Миср фалсафаси
Шуни таъкидлаш жоизки, антик замон фалсафаси ҳақида сўз борганда умуман қадимги замон фалсафаси (мас, Хиндистон, Хитой) эмас, балки қадимги Юнонистон ва Римда юзага келган фалсафа назарда тутилади. Антик фалсафа даври эрадан олдинги VII асрнинг охири - VI аср бошларида вужудга келиб, у эрамизнинг V-VI асрларига қадар, қарийб минг йилдан ортиқ даврни ўз ичига олади. Бу - қулдорчиликка асосланган жамиятнинг хусусиятларини ўзида гавдалантирган фалсафий тафаккурнинг алоҳида тарихий типидир.
Юнон антик фалсафаси тараққиётини шартли равишда тўрт босқичга бўлиш мумкин. Антик фалсафа ўз мазмуни, фикрлаш услуби жиҳатидан шарқий фалсафий тизимлардан ва оламни мифологик изоҳлаш тамойилларидан кескин фарқ қилади. Айни вақтда юнон фалсафасида узоқ вақт мобайнида мифологик элементлар сақланиб қолганлигини ҳам таъкидлаш керак.
Биринчи босқич э.о. VII асрдан V асргача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу одатда сократгача бўлган давр деб аталади (Сократ: э.о. 469-399). Бу даврга Милет мактаби, Гераклит, Элей мактаби, Пифагор ва пифагорчилар, Эмпедокл ва Анаксигор, қадимги юнон атомист (Левкипп ва Демокрит) лари тегишлидир.
Иккинчи босқич тахминан э.о. V аср ўрталари ва IV аср охиригача бўлган муддатни ифодалайди. У одатда классик (мумтоз) давр деб аталади. Буюк юнон файласуфлари Сократ, Афлотун ва хусусан Арасту ана шу даврда фаолият кўрсатадилар, юнон фалсафасини юқори чўққига кўтарадилар.
Учинчи босқич эллинистик (ёки эллиник) аталиб, э.о. IV-II асрларни ўз ичига олади. Чуқур фалсафий мазмундор тизимларнинг юзага келиши билан боғланган классик даврдан фарқли ўлароқ бу даврда бир қатор фалсафий мактаб (перипатетиклар, Афлотун академияси, стоиклар ва эпикурейлар мактаби, скептицизм)лар юзага келади. Теофраст ва Эпикур бу даврнинг йирик намояндалари бўлган. Бу мактабларнинг барчаси учун умумий хусусият шундан иборат эдики, улар Афлотун ва Арастунинг таълимотларини изоҳлашдан этика муаммоларига ўтадилар, скептицизм ва стоицизмнинг талқинчиларига айланадилар.
Антик фалсафа тараққиётидаги тўртинчи босқич (э.о. I аср - милоднинг V-VI асрлари) шундай даврга тўғри келдики, эндиликда антик замонда Рим ҳал қилувчи роль ўйнай бошлайди, ҳатто, Юнонистон ҳам унинг таъсирига тушиб қолади. Рим фалсафаси юнон, хусусан, эллинизм даври фалсафаси таъсирида шаклланади. Рим фалсафасида учта йўналишни алоҳида кўрсатиш мумкин: стоцизм (Сенека, Эпиктет, Марк Аврелий), эпикуреизм (Тит Лукреций Кар), скептицизм (Секст Эмпирик).
III-V асрларда Рим фалсафаси йирик намояндалари Афлотун ҳисобланган неоплатонизм юзага келади ва ривожланади. Неоплатонизм нафақат илк христиан фалсафасига, шу билан бирга бутун ўрта аср диний фалсафасига кучли таъсир кўрсатади.
Энди антик фалсафа тараққиёти босқичлари шаклланиши ва ривожланишида фаоллик кўрсатган мутафаккирларнинг баoзи бирлари билан танишиб ўтайлик.
Биринчи асос ғояси Милет мактаби намояндалари Фалес (э.о. 625-547), Анаксимандр (э.о.610-546), Анаксимен (э.о. 585-524) ва Гераклит (э.о. 544-480) томонидан илгари сурилади.
Милет фалсафий мактаби файласуфлари биринчи ибтидони табиат билан боғлиқ ягона моҳият сифатида тушунганлар. Бошқа нарса эмас, табиатнинг ўзи бутун мавжудликнинг сабабчисидир, деган хулосани берганлар.
Биринчи ибтидо мифологиядан фалсафий дунёқараш тизимига ўтиб, умумийликни назарда тутар эди. Дастлабки даврларда бу ибтидо энг умумий тушунча кўринишида эмас, балки яққол шаклда тасаввур қилинади: Фалес бундай ибтидони - сув, Анаксимен - ҳаво, Гераклит - олов деб ҳисоблайди. Сув, ҳаво, олов умумийликнинг рамзи сифатида эътироф этилади. Булар оддий жисмлар бўлмай, шу билан бирга илоҳийликни ҳам билдиради. Гераклитнинг олови шунчаки ўт эмас, балки яратувчи - олов - мангу ва илоҳий космик олов эди.
Фалес қадимги дунёнинг етти донишмандидан бири ва Милет мактабининг асосчиси бўлиб, ҳар томонлама билимли, геометрик теоремаларни исбот қилган, Қутб Юлдузини кашф этган, э.о. 585 йили Қуёшнинг тутилишини башорат қилган; йилни 365 кун, ҳар бир ойни 30 кундан иборатлигини кўрсатган мутафаккир бўлган. У ранг-баранг бутун борлиқнинг асосига Сувни қўяди: Сув - мавжудликнинг ҳам ибтидоси, ҳам интиҳоси.
Унинг қуйидаги ҳикматли сўзлари машҳур: «Бутун борлиқнинг энг қадимгиси - Ҳудодир, чунки у туғилмаган»; «Олам Ҳудо томонидан яратилганлиги учун ҳамма нарсадан гўзалдир»; «Вақт ҳамма нарсадан донишманддир, чунки у барча нарсанинг нималигини кўрсатиб беради»; Ундан сўрадилар: «Оламда нима мураккаб?» - «Бошқаларга маслаҳат бериш» ва ҳ. к.
«Бахтсизликни қачон енгиб ўтиш мумкин? - Душманинг учун ўта қийинроқ ҳолат содир бўлганини кўрганингда».
Фалеснинг шогирди бўлган Анаксимандр бутун борлиқнинг биринчи асосини апейрон (аниқлаб бўлмайдиган, чексиз абстракт модда) ташкил этади, деб ҳисоблайди. Апейрон фаол, ҳамиша ҳаракатда бўлади; бир хил нарса ларнинг ўлиши бошқаларнинг туғилишига олиб келади. Ягона апейрон қарама-қаршилик (совуқ ва иссиқ)ларга ажралади. Олам совуқ ва иссиқ кураши туфайли юзага келади. Юнон мутафаккирларидан биринчи бўлиб, Анаксимандр инсон ва ҳайвонларнинг келиб чиқиши ҳақидаги масала билан қизиқади. У Ернинг юмалоқлигини, Ой акс эттирилган ёруғлик туфайли нур сочишини ҳаёл қилади.
Анаксимен астрономик таълимотларни табиий йўл билан изоҳлайди. Бутун борлиқнинг биринчи асоси Ҳаводир. Ҳаво юмшаб - оловга, қуюқлашиб - шамолга, кейинчалик булутга, сўнгра сувга, кейин тупроққа, тошга яна бошқа нарсаларга айланади. Унинг тасаввур қилишича, ёритгичлар Ернинг атрофида ҳаракат қилади, Қуёш ва Ой Ердан пайдо бўлган.
Оламнинг бирламчи асоси, ундан борлиқнинг ранг-баранг ҳодисаларининг юзага келиши, ва, аксинча, турли-туманликнинг Ягоналик (бирламчи негиз)га қайта айланиши муаммоси фалсафий фикр тараққиётида турлича йўналишларни келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |