3. Факторинг шартномасининг турлари ва унинг мазмуни
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш шартномасининг моҳияти шундаки, унинг бўйича мижоз молия агентидан (кўпчилик ҳолларда булар – банклар) мижознинг маҳсулот бериш, иш бажариш ёки хизмат кўрсатишдан келиб чиқадиган талаб қилиш ҳуқукларини харидор (буюртмачи)га тақдим этиш эвазига пул маблағларини беришдан иборат. Масалан, товар етказиб берувчи кўпинча етказиб берилган маҳсулот учун ўз мажбуриятини бажариш билан бир вақтда тўлов олмайди (олувчи вақгинча пул маблағлари бўлмагани сабабли олинган товар учун тўлов муддатини кечиктиради). Товар етказиб берувчи пул талабномасига эга бўла туриб, пул маблағлари йўқлиги ёки етишмаслиги учун қийин аҳволга тушиб қолади. Пул маблағлари муайян мулкий қийматга эга бўлиб, бозор қийматига, сўмнинг харид қобилиятига ҳам эга33.
Факторинг хизматининг мақсади дебиторлик қарзларининг реструктуризацияси, тўлов муддатининг кечиктирилишдан вужудга келадиган йўқотишларни камайтириш учун унинг ўз вақтида қарзларни инкассация қилиниши ва шубҳали қарзлар вужудга келишини бартараф этишдан иборат34.
Л.Рахматуллаевнинг эътироф этишича, “Жаҳон тажрибаси кўрсатишича, ривожланаётган компаниялар учун факторингдан фойдаланиш – ютуқларга эришиш учун ишончли йўл саналади. Факторинг дунёда машҳур бир қатор компаниялар: Acer (компьютер техникалари, Тайвань), Parmalat (озиқ-овқат маҳсулотлари, Италия)35, Lewis Global Toys (болалар учун товарлар, США) ва бошқалар36 ривожланишининг барча босқичларида қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида хизмат қилган.
Факторинг шартномаси икки томонлама бўлсада, учта субъектда ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келишини назарда тутади. Бу – сотиб олувчи (қарздор), маҳсулот етказиб берувчи (мижоз) ва молия агенти (фактор) бўлиб, улар бир-бирига нисбатан вакиллик ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.
Факторинг муносабатларининг субъектив таркибини белгилар экан миллий қонунчилик қуйидаги категорияларга асосланади: Фуқаролик кодекси бўйича - мижоз (кредитор), молия агенти ва қарздор–; “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тижорат банклари томонидан факторинг операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида” ги Низомга асосан эса, банк-молия агенти ва акцептланган тўловчи (тўловчи).
Миллий қонунчиликнинг ўзига хослиги шундаки, молия агенти (фактор) шартнома тарафи сифатида ҳуқуқий муносабатга киришиши учун махсус ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши лозим.
Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистонда факторинг хизматини кўрсатиш лицензияланган фаолият тури ҳисобланади ва молия агенти сифатида банклар, кредит ташкилотлари, шунингдек шундай фаолият билан шуғулланиш учун рухсатнома (лицензия) га эга тижорат шахслари иштирок этишлари мумкин (ФКнинг 750-моддаси).
Бироқ бунда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги факторинг шартномаси бўйича хизмат кўрсатиши лицензиялашга оид кўрсатмаларни, молия агентига, шунингдек шу туркумдаги лицензияни бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга органга қуйиладиган талабларни белгиламайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида факторинг хизмати кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар - миллий қонун ости ҳужжатларида амалда фақат тижорат банклар бўлиши мумкинлги белгиланган ва бу ҳолат “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тижорат банклари томонидан факторинг операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 1.3. бандида таҳлилидан келиб чиқади, бинобарин унда “факторинг – банк хизматининг бир тури” эканлиги қайд этилган.
Кўриниб турибдики, қонун ости характеридаги норма факторинг институти категориясини молия агенти сифатида қисқартиради. Ўз-ўзидан равшанки, кодификациялашган ва қонун ости ҳужжатлари нормаларининг ўзаро рақобати ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир қатор муаммоларни вужудга келтириши мумкин, бинобарин, бу ҳолатда гап шартнома ҳақиқийлигининг энг муҳим асоси – тарафларнинг ҳуқуқ субъектлилиги хусусида бормоқда.
Бугунги кунда кредитор ҳуқуқларини қонун асосида ўтказишнинг белгиланиши мавжуд ижтимоий иқтисодий муносабатлар ва манфаатларнинг мавжуд бўлиши билан ифодаланади. Замонавий бозор иқтисодиёти мулкий ҳуқуқларни муомалада бўлишини тақазо этмоқда.
Қонун асосида ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказилганда ҳуқуқ ўтказувчи ва олувчи томонидан ҳуқуқни бегоналаштиришга қаратилган фаол ҳаракатлар содир этиши талаб этилмайди. Яъни ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битим, бошқа юридик факт ва юридик таркиб мавжуд бўлишини тақазо қилади. Унинг натижасида қонун мажбурият ҳуқуқини бошқа шахсга ўтганлигини белгилайди. Мажбурият ҳуқуқини қонун асосида ўтказишнинг амалий аҳамияти, уни бошқа шахсга ўтказишдан фарқли равишда, шартнома шартларидан қатъи назар йўл қўйилишида, деб кўрсатади. Мажбурият бўйича тарафлар ўзларининг келишувларида бундай ўтказишни истисно қилишлари ҳам, уни амалга ошириш имкониятини ҳам қарздорнинг розилигига боғлиқ қилиб қўя олмайди.
Амалиётда ҳуқуқни бошқа шахсга қонун асосида ўтказилишида тарафларнинг келишуви (шартномаси) ҳам муайян даражада аҳамиятга эга бўлади.
Талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш талаб қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишга қаратилган барча битимларни ифодалаш мумкин бўлган йиғма тушунча сифатида кўрилиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, бунда мажбурият бўйича кредитор алмашинади. Демак, фуқаролик қонунчилигида назарда тутулган, шунингдек назарда тутилмаган ҳолда унга зид келмайдиган ҳар қандай фуқаролик ҳуқуқий битим асосида мажбурият ҳуқуқини бошқа шахсга бегоналаштиришни тушуниш мумкин.
Факторинг шартномаси бўйича молия агентининг асосий мажбурияти мижозни молиялаш ҳисобланади. Мазкур мажбурият факторингнинг турларида ҳам бир хилда қўлланиладиган ва асосий мажбурият саналади. Чунки, факторингнинг мақсади ҳам молиялаштириш ҳисобланади ва банк фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.
Фактор – операцияларининг асосида мижоз ва фактор-фирма ўртасидаги келишув ётади. Фактор-фирма мижоздан тўлов ҳужжатларини харид қилади ва икки-уч кун ичида уларнинг 70-90 фоиз қийматини тўлайди. Қолган 30-10 фоизи харидор ҳисобни қоплаши билан тўланади.
Факторинг хизматлари “молиялаштиришсиз” ёки “молиялаштириш” шарти билан тақдим этилади. Биринчи ҳолда ҳисоб-фактурани берувчи фактор-компания мижози тўлов муддати келганда, ҳисоб-фактура охирги суммасини олади. Иккинчи вазиятда мижоз кўзда тутилган тўлов муддатидан қатъи назар, товар учун секин ҳақ тўлашни талаб қилиши мумкин. Охирги вазиятда фактор-компания мижозга кредит тақдим этади.
Факторинг битимини амалга оширишдан олдин жиддий таҳлилий иш олиб борилади.
Факторинг хизмати кўрсатишга қуйидаги корхоналар жалб этилмайдилар:
– дебиторлар катта сонига эга бўлган;
– чайқовчилик бизнеси билан шуғулланадиган;
– ностандарт ва тор ихтисослашган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган;
– майда маҳсулотлар тўпламини чаканалаб сотадиган;
– суб-пудратчилар билан ишлайдиганлар ва бошқалар.
Корхоналар буюртмасини олган фактор-компания потенциал мижозлар, молиявий ва иқтисодий аҳволини унинг фаолият соҳасини, сотилаётган маҳсулот турлари, бозор конъюнктурасини диққат билан ўрганади. Охирги уч йиллик баланси, ҳисобот ва молиявий кўрсаткичлар, товарга бўлган талаб ва ҳоказолар таҳлил қилинади. Сўнгра компания хизмат кўрсатишга ё розилик беради, ёки бош тортади. Розилик берганда, мижоз харидор томонидан қўйилган барча ҳисоб-фактураларни ўтказади.
Фактор-компания уларни обдон ўрганади ва ҳар бири бўйича розилик ёки рад этди (икки-уч кундан кейин).
Икки йилга тузилган факторинг тўғрисидаги шерикчилик шартномаси фактор-молиялаштириш асосини ташкил этади. Замонавий факторинг фактор-компания мижозга кўрсатадиган қатор хизматларни ўзида бирлаштиради:
мижозлар ҳисобларига ишлов бериш;
уларни пул маблағлари билан таъминлаш;
мижозларни харидорларнинг тўлов лаёқати тўғрисида хабардор қилиш;
харидорларнинг тўлов лаёқатига эга эмаслиги, таваккалчилик хатарини ўз зиммасига олиш.
Жаҳон амалиётида факторинг хизматларининг қиймати икки унсурдан таркиб топади; фактор-хизматлар учун комиссион мукофот; муддатидан олдин тўланганда ундириладиган фоизлар.
Фактор-кредит бўйича комиссия ҳисоб-фактуранинг 1,5-2 фоизини ташкил этади ва қисқа муддатли ссудалар бўйича одатдаги банк фоизларидан бирмунча юқори бўлади.
Факторинг операцияларини амалга оширишда дебиторлик қарздорлиги нақд пулларга айлантирилади ва ишлаб чиқариш мақсадлари учун фойдаланилиши мумкин.Мижозда дебиторлик ҳисобларини юритиш ва кредит назорати бўйича харажатлар қисқаради37.
Халқаро амалиётда қўлланиладиган факторингнинг мавжуд турларини қуйидаги ҳолатлар бўйича туркумлаш мумкин:
а) факторинг муносабатлари вужудга келишидан қарздорнинг хабардорлиги факти бўйича.
Мазкур асос бўйича очиқ (конвенциявий) ва ёпиқ (конфиденциал) факторингни ажратиш мумкин.
Биринчи ҳолатда маҳсулот етказиб берувчи факторга сотиб олувчи (буюртмачи) дан пул суммасини олиш учун талаб қилиш ҳуқуқини беради, бунинг натижасида фактор сотиб олувчи билан тузилган битим бўйича кредиторга айланади товар (иш, хизмат) ни лозим даражада етказиб бериш мажбурияти эса маҳсулот етказиб берувчининг зиммасида қолади. Бунда қарздорни факторинг битимида иштироки тўғрисида хабардор қилиш маҳсулот етказиб берувчи томонидан ҳам, фактор томонидан ҳам амалга оширилади.
Конвенциявий факторинг ўзида мижозга молиявий хизмат кўрсатишнинг универсал тизимини ифодалайди, бинобарин, у ўзида турли хилдаги маълумотлар билан бирга бухгалтерлик ҳисоботи, маҳсулот етказиб берувчи ва сотиб олувчи ўртасидаги ҳисоб-китоблар, суғурталаш кредити, вакиллик ва бошқаларни акс эттиради. Мижозда эса, унинг асосий маҳсулот етказиб бериш вазифаси сақланиб қолади;
б) ўтказилаётган пул талабномасининг ҳажми бўйича.
Бу асос бўйича тўлиқ факторинг ва факультатив факторинг фарқланади. Тўлиқ факторингда (мутлақ ҳуқуқлар билан бирга) маҳсулот етказиб берувчи фактор фойдасига барча муайян турдаги талаблардан воз кечади, бундан шартномада белгиланганлари мустаснодир. Факторингнинг ушбу тури муайян ҳудудда жойлашган барча қарздорларга, ёхуд уларнинг айрим гуруҳларига нисбатан талабларга нисбатан қўлланилади.
Факультатив факторинг (мутлақ ҳуқуқларсиз) факторга фақатгина шартномада белгиланган айрим аниқ талабларни ўтказишни назарда тутади.
в) битимни амалга ошириш характерига кўра. Бунда бевосита ва билвосита факторинг ажратилади.
Бевосита факторингда фақат битта фактор – маҳсулот етказиб берувчи-экспортёр олдидаги мажбуриятни бажаради ҳамда унинг ўзи импортёрга етказиб берилган товар тўловини талаб қилади.
Билвосита, яъни “икки тизимли” факторингда эса, маҳсулот етказиб берувчи-экспортёр мамлакатида жойлашган фактор экспортёрнинг қарздори жойлашган мамлакатдаги фактор билан субфакторинг шартномасини тузади.
Албатта бозор хўжалигининг замонавий шакллари факторинг операцияларига таъсир кўрсатувчи диверсификация механизмларини назарда тутади. Шу билан бирга, бундай воқеликлар ҳуқуқий характерга эга бўлмайди, бироқ уларнинг хусусиятлари мавжуд ҳуқуқий доирада бўлади ва мазкур мавзу учун алоҳида қизиқиш уйғотмайди.
Таъкидлаш лозимки, халқаро амалиётда “бирфакторли” ва “иккифакторли” деб номаланадиган схемалар ажратилади.
Биринчи ҳолатда ташқи савдо битимларида экспортчи, импортчи ва экспорт-фактор иштирок этади. Бу схемада экспорт-фактор импортчи билан бевосита ишлайди. Хорижий тажриба кўрсатишича, бирфакторли амалиёт экспортчи (ёки экспорт-фактор) жуғрофий жиҳатдан импортчи билан яқин бўлганда, ёхуд ишончли ва синовдан ўтган сотиб олувчилар билан тузиладиган битимларда қўлланилиши мумкин.
Иккифакторли схема экспорт-фактор импортчи мамлакатида импортчининг кредитга лаёқатлилигини текшириш ва ундан қарзни ундириши учун етарли имкониятга эга бўлмаган ҳолатларда вужудга келади.
Импорт факторинг деганда экспортчи (доимий экспорт маҳсулот етказиб беришларида) импортчи мамлакатда хизмат кўрсатиш факторинги тўғрисидаги шартнома тузиш тушунилади. У импортчининг мажбуриятлари бўйича тушумларни инкассо қилиш ёки импортчи учун тўлов кафолатларини бериш йўли билан амалга оширилади.
Халқаро факторингнинг алоҳида тури халқаро форфейтинг (а-форфе)38 ҳисобланади. Бунда тўловни талаб қилиш ҳуқуқи эмас, оддий ва ўтказма вексел (тратлар) форфейтчи (фактор)га индоссамент қилиш йўли билан воз кечилади.
Форфейтинг бир қатор ижобий жиҳатларга эгаки, бу ҳолат уни ўрта муддатли молиялашданинг энг қулай шаклига айлантиради. Бинобарин, бунда форфейтингнниг асосий қулайлиги, операция билан боғлиқ барча хавфни форфейтер ўз зиммасига олиши ҳисобланади. Бундан ташқари, форфейтенгга бўлган қизиқиш айрим мамлакатларда фиксацияланган фозли ставкалардан воз кечилиши, кўплаб ривожланиб бораётган мамлакатларда импорт қилинган товарлар тўлови учун валютанинг етарли эмаслиги, сиёсий хавфнинг ортиб бориши ва бошқа бир қатор ҳолатлар сабабли ортиб бормоқда.
Замонавий амалиётда форфейтинг кўпинча ташқи савдо (трансчегаравий) операцияларни молиялаш учун қўлланилади. Форфейтингли молиялаш ўрта муддатли характерга эга бўлади ва капитал (инвестиция) мақсадидаги товарлар (транспорт воситалари ва ускунлар) ва хизматлар (саноат қурилиши ва инфратузилишли объектларни чет элга чиқрашида) экспорти учун мўлжалланади.
Ўзбекистон мисолида айтиш мумкинки, миллий қонунчилик ва ишбилармонлик амалиётида форфейтинг операцияси маълум эмас. Бироқ бу ҳолат мазкур муносабатлар қонунчилик томонидан тартибга солиниши зарур эмас деган хулоса чиқаришга асос бўлмайди. Аксинча, ҳуқуқий ва иқтисодий тизимлари ривожланиб бораётган давлатлар амалиёти кўрсатишича, бозорнинг замонавий қурилмаларини лозим даражада ҳуқуқий таъминланмаганлиги уларнинг вужудга келиши ва ривожланишига тўсқинлик қилади. Шу муносабатлар билан Ўзбекистонда факторинг ва форфейтинг операциялари ҳуқуқий базасининг шаклланиш жараёни қонунчилик томонидан тартибга солишда ҳам ва илмий таъминлашда ҳам давомийлик, тизимлилик ва концептуал ёндашувни талаб қилади39.
Мазкур фикрга қўшилган ҳолда айтиш мумкинки, факторинг шартномаси тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тизими молиявий хизматлар билан ҳамоҳанг бўлиб, мижоз шартномада назарда тутилган пул талабномасини топшириш ва унинг ишончлилиги ҳамда қарздорнинг тўловга қобилиятлилигига мажбур ҳисобланади.
Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш шартномасида бир марталик ҳамда бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш билан боғлиқ операцияларни мунтазам равишда ўтказиб туриш белгилаб қўйилган бўлиши мумкин. Охирги ҳолда шартнома ташкилий тизимли алоқалар кўринишини олади. Бундай шартнома бўйича молия агенти мижозга унинг учинчи шахсларга хўжалик фаолияти давомида юзага келадиган пул талабномаси ҳисобига пул ўтказиб беради, мижоз эса бу пул талабномасидан молия агенти ҳисобига воз кечади. Шартномада пул талабномасидан воз кечиш ва молиялаштиришнинг умумий шартлари кўрсатиб ўтилиб, унга воз кечиладиган талабномалар, алоҳида операцияларни амалга ошириш тартиблари, молия агентининг мукофот миқдорлари, шартноманинг амал қилиш муддати ва томонларнинг бошқа талаблари кўрсатилади.
ФК 749-моддасининг 1-қисми ва 756-модда мазмунидан келиб чиқадики, шартномада пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига пул маблағларини ўтказиш икки хил усулда амалга оширилади: пул талабномасини сотиб олиш йўли билан; 2) қарзга пул маблағларини тақдим этиш билан.
Молиялаштиришнинг тегишли шаклидан фойдаланиш молия агентида вужудга келадиган мажбуриятлардаги фарқларни намоён қилади.
Мижоздан талабномани сотиб олиш қарздор билан молия агенти орасида мажбуриятлар юзага келишига сабаб бўлиб, бу мажбуриятлар мазмуни қарздор томонидан молия агентига ўтган пул талабномаларини тўлашдан иборатдир. Молия агенти томонидан мижозга пул талабномасини тақдим қилиш фақат ФК 752-моддасида кўрсатилган асосларда ва мижознинг молия агенти олдидаги жавобгарлиги тўғрисидаги талабларни бажармаганлиги билан боғлиқ пул талабномаси бўлиб, воз кечиш предмети ва қарздор томонидан унинг тўланмаганлигидир.
Пул талабномасидан воз кечиш билан таъминланган ҳолда пул маблағларини қарзга бериш билан молиялаштириш иккита мажбурият муносабатларини - асосий ва таъминловчи муносабатларни келтириб чиқаради. Биринчисининг моҳияти шундан иборатки, унда молия агенти томонидан берилган пул маблағлари мижоз томонидан қайтарилади. Иккинчисининг моҳияти эса, пул талабномасини қарздор томонидан мижознинг молия агентига қарзларини тўлаш бўлсада, унинг асосий мажбуриятга нисбатан таъминловчилик функцияси устун туради.
Мижоз томонидан пул талабномаларидан воз кечиш талабномаларни молия агентига ўтказиш мақсадида, ҳамда мижознинг молия агенти олдидаги мажбуриятларини бажаришни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Пул талабномаларидан воз кечиш мижозни молия агенти олдидаги мажбуриятларни бажаришни таъминлаш учинчи шахсни мижоз мажбуриятларини унга берилган пулларни қайтариш учун жалб қилишдан иборат. Бундай таъминлашнинг хусусияти шундан иборатки, унда воз кечиш предмети бўлган пул талабномасини бажарилишга тақдим этиш, контрагентнинг асосий мажбуриятларни бажармаслиги ёки қониқарсиз бажарганлигига боғлиқ эмас. Бу мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашнинг қонунда кўрсатилган усулларига хосдир. Аксинча, пул талабномаларидан шартнома доирасида воз кечишда молия агенти аввал пул талабномаси тўловларини тўлаши ва агар қарздордан олинган, пул талабномасидан воз кечиш билан таъминланган сумма мижознинг молия агенти олдидаги қарзидан кам бўлган ҳолда эса, қарзни қолган қисмини тўлаш мижозга тақдим этилади (ФК 756-моддаси 2-қисми). Пул талабномасидан воз кечишнинг таъминот функцияси шунга асосланганки, молия агенти мижозга берилган пулни қайтариш талаби билангина чекланиб қолмасдан, мижоз қарзини узишга маблағ манбаси вазифасини ўтовчи учинчи шахсга (қарздорга) пул талабномасини ҳам ўз зиммасига олади. Шу билан бир қаторда томонлар одатдаги муносабатлар тартибидан ҳам фойдаланишлари мумкин бўлиб, унда молия агенти пул талабномаси қийматини қаноатлантириш ҳуқуқига фақатгина мижоз молия агенти олдида таъминланган пул талабномасидан воз кечиш мажбуриятини бажармаган тақдирда эга бўлади.
Мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули сифатида пул талабномасидан воз кечишга таъминловчи ёки асосий мажбуриятлар ҳақиқий эмас деб топилганда келиб чиқадиган оқибатлар ҳақидаги ФК 259-моддаси қоидалари қўлланилади.
Шартнома бўйича бажарилаётган операциялар мунтазам характерга эга бўлган ҳолларда молия агенти билан мижоз ўртасидаги умумий қоидаларга асосланган муносабатлар моҳияти молиялаштириш ва пул талабномасидан воз кечиш билан тугамайди. Пул талабномаси билан пулларни ҳақиқатдан ҳам келиб тушишини таъминлаш учун молия агенти мижознинг молия-хўжалик фаолиятида фаол иштирок этиши ва учинчи шахслар томонидан пул талабномаларининг ўз вақтида бажарилиши талаб этилади. Ўз томонидан мижоз, айниқса корхона унча катта бўлмаса, унга малакали молиявий хизмати кўрсатишдан манфаатдордир. Бу мақсадларда молия агентининг пул талабномаларидан воз кечилган ҳолда шартномага кўра молиялаштиришдаги мажбуриятлари мижозга бир қатор молиявий-бухгалтерия, маслаҳат ва маълумот хизматларини (мижоз учун бухгалтерия хизматлари, учинчи шахсларнинг тўлов қобилиятини текшириш ва улардан дебитор қарзларини ундириш, шу жумладан суд йўли билан жарималарни ундириш) ўз ичига олиши мумкин40.
Иқтисодий нуқтаи назардан факторинг – бу мижознинг қарздорлигидан пул маблағларини ундириш бўйича компаниялар ёки бундай операциялар билан шуғулланувчи банк томонидан олиб бориладиган даврий операциялардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |