Назорат учун саволлар:
1. Банк омонати шартномаси тушунчаси, турлари ва ҳуқуқий белгиларини очиб беринг?
2. Омонат дафтарчаси ва омонат депозит сертификати омонатчига қандай ҳуқуқларни беради?
3. Тадбиркор Ражабов омбордан катта миқдорда ун сотиб олаётганида нақд пули етмай қолди. Шунда у омборхона эгаси Низомовга ундан пулнинг ўрнига учта омонат сертификатини олишни таклиф қилди. Низомов рози бўлди, сабаби бу битим у учун фойдали эди. Аммо сертификатлар бўйича тўлов пайти 1 ойдан кейин келарди, Низомов эса сертификатлар бўйича пулни эртагаёқ олмоқчи эди. Ражабовнинг сертификатларни Низомовга бериши қонунийми? Сертификатлар бўйича тўловни муддатидан олдин олиш мумкинми? Муддатидан олдин тақдим этилган сертификатлар учун банк қанча миқдорда фоиз тўлайди?
4. Тадбиркор Норқулов ўз пулларини “Зоирова ва К.” банкига 3 ой муддатга, тўланадиган фоизлар миқдорини келишган ҳолда, омонатга қўйди. Омонат қўйилгандан бир ойдан сўнг банк Норқуловнинг омонатига нисбатан бериладиган фоиз ставкасини камайтирди. Бир неча кун ўтгач эса аудиторлик текшируви ўтказилиб омонатнинг қайтарилишини таъминлаш шартлари ёмонлашгани аниқланди: банкнинг соф активлари миқдори пасайган ва 1-ярим йиллик фаолиятидан даромад кўрмаган бўлиб чиқди. Норқулов “Зоирова ва К.” Банкидан шартномани муддатидан олдин бекор қилишни, ундан белгиланган миқдордаги фоизларни тўлиқ тўлашни ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилди. Норқуловнинг талаби қонунийми? Банкнинг нормал фаолияти пайтида муддатли шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ҳолатида банк қандай тартибда фоизларни тўлайди? Қандай омонатларга нисбатан фоиз ставкасини банк омонатчи билан келишмай ўзгартириши мумкин?
45-боб. Ҳисоб-китоблар
1-§. Ҳисоб-китобга оид ҳуқуқий муносабат тушунчаси ва аҳамияти
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатда асосий ўринни мулк билан боғлиқ муносабат ташкил қилганлиги боис, унда муайян ҳақ тўлаш, мулкий манфаат билан боғлиқ муносабат бўлиши табиий. Бунда тўланадиган ҳақ одатда, ҳисоб-китоблар орқали таъминланади. Ҳисоб-китобга оид муносабат ҳаётимизга шунчалик кириб борганки, буни кундалик турмушимизда, турли хизматлардан фойдаланиш жараёнида (масалан, уяли алоқа телефони, коммунал тўловлар, ташиш хизматлари учун тўловлар ва ҳ.к.) кўп бора дуч келаётганлигимизда кўриш мумкин.
Ҳисоб-китобга оид ҳуқуқий муносабатда бир тараф “ҳақ тўловчи” олинган товар, бажарилган иш, кўрсатилган хизмат ва бошқалар (мажбурият) эвазига иккинчи тарафга маълум миқдордаги ҳақ (пул)ни “ҳақ олувчи”га тўлайди. Ҳисоб-китоб муносабатларининг мақсади пулни қарздор қўлидан кредитор қўлига ўтказишни назарда тутади. Ҳисоб-китоб мажбуриятлари одатда, шартномалар билан боғлиқ бўлади. Зеро, ҳисоб-китоб мажбуриятлари олинган товар, бажарилган иш, кўрсатилган хизмат бўйича тузилган шартномалар ижросига қаратилган бўлади.
Фуқаролик кодекси ҳисоб-китобга оид муносабатларни тартибга солишда халқаро банк қоидалари, шунингдек банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларини эътиборга олган. Шунингдек, ҳисоб-китобга оид муносабатлар бошқа қонун ҳужжатлари (масалан, Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом 2013 йил 3 июнь, рўйхат рақами 2465 ва бошқалар) биланҳам тартибга солиниши мумкин. Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам ҳисоб-китобларнинг анъанавий нақд ва нақдсиз шакли амал қилади. Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сўм ёзиб қўйилган қиймати бўйича қабул қилиниши шарт бўлган қонуний тўлов воситаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида чет эл валютасидан, шунингдек чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар, тартиб ва шартлар асосида йўл қўйилади (ФК 245-модда, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги2003 йил 11 декабрдаги қонун).
Ҳисоб китобларни амалга ошириш шакли ушбу муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқий мақомига ҳамда тўлов амалга оширилаётган асосга боғлиқ бўлади. Ҳисоб китобларнинг нақд шакли фуқаролар ўртасида амалга оширилса (бунда , тўловчи пулни нақд кўринишда тўловни қабул қилувчининг қўлига беради) ҳамданақдсиз ҳисоб-китоб шаклида (тижорат банклари орқали) одатда, юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил қилмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилади. Фуқаролар ўртасидаги ҳисоб китобларда нақд ёки нақсиз шаклини танлаш имконияти мавжуд бўлади ва бу борада қонунчиликда чеклов мавжуд эмас. Бироқ, юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб китобларда нақдсиз ҳисоб китоблар кенг қўлланилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин (ФК 790-модда).
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 27 мартдаги 52-сон қарорига илова билан тасдиқланган Улгуржи савдо корхоналари уюшмасига кирувчи ҳудудий (вилоят, вилоятлараро ва туманлараро) базаларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек улар томонидан улгуржи савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида Низомга кўра, товарларни улгуржи сотиш фақат тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақдсиз шаклида амалга оширилиши мумкин.
Сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди. Агар тарафлар келишувида ҳисоб-китоблар тартиби ва шакли белгиланмаган бўлса, ҳисоб-китоблар тўлов топшириқномалари билан амалга оширилади (ФК 449-модда).
Қонун ҳужжатларида нақдсиз ҳисоб китоб шаклига доир қоидалар белгилаб қўйилган. Ҳисоб китобларнинг шакли мижоз ва унга хизмат кўрсатувчи банкнинг нақдсиз тўловни бажариш (қабул қилиши)га доир мажбуриятининг кўриниши ҳисобланади. Фуқаролик кодексида нақдсиз ҳисоб китобларнинг шакллари сифатида тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилиш (ФК 791-модда, Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом 2013 йил 3 июнь, рўйхат рақами 2465) кўрсатиб ўтилган. Фуқаролик кодекси ва ушбу Низомда ҳисоб китобларнинг анъанавий тўрт шакли кўрсатилган бўлсада, амалиётда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда ҳисоб-китоб ҳужжати сифатида мемориал ордер ҳамда тўлов талабномаси ҳам қўлланилади. Бундан ташқари қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |