Назорат учун саволлар:
1. Оммавий танлов турли соҳаларда ташкил этилиши кузатилади. Ушбу танловнинг асосий шартлари ва танлов ташкилотчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиринг.
2. Оммавий танлов натижаси қандай ҳолларда бекор қилиниши мумкин?
3. Лола Элтоева уйига эгасиз итни олиб келди. “Қоплон” лақабини олган ит Элтоевларникида бир ойлар яшади. Бир куни Лоланинг отаси “Қоплон”га ўхшаш белгилари тасвир этилган итнинг йўқолганлиги тўғрисидаги эълонни ўқиб қолди. “Қоплон”нинг эгаси итни қайтариб берган кишига катта мукофот бериши ваъда қилинган эди. Лола “Қоплон”га ўрганиб қолган бўлса-да, уни эгасига қайтаришга мажбур эканлигини тушунди. Отаси Лолага ваъда қилинган мукофотга қишки оёқ кийим олиб беришини айтди. Фуқаро Қодиров “Қоплон”ни ўз ити эканлигини тан олди, аммо ваъда қилинган мукофотни беришдан бош тортди. Таниш юрист Қодировга мукофотни бермасликни, чунки Ўзбекистон қонунчилигига кўра ашёни йўқотган мулкдор уни топиб олган шахсга фақат ашёни сақлаб туриш ва олиб келиб бериш учун кетган харажатларнигина тўлашлигини айтган.
Қодировга юрист тўғри маслаҳат берганми?
55-БОБ. МУКОФОТНИ ОШКОРА ВАЪДА ҚИЛИШ
Одатда ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш турли хилдаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари орқали амалга оширилади. Лекин, баъзи ҳолларда кўзланган мақсадларга эришиш учун ишни бажаришга кўпчиликни жалб этишга ва бунинг учун мукофот беришга ваъда берилади. Мукофотни ошкора қилишнинг моҳияти Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 981-моддасида ўз ифодасини топган. Унга кўра, эълонда кўрсатилган ҳаракатни ким унда белгиланган муддатда бажарса, ўшанга пул мукофоти тўлаш ёки бошқа мукофотни бериш тўғрисида (мукофотни тўлаш) тўғрисида ошкора эълон қилган шахс тегишли ҳаракатни содир этган ҳар қандай шахсга ваъда қилинган мукофотни тўлаши шарт.
Ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра, мукофотни ошкора ваъда қилиш шартли характерга эга бўлиб, бир томонлама битим ҳисобланади. Бунда бир томондагина ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўлади. Мукофот ваъда қилинган тақдирда ваъда қилган шахсда уни тўлаш мажбурияти бўлади. Ваъдага қизиқиш билдирган шахсда эса на ҳуқуқ на мажбурият пайдо бўлади. Унда ҳуқуқлар тегишли эълонда кўрсатилган натижага эришган вақтдан бошлаб вужудга келади. Шу пайтдан бошлаб ваъда қилган мукофотни тўлаш мажбурияти вужудга келади, бунда эълонда кўрсатилган ҳаракат бажарилгани ҳақида ваъда берувчи хабардор қилиши керак. Ваъда айнан номуайян шахслар доирасига қаратилган бўлиши лозим, акс ҳолда муносабатлар келишилган ҳисобланади. Ваъда турли шаклда ифодаланиши мумкин (ёзма, оғзаки, матбуот, телеведение орқали ва хоказолар), уй деворлари, дарахтлар ва ҳоказоларга ёпиштирилган эълонлар Фуқаролик кодексининг 981-моддасида кўрсатилган мажбуриятни вужудга келтирмайди. Ҳар қандай шаклда ҳам эълон номуайян шахслар учун қулай бўлиши ва зарурат туғилса, уни берган шахсдан тасдиқлатиб олиш имконини бериши керак. Мукофотни тўлаш мажбурияти мукофот ким томонидан ваъда қилинганлиги аниқлангандан кейин амалга оширилиши мумкин.
Бу мажбуриятларни юзага келтириш учун мукофот тўлаш қуйидаги белгиларга эга бўлиши керак:
биринчидан, мукофотни ваъда қилиш ошкора (оммавий) бўлиши, яъни номуайян шахслар доирасига мурожаат қилинган бўлиши керак. Агар мукофотни тўлаш аниқ бир шахс ёки шахсларнинг бир доирасига мўлжалланган бўлса, бу муносабатлар шартнома характерига эга бўлади;
иккинчидан, ваъда қилинган мукофот мулкий характерга, яъни пул ёки бошқа тарздаги мулкий қийматга эга бўлиши керак. Масалан: қимматбаҳо ашё бериш;
учинчидан, мукофот маълум бир ҳуқуққа мос ҳаракатни амалга оширганлик учун белгиланади. Белгиланган мукофотни олиш учун эришилиши лозим бўлган натижа эълонда кўрсатилиши шарт. Масалан: йўқ нарсани топиш;
тўртинчидан, мукофотни ошкора тўлаш тўғрисидаги эълонда мукофот ким томонидан ваъда қилингани кўрсатилиши керак. Ваъдага қизиқиш билдирган шахс ваъдани ёзма равишда тасдиқлашни талаб қилишга ҳақли ва агар, ҳақиқатда мукофот тўғрисидаги эълон унда кўрсатилган шахс томонидан қилинмаган бўлиб чиқса, бундай талаб қўйилмаганлиги оқибатлари хавфи унинг зиммасида бўлади (ФКнинг 981-моддаси 2-қисми).
Юқоридаги белгилардан келиб чиқиб, қуйидагича таъриф келтириш мумкин: “Мукофотни ошкора ваъда қилиш деганда шартлашилган натижага эришганлик учун мулкий характерда такдирлаш билан ваъда бериш назарда тутилган, номуайян шахслар доирасига қаратилган мурожаат тушунилади”.
Мукофотни ваъда қилган шахс уни тўлаши шарт. Мукофотнинг суммаси ёки мулкий кийматга эга ашё эълонда кўрсатилган бўлиши мумкин ёхуд мукофот миқдори кўрсатилмаган бўлиши мумкин. Агар мукофотни ошкора ваъда қилишда унинг микдори кўрсатилмаган бўлса, у мукофотни ваъда қилган шахс билан келишувга кўра аниқланади, низо келиб чиққан тақдирда эса суд тартибида аниқланади (ФКнинг 981-моддаси 3-қисми).
Эълонда кўрсатилган ҳаракат бажарилиши ёки бажарилмаслиги мумкин. Бу ҳаракат белгиланган муддатда бажарилса, уни бажарган шахс мукофотни талаб қила олади. Айрим ҳолларда бу иш бир-биридан мустақил равишда бир неча шахс томонидан бажарилиши мумкин. Бундай ҳолатда Фуқаролик кодексининг 981-моддаси 5-қисмига мувофиқ тегишли ҳаракатни биринчи бўлиб содир этган шахс мукофотни олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар эълонда кўрсатилган ҳаракатни қайси бири биринчи бўлиб содир этганини аниқлашнинг имкони бўлмаса, шунингдек, ҳаракат икки ёки ундан ортиқ шахслар томонидан бир вақтнинг ўзида содир этилган бўлса, мукофот улар ўртасида баб-баравар ёки уларнинг ўзаро келишувида назарда тутилган миқдорда тақсимланади.
Фуқаролик кодексининг 981-моддаси 4-қисми мукофотни тўлаш мажбурияти, тегишли ҳаракат эълон қилиниши муносабати билан ёки ундан мустасно тарзда бажарилганидан қатьи назар, юзага келишини белгилайди. Баъзи ҳолларда мукофот ваъда қилинганидан хабардор бўлмаган шахс эълонда кўрсатилган ҳаракатни бажариши мумкин. Бу ҳолда ҳам Фуқаролик кодексининг 981-моддаси 5-қисми қоидалари қўлланилади.
Эълонда маълум муддатнинг кўрсатилган бўлишлиги мукофотни олиш учун тегишли ҳаракатни шу муддатда қилиш лозимлигини ва бу муддат даъво мукофот ваъда қилган шахс у билан боғлиқлигини кўрсатади. Муддат мукофотни ошкора ваъда қилишнинг зарурий характердаги белгиси эмас. Лекин у кўрсатилган бўлса, шу муддат давомида қилинган ҳаракат мукофот олишга асос бўлиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилган шахс уни бекор қилишга ҳақли. Мукофотни ошкора ваъда қилишни бекор қилиш изланувчиларнинг манфаатларини бузмаслиги керак. Шунинг учун қонунда бекор қилиш маълум шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилиши кераклиги кўрсатилган.
Фуқаролик кодексининг 982-моддасида кўрсатилишича, мукофот тўлашни ошкора эълон қилган шахс берилган ваъдадан худди шундай тартибда воз кечишга ҳақли, воз кечишга йўл қўймаслиги эълоннинг ўзида назарда тутилган ёки ундан келиб чиқадиган ёки мукофот ваъда қилинган ҳаракатни содир этиш учун муайян муддат берилган ёхуд воз кечишни эълон қилиш пайтига келиб бир ёки бир неча қизиқиш билдирган шахслар эълонда кўрсатилган ҳаракатни бажариб бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Бу қоидадан шуни кўриш мумкинки, мукофотни ошкора ваъда қилган шахс ундан воз кечиши учун қуйидаги шартларга амал қилиши керак:
а) ваъдани бекор қилиш ва эълон қилиш қай тартибда амалга оширилган бўлса, шу тартибда амалга оширилиши керак;
б) эълонда ундан воз кечишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган бўлмаслиги лозим;
в) эълонда кўрсатилган ҳаракат содир қилиниши керак бўлган муддат белгилаб қўйилмаган бўлиши шарт;
г) воз кечишни эълон қилиш пайтида эълонда кўрсатилган ҳаракат содир қилинмаган бўлиши керак.
Мукофот ҳақидаги ошкора ваъдани бекор қилиш мукофот тўғрисида эълон қилган шахсни қизиқиш билдирган шахсга у эълонда кўрсатилган ҳаракатни бажариши муносабати билан қилган харажатларини қоплашдан озод қилинмайди. Қоплаш миқдори барча ҳолларда эълонда кўрсатилган мукофотдан ортиқча бўлиши мумкин эмас. Агар мукофотни ошкора ваъда қилишда унинг миқдори кўрсатилмаган бўлса, мукофот, ваъда қилган шахс билан ўзаро келишувларига кўра аниқланади, агар мукофот бўйича низо келиб чиқса суд томонидан ҳал қилинади.
Мукофотни тўлаш мажбурияти, тегишли ҳаракат эълон қилиниши муносабати билан ёки ундан мустасно тарзда бажарилганидан қатъи назар, вужудга келади. Мукофотни тўлашнинг икки омилини ажратиб кўрсатиш мумкин:
Мазкур мажбурият мувофиқ ҳаракатларнинг бажарилиши лозимлиги фактидан қатъи назар пайдо бўлади.
Мазкур мажбурият бундай ваъдани берган шахсни аниқлаганиши шарти билан пайдо бўлади.
Эълонда кўрсатилган ҳаракатни бир неча шахс томонидан бажарилганида ҳаракатни биринчи бўлиб бажарган шахс мукофотни олиш ҳуқуқига эга. Агар эълонда кўрсатилган ҳаракат икки ёки ундан ортиқ шахс томонидан бажарилган бўлса ва улардан қайси бири тегишли ҳаракатни биринчи бўлиб бажарилишини аниқлашнинг имкони бўлмаса, шунингдек, агар ҳаракат икки ёки бундан ортиқ шахслар томонидан бир пайтнинг ўзида содир этилган бўлса, мукофот улар ўртасида баб-баравар ёки уларнинг ўзаро келишувига кўра тақсимланади.
Агар мукофот тўғрисидаги эълонда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ёки унда кўрсатилган ҳаракат хусусиятидан келиб чиқмаса, бажарилган ҳаракатнинг эълонда мавжуд бўлган талабларга мувофиқлиги мукофотни ошкора ваъда қилган шахс томонидан аниқланади, низо келиб чиққан тақдирда эса суд томонидан ҳал қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |