Назорат учун саволлар:
1. Қимор ва гаров ўйинларини тушунчаси ва оқибатларини изоҳланг.
2. Қимор ва гаров ўйинларини ўтказиш тартиби ва ўзига хос хусусиятларини тушунтириб беринг.
3. Байрам куни йиғилган синфдошлар кунни биргаликда ўтказиш мақсадида чойхонада ош қилишмоқчи бўлишади. Лекин уларнинг айримларида етарли маблағ бўлмаганлиги сабабли гаров ўйнаб ундан ютқазган боланинг зиммасига чойхонадаги ошни юклашни мақсад қилиб оладилар. Улар асосий эътиборни синфдошлар ичида молиявий бақувват бўлган Чорига қаратишади ва улар амалга ошираётган ҳаракат нима қилиб бўлмасин Чорини ошга тушуриш билан боғлиқ бўлишади. Келишиб олган болалар Чорини уйдан чақириб келиб ўз фикрларини унга етказадилар. Синфдошлар ўртасидаги ўзаро келишувдан хабари бўлмаган Чори табиийки гаровда ютқазиб қўяди
Масала қандай ҳал қилинади. Гаров ўйинлар ҳақиқий ҳисобланадими? Чори синфдошлар ўртасидаги келишувни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга мурожаат эта оладими?
57-БОБ. ЗАРАР ЕТКАЗИШДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР
1 §. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар
тўғрисида умумий тушунча
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият тушунчасига фуқаролик қонунчилигида таъриф берилмаган. Бироқ, мазкур тушунча бевосита, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги ҳақида ФКнинг 985-моддасида ўз ифодасини топган. Мазкур нормадан зарар етказган шахснинг етказилган зарарни тўлиқ қоплаш мажбурияти ҳамда жабрланувчининг етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлигини англаш мумкин. Бу эса ўз навбатида мажбуриятнинг анъанавий тузилиши (конструкцияси) – кредитор ва қарздор муносабатлари мавжудлигини билдиради. Мазкур ҳолатда зарар етказувчи - қарздор ҳисобланса, жабрланувчи (мулкига, ҳаёти ёки соғлиғига зарар етган шахс) – кредитор ҳисобланади. Шу билан бирга зарар етказилганда жабрланувчининг талаб қилиши ҳуқуқи зарар етказувчи учун мажбурият сифатида намоён бўлади.
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ, шахс (жисмоний ёки юридик шахс) нинг ҳаёти ва соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказган шахс етказилган зарар тўлиқ қоплаш мажбуриятини олади, жабрланувчи эса ўзига етказилган зарар қоплашни талаб қилиши ҳуқуқига эга бўлади.
Таъкидлаш лозимки, кишиларнинг бир-бири билан доимий равишда ўзаро муносабатларида баъзан уларнинг моддий ёки номоддий манфаатларига зарар етиш оқибатлари келиб чиқади. Бу зарарлар турли тасодифлар, эҳтиётсизлик, қасд орқали, табиий офатлар натижасида юзага келади. Шундай ҳолатда етказилган зарар ким томонидан тўланиши (зарар етказилган шахс ёки жабрланган шахс ёхуд учинчи шахслар томонидан) масаласи юзага келади. Мазкур муносабатларни тартибга солишда зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият институти асосий ўринга эга бўлади. Фуқаролик ҳуқуқида мажбуриятларнинг бу тури деликт мажбуриятлар – деб ҳам аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |