Омонат дафтарчаси ва омонат (депозит) сертификати. Омонат дафтарчаси ва омонат (дипозит) сертификати банк омонати шартномаси шаклида қўлланади. Уларнинг асосий хусусиятлари ( биринчи бор ФКнинг 769, 770-моддаларида акс этгирилган. Омонат дафтарчаси фуқаро билан банк омонати шартномасини тузишрасмийлаштирилган ҳамда унинг ҳисобварағида омонат бўйича пул маблағлари ҳаракатини тасдиқлайдиган ҳужжатдир.
Омонат дафтарчаси омонатчининг номи ёзилган омонат дафтарчаси ёки тақдим этувчига пул тўланадиган омонат дафтарчаси шаклида бўлиши мумкин. Уларнинг ҳар бири икки хил вазифани: далил-исбот (шартнома тузилгани ва унинг бекор қилинганини тасдиқлайди) ва ҳужжат (унда ҳисобварақ бўйича операциялар амалга оширилади) вазифаларини бажаради. Тақдим этувчига пул тўланадиган омонат дафтарчаси қимматли қоғоз ҳисобланади. Ушбу дафтарча тақдим этилган ҳолдагина бу ҳуқуқлар амалга оширилиши ва берилиши мумкин. Шу боисдан тақдим этувчига пул тўланадиган омонат дафтарчаси банк омонати шартномаси тузилганлиги ва фуқаро ҳисобварағига пул маблағлари киритилганлигини ёзма равишда тасдиқлайдиган ҳужжат бўлибгина қолмасдан, хуқуқ берувчи аҳамиятга эгадир. Омонат дафтарчаси реквизитлари қонунда белгиланган (ФК, 769-модда). Унда қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:
а) депозит қабул қилган банкнинг номи, унинг жойлашган манзили;
б) омонат бўйича ҳисобварақ номери;
в) ҳисобварақ бўйича пул маблағлари ҳаракати (кирим, чиқим, қолдиқ) тўғрисидаги маълумотлар.
Омонат дафтарчаси омонатчида бўлганлиги сабабли, учинчи шахслар томонидан депозит ҳисобварағига қўшимча бадаллар қўйишга доир операцияларни омонатчи банкка келгунига қадар дафтарчада акс эттириб бўлмайди (ФК, 767-модда). Демак, омонат дафтарчаси омонатнинг ҳолатини ҳамма вақт ҳам етарлича аниқ акс эттира олмайди, ҳолбуки ФКнинг 769-моддаси бўйича шундай бўлиши керак.
Агар эгасининг номи ёзилган омонат дафтарчаси йўқотилган бўлса ёки тақдим этиш учун яроқсиз ҳолга келтирилган бўлса, банк омонатчининг аризасига мувофиқ, унга янги омонат дафтарчаси беради. Кўрсатувчига пул тўланадиган омонат дафтарчаси йўқолганида, фуқаролик-процессуал қонунчилигида белгиланган тартибга кўра, кўрсатувчига пул тўланадиган қимматли қоғозлар учун ҳуқуқлар тиклангунига қадар банк мажбуриятлардан озод бўлади.
Агар омонат дафтарча эгасига дафтарчани қонунсиз равишда эгаллаб олган бошқа шахс маълум бўлса, унга нисбатан виндикацион даъво қилиш йўли билан талаб қилиб олишга ҳақлидир (ФК, 228-модда).
Омонат (депозит) сертификати қимматли қоғоз бўлиб, банкка қўйилган омонат суммасини ҳам, омонатчининг (сертификат сақловчининг) белгиланган муддат тамом бўлганидан кейин сертификатни берган банкда ёки ушбу банкнинг исталган филиалида омонат суммасини ва сертификатда кўрсатиб қўйилган фоизларни олиш ҳуқуқини тасдиқлайди (ФК, 770-модда).
Омонат дафтарчадан фарқли равишда, сертификат банк омонат шартномасини расмийлаштиришда универсал восита бўлиб, у фуқаролар, шунингдек, юридик шахслар билан бўладиган ўзаро муносабатларда қўлланади. Фуқаролар омонат сертификатлари эгалари бўлиши мумкин. Депозит сертификати омонат сертификатига ўхшайди, аммо унга фақат юридик шахслар эгалик қилиши мумкин.
Сертификат унда кўрсатилган муддат етиб келиши билан тўланиши шарт бўлган муддатли омонат туридир. Агар сертификат жисмоний шахс томонидан пул тўлаш учун муддатидан олдин тақдим этилган бўлса, банк унга омонат суммасини тўлаши керак, омонатчи-юридик шахс илтимоси бўйича эса, шартномада бошқа тартиб кўзда тутилган бўлмаса, омонат суммасини тўлаш ҳуқуқига эга, лекин мажбур эмас.
Агар сертификатнинг шартларида фоизларнинг бошқача миқдори белгилаб қўйилган бўлмаса, фоизлар талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатлар учун кўзда тутилган миқдорда тўланади (ФК, 770-модда).
Сертификат бланкида қуйидаги реквизитлар бўлиши шарт: а) депозит (ёки “омонат”), сертификат номи; б) сертификат бериш учун асосни кўрсатиш (пул омонатини киритиш); в) депозит ёки жамғарма омонатни киритиш санаси; г) депозит ёки омонатнинг миқдори; д) банкнинг депозит суммасини ёки омонатни сўзсиз қайтариш мажбурияти; е) қайтариш муддати; ж) банкнинг фоиз ставкаси; з) тегишли фоизлар суммаси; и) сертификат банк-эмитентининг номи ва манзили; к) номи ёзиладиган сертификат олувчи (бенефициар) исми (номи); л) бундай битимларни тузиш учун банк ваколат берган икки шахснинг банк муҳри билан тасдиқланган имзолари.
Do'stlaringiz bilan baham: |