2.3. Мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш
(ЖК 172-м.)
Мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш жиноятининг бевосита объектини мулкий муносабатлар ташкил этади.
Жиноят предмети мулкни қўриқлаш юзасидан мажбурият юклатилган шахсга қўриқлаш учун берилган ёки унга вақтинча сақлаш учун топширилган ҳар қандай мулклар ҳисобланади.
Объектив томондан жиноят мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлишда ифодаланади.
Виждонсиз муносабатда бўлиш, мулкни қўриқлашга оид вазифаларни тўла бажармасликда (масалан, қоровулнинг ўз қўриқлаш навбатига келмаслиги ёки ўзбошимчалик билан қўриқланаётган мулкни қаровсиз қолдириб кетиши), шунингдек қўриқланаётган ҳудудни зарурий тартибда назорат қилмаган ҳолатлардаги мажбуриятларни бажармасликда ифодаланади.
Шахс қилмишини Жиноят кодекси 172-моддаси билан квалификация қилиш учун шахс зиммасига юклатилган қайси аниқ мажбуриятларни бажармаганлигини, шунингдек ушбу вазиятларда унда шу мажбуриятларни бажариш имкониятининг мавжудлигини аниқлаш зарур. Агар мулкни қўриқлаш мажбуриятини бажараётган вақтда енгиб бўлмас куч (масалан, тўсатдан оғир касал бўлиш, ёнғин, сув тошқини, зилзила) мавжуд бўлиб, бунинг натижасида шахс мулкнинг талон-торож қилинишига, зарар етказилишига ва йўқ қилинишига тўсқинлик қилиш имкониятидан маҳрум бўлса, айбдор Жиноят кодекси 172-моддаси бўйича жавобгарликка тортилмайди.
Айбдор ҳаракатларида кўрилаётган жиноят таркиби мавжудлигини аниқлаш учун мулкни қўриқлашга виждонсизларча муносабатда бўлишнинг оқибати сифатида мулк талон-торож қилиниши, зарар етказилиши ёки йўқ қилиниши лозим.
Ишониб топширилган мулкни талон-торож қилиш деганда, уларнинг элементларини ташкил этувчи алоҳида предметлар (масалан, эҳтиёт қисм ва мотор) ёки муҳофазада турган мулкни ташкил этувчи предметларнинг бутун мажмуаси талон-торож қилинганлигини тушуниш лозим.
Нобуд қилиш моддий предметга ташқи таъсирнинг шундай усулики, бунинг натижасида мулк ўзининг жисмоний мавжудлигини йўқотади ёки тўлиқ равишда мақсадли йўналтирилганлиги бўйича ишлатиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолади. Мулк тиклаш ёки таъмирлаш орқали қайта тикланмайди ва хўжалик муомаласидан тўлиқ чиқиб кетади.
Шикаст етказиш деганда, мулк таркибининг шундай ўзгаришлари тушуниладики, натижада унинг мавжуд ҳолати ёмонлашади, хўжалик ёки бошқа мақсадли фойдаланишга тўлиқ ёки қисман яроқсиз бўлиб қолиши тушунилади. Мулкни қайта тиклаш, таъмирлаш мумкин бўлади.
Кўрилаётган жиноят объектив томонининг зарурий белгиси мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш натижасида қўриқланаётган мулкка кўп миқдорда зарар етказилиши ҳисобланади.
Субъектив томондан жиноят эҳтиётсизликда ифодаланади.
Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган мулкни қўриқлаш юзасидан мажбурият юклатилган ақли расо шахс ҳисобланади. Одатда бундай шахслар қоровуллар, навбатчилар, мулкни сақлаш, ташиш, кузатиб бориш ёки қўриқлаш вазифаси юклатилган шахслар бўлади.
Мансабдор шахслар мулкни муҳофаза қилиш бўйича ўз вазифаларига лоқайдлик билан ёки виждонсизларча муносабатда бўлиб, уларни бажармаслиги ёхуд лозим даражада бажармаслиги натижасида кўп миқдорда зарар етказилган бўлса, иш ҳолатларига қараб уларнинг қилмиши мансабга совуққонлик билан қараш (ЖК 207-м.) деб квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |