Ҳиссаларни қўшиш. Оддий ширкат шартномаси учун шерикларнинг умумий ишга ҳисса қўшишларининг мавжудлиги хосдир. Ўз ҳиссаси сифатида шерик қуйидагиларни киритиши мумкин:
- пул;
- фуқаролик юритувидан чиқариб ташланмаган ҳар қандай мол-мулк;
- касбий ва бошқа билимлар, малака ва маҳоратлар;
- ишбилармонлик обрў-эътибори.
Пул воситаларидан ташқари шерикнинг қўшган ҳиссасини баҳолаш шериклар ўртасидаги келишув бўйича амалга оширилади. Ҳиссаларнинг миқдорининг ўзаро нисбати тўғрисидаги умумий қоидалар уларнинг тенг қиймати тўғрисидаги қоидага асосланади. Лекин оддий ширкат шартномасида бошқа қоида кўзда тутилган бўлса, мазкур ҳолатда ўша қоида қўлланилади. Масалан, якка тартиблаги тадбиркорлар К., Л. ва О. сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун оддий ширкат шартномасини имзолаш ҳақида қарор қилишди. ЯТТ К. ҳисса сифатида 3 млн. сўм қийматидаги асбоб-ускуна киритди, Л. ва О. эса – ҳар бири 3,5 млн. сўм миқдорида пул воситаларини киритишди. Оддий ширкат шартномасининг мазмунида К., Л. ва О. лар ҳиссаларининг қиймати ўз ифодасини топмаса, уларнинг ҳиссалари тенг ҳисобланади, яъни ҳар бирида – 33 %.
Умумий мулкнинг ҳуқуқий тартиби. Шерикларнинг умумий мулк таркибига қуйидагилар киради:
- умумий улушли мулкида турган мол-мулк;
- умумий талаблар;
- умумий алоҳида ҳуқуқлар.
Биринчисининг таркибига қуйидагилар киради:
- аввал мулк ҳуқуқида эгалик қилган ва ҳисса сифатида киритилган мол-мулки;
- қўшма фаолият натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулот;
- қўшма фаолият натижаларидан олинган ҳосил ва фойда.
Шериклар умумий мол-мулкининг бухгалтерия ҳисобини юритиш шериклар - юридик шахслардан бирига топширилиши мумкин. Шериклар орасида юридик шахслар бўлмаса, бухгалтерия ҳисобини юритиш якка тартибдаги тадбиркорлардан бирига топширилади.
Шерикларнинг умумий мол-мулкидан фойдаланиш уларнинг келишувига кўра, келишувга эришилмаган тақдирда, суд белгилайдиган тартибда амалга оширилади.
Шерикларнинг умумий ишларини юритиш. Оддий ширкат шартномаси иштирокчиларининг умумий ишларини юритиш шартномада назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Бундаги умумий қоида ҳар бир шерик барча шериклар номидан иш кўришидан иборат. Бунда шартномада қуйидагилар кўзда тутилиши мумкин:
- ишлар юритиш ҳуқуқини бошқа шерикларга топшириш (бошқа шерикларнинг ҳуқуқларини чеклаш). Мазкур ҳолатда агар ҳуқуқларида чекланган шерик учинчи шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришса, бошқа шериклар бундай битимни тан олишлари лозим, учинчи шахслар бундай чекловлар борлигини билган ёки олдиндан билган бўлишлари лозим бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
- ишлар юритишни бир вақтда барча шерикларга топшириш. Ушбу ҳолатда бундай шериклар алоҳида ҳақ олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Умумий ишларни юритишда шериклар ишончнома ёки шартнома асосида ҳаракат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |