Ксилит ва сорбитни қўллашга кўрсатмалар: сурункали холециститлар, ўт йўлларининг гипокинезияси, сурункали панкреатитлар, сурункали колитлар. Турли хил сабаблар туфайли юзага келувчи ич кетишда қўллаш мумкин эмас.
Нохуш таъсири: иккала препарат ҳам ични суриши мумкин.
Фенобарбитал, беназонал, зиксорин препаратлари ҳам жигар МОС фаоллигини кучайтириши ҳисобига ўт ҳосил бўлиши, билирубинни глюкуронидацияланишини ошириб, сафро таркибида ажралишини кучайтиради.
САФРО ЧИҚАРИШ ЙЎЛЛАРИДАГИ ТОШЛАРНИ ЭРИТУВЧИ ВОСИТАЛАР
(холеолитиклар)
Сафро таркибида ажралаётган холестерин эриган ҳолда бўлиши, сафро таркибидаги сафро кислоталари тузларининг миқдорига боғлиқ (холестерин-холат коэффиценти). Холестерин миқдорини ошиб кетиши ёки сафро кислоталарини, сафрода камайиб кетиши холестеринни чиқишига, каттагина тошларни ҳосил бўлишига олиб келади. Хенодезоксихол кислотаси жигарда холестерин синтезланишини ва уни сафро таркибида ажралишини камайтиради. Натижада холестериндан иборат тошлар аста секин эрий бошлади. Ана шундай таъсир этувчи препаратларга хенодезоксихол ва урсодезоксихол кислоталарининг ҳосилалари киради.
ХЕНОФАЛЬК (Chenofalk) – таркибида 250 мг. хен кислотаси (3-α ,7- α дегидрокси-5-β–хол кислотаси) бор.
Асосан рентген негатив (рентгентда кўринмайдиган) тош бўлган сафро тош хасталигини даволашда қўлланилади. Бунда ўт пуфагининг функцияси яхши сақланган бўлиши керак. Семиз беморларда сафро тошларини эритиш мушкулроқ. Препаратни давомли (3 ойдан 2-3 йилгача) ва мунтазам ичилади. Тошлар эриб бўлгандан кейин яна 2-3 ой препаратни қабул қилиш керак.
Нохуш таъсири: диарея, қонда АлАТ, АсАТ ферментлари фаоллигини ортиши.
Сафро йўлларининг яллиғланиши, умумий сафро йўлининг қисман ёки бутунлай беркилиб қолган ҳолатлари, гепатитлар, энтерит, энтероколит, гастритлар, буйрак етишмовчилигининг юқори даражаси, ҳомиладорликда қўллаш мумкин эмас.
ХЕНОХОЛ (Chenocholum) – таркибида қорамол сафросидан ажратилган хенодезоксихол кислотаси бор. Препарат таъсирида сафро таркибида сафро кислоталари ва лицитин миқдори ортади. Жумладан, хенодезоксихол кислотаси кўпаяди, дезоксихол камаяди, хол кислотаси деярли йўқолади. Умуман олганда, сафро таркибида лицитинга нисбатан сафро кислоталари миқдори кўпроқ ортади. Хенохол ичакдан тўла сурилиб, жигарда глицин ва таурин аминокислоталари билан коньюгацияланади ва шу ҳолда ёки Nа ёки К тузи сифатида ичакга сафро йўллари орқали тушади. Озгина қисми нажас таркибида ажралади, кўп қисми қайта сурилиб жигарга тушади. Препаратнинг баъзи қисми ичакдаги бактериялар таъсирида дегидроксилланиб литохол кислотасига айланади ва қонга сурилади (энтерогепатик айланиш – циркуляция). Кунига 15-18 мг/кг дозани учта қисмга бўлиб ичилади (кечаси кўпроқ) даволаш 6 ойдан 1-2 йилгача бўлади. Кўрсатмалар, қарши кўрсатмалар худди хенофалькникига ўхшаш.
УРСОФАЛЬК (Ursofalk). – таркибида урсодезоксихол кислота бор. Худди хенохолга ўхшаш таъсирга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |