Назорат учун саволлар:
1. Банк ҳисобварағи шартномаси тушунчаси ва унинг ҳуқуқий белгиларини ёритинг?
2. Банк ҳисобварағи шартномасини юридик расмийлаштиришга доир масалаларни тушунтириб беринг.
3. Тадбиркор Норқулов ўз пулларини “Зоирова ва К.” банкига 3 ой муддатга, тўланадиган фоизлар миқдорини келишган ҳолда, омонатга қўйди. Омонат қўйилгандан бир ойдан сўнг банк Норқуловнинг омонатига нисбатан бериладиган фоиз ставкасини камайтирди. Бир неча кун ўтгач эса аудиторлик текшируви ўтказилиб омонатнинг қайтарилишини таъминлаш шартлари ёмонлашгани аниқланди: банкнинг соф активлари миқдори пасайган ва 1-ярим йиллик фаолиятидан даромад кўрмаган бўлиб чиқди. Норқулов “Зоирова ва К.” Банкидан шартномани муддатидан олдин бекор қилишни, ундан белгиланган миқдордаги фоизларни тўлиқ тўлашни ва кўрилган зарарни қоплашни талаб қилди. Норқуловнинг талаби қонунийми? Банкнинг нормал фаолияти пайтида муддатли шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ҳолатида банк қандай тартибда фоизларни тўлайди? Қандай омонатларга нисбатан фоиз ставкасини банк омонатчи билан келишмай ўзгартириши мумкин?
4. Акциядорлик банкига ҳисобварақ очиш тўғрисида 4та ариза тушди:
а) муниципал корхона директоридан, корхона рухсати билан тузилган;
б) МЧЖдан унга корхона жойлашган жойдан ташқарида иккинчи ҳисобвараги очиш ва немис маркасида валюта ҳисобварағини очиш тўғрисида;
в) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Парпиевдан ҳисоб-китоб қилиш учун ҳисобварагни очиш илтимоси тўғрисида;
г) МЧЖ таъсиси этаётган бир гуруҳ фуқаролар 50% устав капиталини қўйиш учун ҳисобвараг очиш.
Банк юридик хизмати ҳар бир ҳолат учун қандай маслаҳат бериши керак. Тижорат банкида хисобварағ очиш тартиби қандай, очиш учун қандай хужжатлар керак бўлади?
Банк ҳисобварағи шартномаси билан банк омонати шартномасининг фарқи нимада?
43-БОБ.БАНК ОМОНАТИ ШАРТНОМАСИ
Шартнома тушунчаси. Банк омонати шартномаси шартноманинг алоҳида турларидан бири бўлиб, унга кўра биринчи тарафдан (омонатчидан) қабул қилиб олган ёки унинг номига келган пул суммасини (омонатни) қабул қилиб олган иккинчи тараф (банк) шартномада назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда омонат суммасини қайтариш ва унга фоизлар тўлаш мажбуриятини олади (ФК, 759-модда).
Юридик адабиётларда банк омонати шартномасига айрим муаллифлар қарз шартномасининг бир тури, иррегуляр сақлаш (пул, нарсаларни тур белгилари бўйича сақлаш) сифатида қарасалар, қолганлар уни қарз шартномалари қисмларининг мажмуи деб ҳисоблаганлар.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида банк омонати шартномаси тушунчасига таъриф берилиб (759-модда), унда Россия Федерацияси Фуқаролик кодексидан фарқли равишда, лотинча “депоситиум” – сақлашдан келиб чиққан “депозит” атамаси қўлланилмаган, шунингдек, банкнинг омонатчи пул маблағларини “сақлаш” мажбурияти берилмаган.
Банк омонати шартномаси мустақил шартнома бўлиб, унинг илдизлари қарз шартномасига бориб тақалади ва у банк (қарздор) билан омонатчи (кредитор) ўртасидаги кредит муносабатларини расмийлаштиради. Фуқаро билан тузиладиган банк омонати шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади. Демак, юзага келган муносабатларга ФКнинг 358-моддасида бундай шартномалар тўғрисида кўзда тутилган умумий қоидалар, хусусан, хизмат кўрсатувчининг шартнома тузишдан бош тортиши тақиқланиши, бир шахснинг бошқа шахсга нисбатан афзал кўриши истисно этилиши, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан томонлар учун мажбурий бўлган қоидаларнинг чиқарилиши мумкинлиги кабилар тадбиқ этилади.
Банк омонати шартномаси реал бўлиб, омонатчи (бошқа шахс) банкка омонат пули суммасини бераётган вақтда тузилади. Омонатчи банкдан фақат омонат пули суммасини ва у бўйича фоизларни қайтаришини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади, ўз шериги олдида ҳеч қандай мажбурият олмайди. Банк омонат пули суммасини ва у бўйича фоизларни тўлаши шарт. Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда, банк омонати шартномаси бир томонлама ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади.
Банк омонати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилиши керак. У тарафлар имзолаган ягона ҳужжат тарзида икки нусхада тузилиши мумкин. Агар омонатнинг қўйилганлиги омонат дафтарчаси, жамғарма (депозит) сертификати ёки банк томонидан омонатчига берилган, қонунда, қонунга мувофиқ белгиланган банк қоидаларида ва банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида бундай ҳужжатлар учун назарда тутилган талаблаарга жавоб берадиган бошқа ҳужжат билан тасдиқланган бўлса, банк омонати шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.2 сноска
Do'stlaringiz bilan baham: |