УЧИНЧИ БЎЛИМ
XВИИ АСР ҒАРБИЙ ЕВРОПА АДАБИЕТИ
XВИИ б о б. КЛАССИЦИЗМ АДАБИЕТИ
Сиёсий вазият ва адабий оқимлар. Сиёсий вазият ва асрнинг ўрталарида Ғарбий Европа мамлакатларида феодал жамияти хийла заифлашган, Нидерландия (1516-1609) ва Англиядаги (1640) революциялар ўрта аср идора усули ва диний-черков ҳукмронлигига қақшатқич зарба берган, бинобарин, феодал тузумининг бутунлай емирилиш даври анча яқинлашиб қолган эди.
XВ-XВИ асрлардаги йирик ихтиролар, географик кашфиётлар, янги савдо бозорларининг очилиши инсон фаолияти учун кенг имконият яратди. Феодал системаси ишлаб чиқариш кучларининг бундан сўнгги ривожланишига тўсқинлик қилади. Ўша жамиятда «буржуазиянинг эркин ривожланиши мумкин бўлмай қолди, феодал системанинг емирилиши муқаррар эди».
Феодализмга қарши курашда буржуазия иштирок этса ҳам, лекин ҳаёт-мамот урушини олиб борган синф деҳқонлар синфи бўлди. «Бироқ буржуазия равнақ топган сари,- деб кўрсатди Ф.Энгельс,- фан ҳам қадам-бақадам катта суръат билан ўсиб бораверди. Астрономия, механика, физика, анатомия ва физиология билан яна шуғуллана бошладилар. Буржуазияга, ўз саноатини ривожлантириш учун физик жисмларнинг хоссаларини ва табиат кучларининг қандай формаларда юз беришини текширадиган фан керак эди. Бунгача фан диннинг ювош хизматкори эди... Энди фан черковга қарши қўзғолон кўтарди; буржуазия фанга муҳтож эди, шунинг учун бу қўзғолонга қатнашди».
Капиталистик ишлаб чиқариш усулининг бунёдга келиши эски ишлаб чиқариш муносабатларини емиради, ҳунармандчиликни йўқ қилади. XВИИ асрдаги ижтимоий ўзгаришлар жамиятдаги зиддиятларни ҳам кучайтиради. «Меҳнат майдони уруш майдонига айланади. География соҳасидаги улуғ кашфиётлар ва бунинг кетидан бошланган колонизация бозорлар доирасини ғоят кенгайтирди ва ҳунармандликнинг мануфактурага айланишини тезлатди. Бундан кейин рўй берган кураш фақат ҳар ернинг ўзидаги айрим ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кураш эмас эди; бу маҳаллий курашлар ҳам кучайиб миллий кураш даражасига, XВИИ ва XВИИИ асрлардаги савдо урушлари даражасига етди»,- деб кўрсатган эди Ф.Энгельс.
Англиядаги революция ўсиб бораётган буржуазия ва собиқ дворянларнинг 1688 йилдаги компромисси (келишувчилиги) билан тугади. «Қизил» ва «оқ» гуллар уруши натижасида бир-бирларини қириб юборган феодал-баронлар ўрнига вужудга келган янги дворянлик феодалларга қараганда буржуазияга яқин турар, мам-лакатнинг савдо-саноат ишларига аралашиб, ундан кўпроқ фойда орттиришга интилар эди. Бу воқеалар XВИИ аср инглиз тарихий тараққиётининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан эди.
Аристократия билан тил бириктирган буржуазия кенг халқ оммасини эзиш йўлига ўтади. У дин ниқоби остида феодалларни енгиб, шу дин байроғи остида меҳнаткашларни ҳам ўзига қарам ҳолда тутади. «Қисқаси, шу вақтдан бошлаб инглиз буржуазияси «қуйи сословиеларни», яъни барча неъматларни ишлаб чиқарадиган жуда кўп халқ оммасини эзишда иштирок қила бошлади ва бу ишда унинг ишлатган воситаларидан бири дин орқали таъсир этишдан иборат бўлди».
XВИИ аср Европа мамлакатларида ҳукмронлик қилган абсолют ҳокимият феодал ўзбошимчаликларини бостиришда дворянлардан файдаланади ва буржуа табақаларини ўзига қарам ҳолда сақлашга интилади. Буржуазиянинг тез ўсиб бориши у билан дворянлик ўртасидаги зиддиятни кескинлаштириб юборади, натижада революцион воқеалар келиб чиқади.
Уйғониш даври адабий традицияларини давом эттирган XВИИ аср илғор ёзувчилари ижодида ўлиб бораётган дворян-аристократия синфи ва унинг урф-одатлари қаттиқ масхара қилинади. Мольер комедияларида тасвирланган маънавий ожиз, шуҳратпараст кишилар образи XВИИ аср дворян синфи нуқсонининг типик ифодасидек намоён бўлади. Бадиий адабиётда аристократия билан муроса қилишга тайёр турган буржуа синфи вакилларининг эгоистик интилишлари ҳам аёвсиз танқидга учрайди.
XВИИ аср Ғарбий Европа адабиёти реализм, классицизм ва барокко номи билан аталувчи уч асосий адабий йўналишни ўз ичига олади. Реализм Уйғониш даври гуманист ёзувчиларининг традицияларини давом эттиради. Бу адабий йўналишнинг вакилларидан бири бўлган Лопе де Вега ўз комедияларида барокко ёзувчиларининг пессимистик кайфиятларига хушчақчақ ҳаётни қарши қўяди; Шарль Сорель ҳам «Франсионнинг ҳаққоний ва кулгили ҳаёт тасвири» романида дунёвий қувончларни куйлайди.
Барокко ўрта аср маданияти тушкунлиги натижасида келиб чиққан, абсолютизм кучайиб бораётган даврда феодал-католик реакцияси таъсирини акс эттирган адабий йўналиш ҳисобланади. Унинг ёрқин ифодачиси драматург Кальдерондир.
Уйғониш даври мутафаккирларининг динга шубҳа билан қарашлари ўрнини энди диний мутаассиблик олади. Худо даҳшатли ва шафқатсиз куч, унинг қудрати олдида инсон заиф ва аянчли маҳлуқ деб қаралади. Барокко ёзувчиларининг тилида оддий иборалар йўқолиб, ундаги тасвир нозик ва «бежирим» тусга киради. Улар ижодида вазмин табиатли қаҳрамонлар гавдаланади, узоқ экзотик мамлакатларга қизиқиш кучаяди. Адабиётдаги бундай аристократик услуб Италияда маринизм, Испанияда гангоризм, Францияда прециоз деб аталадиган оқимларда очиқ кўринади. Бинобарин, барокко хаста ҳис-туйғуларни ифодаловчи чириб бораётган дворян-аристократия синфининг адабий услубидир.
Классицизм XВИИ асрнинг биринчи ярмида Францияда келиб чиққан адабий оқимдир. Бу вақтда француз қироли бебош феодалларнинг қаршилигини бартараф этиб, марказлашган ҳокимият ўрнатиш учун кураш олиб бормоқда эди. Людовик XИВ (1643-1715) замонасида абсолютизм мустаҳкамланади. Анархияга чек қўйиш, жузъий нарсаларни умумийликка бўйсундириш абсолютизм ҳимоячилари илгари сурган муҳим масалалардандир. Сиёсатдаги сингари адабиётда ҳам қаттиқ қўллик билан иш тутилади. Барча ижодий жараёнлар маълум қоидага итоат эттирилади. Кардинал Ришелье янги ташкил қилинган академия орқали адабиётни ўз назорати остига олади. Қонундан четга чиқиш санъатда ҳам бошбошдоқликка олиб боради, деган қатъий фикрга келади. Классицизм қоидаларига риоя қилмаган Корнель ва унинг «Сид» трагедиясн жиддий танқидга учрайди.
Классицизм ёзувчилари абсолют ҳокимият мамлакат миллий бирлиги манфаатларига мос келади, деб уни мустаҳкамлаш ғоясини қўллайдилар. Улар қироллик сиёсати билан ҳисоблашишга мажбур бўлганликларидан, қисман, саройга боғлиқ ҳам эдилар. Лекин, булардан қатъи назар, улар ижодида давлат манфаатларини кўзлаш ҳамма вақт биринчи ўринда туради. Шунинг учун классицизм назариячилари ва ёзувчилари мамлакат халқи руҳини акс эттирувчи адабиёт яратишга интиладилар. Бу бадиий ижоднинг шаклланишида даврнинг илғор рационалистик фалсафаси, хусусан, Декартнинг ҳақиқатни англаш учун ягона мезон ақл-идрокдир, дегаи қарашлари катта таъсир кўрсатади. Шунга биноан, улар идрокнн санъатга ҳам тўғри йўл белгилаб берувчи бирдан-бир мезон деб ҳисоблаб, уни ҳис-туйғуга қарши қўядилар.
Классицизмнинг асосий принципларидан яна бири табиатга тақлид қилиш, реал турмушни гавдалантириш талабидир. Демак, реализм классицистлар эстетикасига ёт эмас, бироқ у чегаралангандир. Унинг йирик назариётчиси Буало «Поэзия санъати» деган асарида «ярамас» табиатга, воқеликнинг «қўпол» томонларига эмас, балки фақат «гўзал» табиатга тақлид қилишга чақиради. Классицистлар инсон ҳаётидаги муҳим воқеаларни очиш каби вазифани илгари суришлари билан бирга, умумийликни хусусий ҳолат билан ажратиб қўядилар, инсоннинг руҳий ҳолати моддий турмушга бўлган интилишлари билан боғлиқ эканлигини билмайдилар. Булар эса персонажларни бир ёқлама тасвирлашга олиб боради.
Классицизм назарияси бўйича, бутун адабий жанрлар «юксак» (трагедия, эпос, қасида) ва «тубан» (комедия, сатира, эпиграмма) турларга бўлинади. «Юксак» жанрларда давлат ишлари қирол ва ҳукмрон табақа вакилларининг ҳаракатлари тантанали услубда тасвирланиши керак. «Тубан» жанрларда эса, учинчи тоифа вакилларининг кундалик турмуши кулгили манзараларда акс эттирилиши лозим. Жанрларнинг бу тариқа сунъий тасниф этилиши классицизм адабиётининг сословиели дворян характеридан келиб чиққан. Классицист ёзувчилар асар тилининг аниқ, образларнинг рационал, композициясининг пишиқ, услубнинг қўпол иборалардан холи бўлишига катта эътибор берадилар. Бироқ гўзалликни идрок қилишда ягона мезон истеъдоддир, деб унга ортиқча баҳо берадилар. Қаҳрамонларни олдиндан белгилаб қўйилган схема ва логик қонунларга кўра «яхши» ва «ёмон»га ажратиб, натижада характерларнинг ҳаётийлигини чегаралаб қўядилар.
Классицизм адабиётида драма жанри муҳим ўрин эгаллайди. Ундаги асосий принцип уч бирлик қонунига риоя этишдир. Улардан бири вақт бирлигидир. Пьесадаги бутун ҳаракат бир кун мобайнида бўлиб ўтиши керак. Иккинчиси – ўрин бирлигида барча ҳодиса бир жой, бир бино ичида юз бериши лозим. Учинчиси – ҳаракат бирлигида ягона сюжет йўли, яъни асосий воқеа, бир интригага амал қилинади.
Классицизм антик адабиётга тақлид қилиш асосида келиб чиққан адабий йўналишдир. Гуманистлар қадимги грек ва Рим маданиятини ўрганиш ва унинг илғор ғояларини тарғиб этишда жиддий иш қилдилар. Бироқ уларнинг антик санъат ҳақидаги назарияларида бир қатор нуқсонлар мавжуд эди. Бунга сабаб ўрта асрлар адабиётидаги миллий хусусиятларни эътиборга олмасликдир. Шунинг учун классицизм Франциядан бошқа мамлакатларда ўз ривожи учун замин тополмади.
Классицист ёзувчилар Рим ва грек санъатининг юқори босқичига кўтарилган даврда яратилган асарларига эргашиб, ўша давр адабиётининг намуналари ва қоидаларини ўзгармас, ҳамма давр учун бир хилда хизмат қилувчи ва ўрнак бўлувчи ижоддан иборат, деб улуғлаб, уларнинг назарий қарашлари ва амалий ютуқларини қабул қилдилар. Бироқ мавҳум ғояларни идеаллаштириш, даврнинг реал ҳаётидан узоқлашиб, халқ турмушидан ажралиб қолиш, жанрларни қаттиқ логик қонунларга бўйсундириш классицизм адабиётини чеклаб қўйган эди. Шунинг учун ҳам унинг қотиб қолган қонунларини Пушкин ва рус революцион-демократлари танқид қилганлар. Лекин бундай салбий томонлари бўлишига қарамай, классицизм ўз даври маданий ҳаётида катта воқеа эди.
XВИИ асрнинг илғор ёзувчилари ижоди ўша даврнинг йирик мутафаккирлари «Инглиз материализмининг чин отаси Бэкон», шунингдек, Гоббс, Кампанелли, Декартларнинг фалсафий қарашлари билан боғлиқ равишда ривож топади. Улар таълимотидаги материалистик тенденция идеалистик тенденцияга қарши қаратилган эди. Бу нарса феодал олами ва унинг урф-одатларини танқид қилишга жиддий таъсир кўрсатади.
XВИИ аср Ғарбий Европа адабиёти ўз даври ҳаётининг турли-туман манзарасини гавдалантирган Мильтон, Корнель, Расин, Мольер, Лопе де Вега ва Кальдерон каби йирик ёзувчиларни етиштиради, уларнинг кўп қиррали ва эскиликни фош этувчи ижоди ҳозирги кунгача ғоявий мазмуни ва бадиий қимматини сақлаб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |