давлат иши ҳам қирол, ҳам халқнинг аралашуви билан олиб борилса, «Гораций» да ҳамма нарса мутлақ ҳокимнинг ҳукмига бўйсундирилади. Асар мазмунининг мавҳумлиги, ҳар икки шаҳар ўртасида жиддий конфликт йўқлиги, кучли томоннинг заиф томонни ўзига итоат эттиришга уриниши каби ҳоллар асарнинг гуманистик мазмуни ва ватанпарварлик руҳига путур етказмай қолмайди. Лекин асардаги монарх шаънига тегадиган воқеа ва реалистик моментлар муҳолифларнинг яна Корнелни танқид қилиб чиқишларига сабаб бўлади.
Ёзувчининг бундан кейинги асарларида классицизм принциплари яна кучаяди, у шахсан абсолют ҳокимиятга кўр-кўрона итоат эттириш билан қарама-қаршиликлардан қутулиш йўлини излайди. Энди самимий инсоний ҳис-туйғулар тасвири ўрнини совуқ қуруқ муҳокамалар эгаллайди. Қаҳрамонлар жонли индивидлар эмас, балки мавҳум ғояларни ташувчи шахслардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |