3.1. Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш (ЖК 175-м.)
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш жиноятнинг бевосита объекти Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асослари ва манфаатларини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш жиноятининг объектив томони:
наф келтирмаслиги аён бўлган битимни тузиш (шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илгари фойдаланилган, жисман ишлатиб бўлинган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускунани ёхуд технологияларни олиб киришга, шунингдек уларни ўрнатиш ва жорий этишга олиб келган битимни тузиш);
бундай битим тузилишига сабаб бўлган эксперт хулосасини ёки бошқа ҳужжатни ваколатли давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси томонидан беришда ифодаланади.
Фуқаролик кодексининг 101-моддасига мувофиқ, битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.
Наф келтирмайдиган битим тузиш деганда, мансабдор шахснинг ўзи тузаётган битимнинг Ўзбекистон Республикаси манфаатлари учун фойда келтирмаслигини олдиндан билган ҳар қандай битим тузиши тушунилади.
Жиноят кодекси 175-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноят объектив томонининг зарурий белгиси Ўзбекистон Республикаси манфаатларига хилоф равишда битим тузилиши натижасида кўп миқдорда зарар етказилиши ҳисобланади. Кўп миқдорда зарар деганда, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган зарар тушунилади.
Жиноятнинг субъектив томони тўғри қасдда ифодаланади.
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш жиноятининг субъекти давлат органининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг мансабдор шахси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш: а) такроран; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 175-моддаси иккинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш: а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, қилмиш Жиноят кодекси 175-моддаси учинчи қисмининг тегишли бандлари билан квалификация қилинади.
Жиноят кодексининг 175-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган шахс жазодан озод этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |