2 §. Селекция ютуқларини ҳуқуқий ҳимояга
лаёқатлилик шартлари
Ўсимликлар нави ва ҳайвонлар зотини яратишга қаратилган биологик муаммо ечими селекция ютуқларининг асосий белгисидир. Селекция ютуқларининг биологик ечими белгиси селекция ютуқларини интеллектуал мулк объекти сифатидаги моҳиятини ва унинг интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижаларидан фарқли томонларини очиб беради. Ушбу асосий тушунча ҳар қандай ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари учун тааллуқли ҳисобланади. Бунда ушбу нав ва зотлар қонун билан қўриқланиши ёки қўриқланмаслиги аҳамиятга эга эмас.
Муҳофаза этилаётган селекция ютуқлари бир қанча қўшимча белгиларга эга бўлиши лозим. Бошқача айтганда, қонунда белгиланган ҳуқуқий ҳимояга лаёқатлилик мезонларига жавоб бериши шарт104.
Ўзбекистон Республикаси “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунининг 2-бўлими селекция ютуғининг патентга лаёқатлилиги деб номланади ва бевосита селекция ютуғининг ҳуқуқий ҳимояга лаёқатлилик мезонини белгилайди. Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ селекция ютуғи янгилик, фарқланиш, турдошлик ва барқарорлик мезонларига жавоб берса у ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинади.
Селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилик шартларининг ҳар бири қонунда алоҳида-алоҳида баён этилган. Қонунга мувофиқ, уруғлик, кўчат ёки насл маҳсулоти патент бериш ҳақида талабнома топширилган кундан эътиборан: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида камида бир йил олдин; бошқа давлат ҳудудида камида тўрт йил ёки агар ток, ёғочбоп, манзарали, мевали дарахатлар ва ўрмон ўсимликларига тааллуқли бўлса, камида олти йил олдин селекция ютуғи муаллифи, унинг ҳуқуқий вориси томонидан ёки уларнинг розилиги билан сотилмаган ва фойдаланиш учун бошқа шахсларга берилмаган бўлса янгилик ҳисобланади (Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонуннинг 9-моддаси).
Ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари ҳимояга лаёқатлилигининг янгилик мезонида ифодаланган бир йил, тўрт йил, олти йил олдин селекция ютуғи муаллифи, унинг ҳуқуқий вориси томонидан ёки унинг розилиги билан сотилмаганлиги ва бошқа шахсга фойдаланиш учун топширилмаганлиги бир қанча давлатлар қонунларида ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, Россия Федерациясининг 1993 йил 6 августдаги “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунининг 4-моддаси 2-банди, Литва Республикасининг 1996 йил 17 сентябрдаги “Ўсимликлар тури ва уруғчилиги муҳофазаси тўғрисида”ги қонунида ва Грузия Республикасининг 1996 йил ноябр ойидаги “Селекция ютуқлари муҳофазаси тўғрисида”ги қонунида селекция ютуғининг янгилиги шу республикалар ҳудудида селекция ютуғи бир йил олдин, чет элда ёғочбоп ўсимликлар олти йил, бошқа ўсимликлар тўрт йил олдин сотилмаганлиги ва фойдаланилмаганлиги билан белгиланади.
Шу билан бирга Грузияда селекция ютуқларининг янгилиги мезони ҳимояга лаёқатлиликнинг биринчи мезони ҳам ҳисобланади105.
Селекция ютуғининг янгилиги мезонига қўйилган қонуний талаблар интеллектуал мулкнинг бошқа объектларига қўйилган қонун талабларидан фарқланишини илғаш мушкул эмас албатта, селекция ютуғининг янгилиги мезонига фақатгина битта талаб-бошқа шахсларга фойдаланиш учун уруғни ва уруғлик материалини сотмаслик ёки бошқача усулда топширмаслик талаби қўйилади. Агар умумфойдаланишдаги манбаларда эълон қилинган селекция ютуқлари ҳақидаги маълумот эълон қилинган бўлса, селекция ютуқларидан селекция ютуғи муаллифининг ўзи ёки унинг ҳуқуқий вориси фойдаланган ҳисобланади ва тадқиқотнинг янгилиги эътиборга олинмайди.
Селекция ютуқлари агар нав ёки зотни яратишда фойдаланилган материал бошқа шахслар томонидан селекция ютуғи муаллифи ёки унинг ҳуқуқий вориси розилигини олмасдан фойдаланган бўлсалар, селекция ютуғининг янгилиги мезони сақланиб қолинади.
Селекция ютуқларининг янгилиги белгиланган вақт билан аниқланади ва бу вақт устуворлик санаси ҳисобланади. Ўз вақтида селекция ютуғининг устуворлиги санаси Интеллектуал мулк агентлигига патент олиш учун ёки фойдаланишга рухсат олиш учун ариза топширилган кундан бошланади. Агар Интеллектуал мулк агентлигига бир кунда битта селекция ютуғи учун бир неча ариза тушган бўлса, у ҳолда аризани жўнатиш санасидаги устуворликка эътибор берилади яъни, қайси ариза олдинроқ жўнатилган ёки топширилган бўлса, селекция ютуғига патент олиш ҳуқуқига ўша аризачи эга бўлади. Шунингдек, аризани жўнатиш саналари мос келса, у ҳолда аризани Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатга олиш рақамидаги устуворлик ҳисобга олинади. Бунда жўнатиш санаси мос келган аризадан қайси олдинроқ Интеллектуал мулк агентлигидан рўйхатдан ўтказилган бўлса, шу аризачи селекция ютуғига нисбатан патент олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Талабнома берувчи Интеллектуал мулк агентлигига жўнатаётган талабномасида биринчи талабноманинг устуворлик санасини кўрсатиши лозим. Талабнома берувчи талабнома Интеллектуал мулк агентлигига тушган санадан эътиборан уч ой ичида биринчи талабноманинг нусхасини ва таржимасини тақдим этиши шарт.
Патент ҳуқуқига мувофиқ, селекция ютуғига патент олиш учун талабнома топширган шахс янгилик бўйича имтиёздан фойдаланади. Бу имтиёз талабнома топширган шахснинг селекция ютуғидан қонунда белгилаб қўйилган муддат давомида бошқа шахсга фойдаланиш учун бериш ҳуқуқидир. Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунга мувофиқ селекция ютуғига патент олиш учун талабнома топширган шахс уруғлик, кўчат ёки насл маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ариза топширган кундан эътиборан бир йил мобайнида бошқа давлат худудида тўрт йил давомида ёки ток, ёғочбоп, манзарали, мевали дарахтлар ва ўрмон ўсимликларига тааллуқли бўлса, олти йил мобайнида фойдаланиш учун бошқага бериш ҳуқуқига эга. Бунда уруғлик кўчат ёки насл маҳсулотини фойдаланиш учун бошқа шахсга бериш қонунда белгиланган муддатдан кўп бўлса, у ҳолда патент олиш учун топширилган селекция ютуғи янгилик саналмайди. Селекция ютуғи истисно тариқасида янгилик мезонига жавоб бермаган ҳолларда ҳам ҳуқуқий муҳофаза этилади. Бу ҳолат фойдаланишга топширилган аниқ нав ва зот селекция ютуқларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган бўлса юзага келади. Бунда устуворлик санаси Интеллектуал мулк агентлигига селекция ютуғини фойдаланиш учун топшириш тўғрисидаги талабнома тушган пайтдан бошлаб белгиланади. Патентнинг амал қилиш муддати селекция ютуғидан фойдаланишга рухсат берилган пайтдан бошлаб патент берилган вақтгача бўлган муддатга қисқартирилади.
Селекция ютуғининг ҳуқуқий ҳимояга лаёқатлилигини белгиловчи иккинчи мезон-фарқланиш мезонидир. Фарқланиш мезони янгилик мезонига анча яқин мезон ҳисобланади ва ўзининг анъанавий тушунчаси билан селекция ютуғининг янгилиги мезонини тўлдириб туради. Шунингдек, яратилган нав ва зотнинг селекция ютуғи сифатида эътироф этилишини таъминлайди. қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, селекция ютуғи талабнома топширилган санада бошқа ҳар қандай барчага маълум селекция ютуғидан аниқ-равшан фарқланиши лозим. Бунда “маркерли” атамаси экиш технологиясидаги фарқланишни билдирса, “иммунли” атамаси эса, организмнинг касаллик туғдирувчи омиллар (микроблар, таксинлар) ва антиген табиатли ёт моддаларга чидамлилиги ва мойил эмаслигидаги фарқлар назарда тутилади.
Ҳосилдорлик жиҳатидан бошқа ҳар қандай барчага маълум селекция ютуғидан кўпроқ ҳосил бериши билан фарқланиши лозим. Бошқа кўрсаткичлар дейилганда уруғлик, кўчат ёки насл маҳсулотининг сифати жиҳатидан фойдалилиги юқори бўлишлиги кўзда тутилган.
Селекция ютуғи барчага маълум деб, селекция ютуғига бошқа мамлакатда ҳимоя ҳужжати бериш ҳақида талабнома топширилган ва унга мувофиқ патент ёки шунга ўхшаш муҳофазанинг бошқа бир шакли берилган бўлса, ёхуд селекция ютуғи шу мамлакатнинг селекция ютуқлари расмий реестрига киритилган бўлса селекция ютуғи талабнома топширилган санада барчага маълум эди деб ҳисобланади (қонуннинг 10-моддаси).
Селекция ютуқларини барчага маълумлиги, шу селекция ютуғининг расмий каталогларда маълумот жамғармаларига ёки бирор бир нашрда тўлиқ ифодаланганлиги билан изоҳланади. Шу билан бирга селекция ютуғини бошқа барчага маълум селекция ютуқларидан фарқланишида яратилган селекция ютуғининг олдин мавжуд бўлган ва у тўғрисидаги маълумотлар барча олиши мумкин бўлган ахборот манбаларида нашр этилган селекция ютуғидан белгиланган сифат кўрсаткичлари билан ажралиб туришини аниқлаш муҳим ҳолат бўлиб ҳисобланади.
Селекция ютуқларининг фарқланиш мезони турли давлатларда турлича талқин этилади. Масалан, Литва Республикаси қонунчилигига мувофиқ селекция ютуғининг фарқланиши қуйидагича ифодаланади: нав, Литва Республикаси ёки чет элда маълум бўлган, шунингдек олдин берилган аризаларда кўрсатилган навлардан битта зарурий белгиси билан фарқ қилса фарқланиш мезонига жавоб берган ҳисобланади106.
Селекция ютуғининг зарурий белгиси дейилганда бу ерда яратилган селекция ютуғининг сифат, миқдор ва бошқа муҳим белгилари тушунилади. Шуни назарда тутиш керакки, селекция ютуғининг фарқланиш мезони устида тадқиқот олиб бораётганда жаҳонда маълум бўлган барча селекция ютуқлари тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш лозим бўлади.
Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонун “барчага маълумлик” иборасини қуйидагича ифодалайди:
-кейинчалик кўпайтириш, сақлаш мақсадларида етиштириш, кондинцияга етказиш ва юқорида санаб ўтилган мақсадларда асраш натижасида барчага маълум билим даражасининг бир қисмига айланган селекция ютуғига нисбатан;
-сотишга таклиф этилган, сотилган, мамлакатга олиб кирилган ёки мамлакатдан олиб чиқиб кетилган селекция ютуғига нисбатан аниқланади.
Кўриниб турибдики, бу норма селекция ютуқларининг барчага маълумлиги қандай селекция ютуғига нисбатан аниқланишини ўзида ифодалайди ва шу шартлар мавжуд бўлганда селекция ютуғини барчага маълум деб ҳисоблайди.
Селекция ютуқлари барчага маълум бўлган селекция ютуқларидан фарқланиши билан бирга маълум маънода турдош (ўхшаш) бўлиши ҳам лозим. қонуннинг 11-моддасига биноан, селекция ютуғи кўпайтиришнинг ўзига хос жиҳатларини олганда муайян навли ўсимликлар ёки муайян зотли ҳайвонлар селекциялаштириш белгиларига кўра бир хилликка эга бўлса турдош ҳисобланади. Ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари бундай белгиларга: морфологик, физиологик, цитологик, кимёвий ва бошқа белгилар киради ҳамда, айнан ана шу белгилари билан яратилган янги нав ва янги зот ўз аждодига ўхшаши керак. Ўхшашлик белгиси селекция соҳасида эришилган натижанинг сифатини аниқлайди. Кўпчилик ўсимлик навлари ва ҳайвон зотларида, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг бошқа нав ва зотларидан ажратиб турувчи ўзига хос умумий белгилари мавжуд бўлмаса, селекция фаолияти соҳасида ютуққа эришишнинг иложи бўлмасди.
Ўхшашлик белгиси ўсимликлар нави ва ҳайвонлар зотининг ҳар бири учун Интеллектуал мулк агентлиги томонидан алоҳида, ҳар бир ўсимлик нави ва ҳайвон зоти учун хос бўлган услублар билан аниқланади.
Селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилик шартларининг сўнггиси барқарорлик мезонидир. Қонуннинг 12-моддасига биноан, селекция ютуғи барқарор ҳисобланиши учун бир неча марта кўпайтирилганидан кейин ёки алоҳида цикл бўйича кўпайтирилган тақдирда кўпайтиришнинг ҳар бир цикли охирида унинг асосий белгилари ўзгаришсиз қолиши керак. Ишлаб чиқаришга жорий этилганда ўзининг алоҳида хусусиятларини сақлаб қола олмайдиган ўсимлик ва ҳайвонларни яратиш қонунга мувофиқ селекция ютуғи ҳисобланмайди ва қонун билан қўриқланмайди. Гарчи бунда шундай ўсимлик ва ҳайвон муҳим илмий аҳамиятга эга эканлиги ҳамда ижодий фаолият натижаси яратилганлиги эътиборга олинмайди. Селекция соҳасидаги илмий фаолият натижасида барқарорлик мезонининг мавжуд бўлмаслиги яратилган нав ва зотнинг-селекция ютуғи эмас деб топилишига сабаб бўлади.
Селекция ютуқлари янгилик, фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорлик мезонига жавоб бериши билан бирга Ўзбекистон Республикасида патентли ва патентсиз тадбирга мувофиқ муҳофаза қилинадиган ботаник ва зоологик авлод ҳамда турларга тааллуқли бўлсагина ҳуқуқий муҳофаза этилади. Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган ботаник ва зоологик авлод ҳамда турларнинг давлат рўйхати Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 1997 йил 4 декабрдаги қарори билан тасдиқланган. Ушбу рўйхат ботаник ва зоологик авлод ҳамда турларнинг ҳар бирини ўзбекча, русча ва лотинча номланишини ва улар мансуб бўлган гуруҳларни ўзида ифодалайди. Масалан, жавдар ғалла экинлари гуруҳига; тариқ, шоли дон-ёрма экинлари гуруҳига; жўхори дон ва озуқа экинлари гуруҳига мансублиги кўрсатилган107.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, селекция ютуқларини ҳимояга лаёқатлилиги мезонларини қуйидагича ифодалаш мумкин: ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотларини яратишга доир биологик муаммонинг ечими, барчага маълум нав ва зотлардан аниқ-равшан фарқланиши, етарли даражада турдош ва барқарор бўлиши, шунингдек қонун билан белгиланган ботаник ва зоологик авлод ҳамда турларга тегишли бўлиши керак.
3 §. Селекция ютуқларига патент бериш тартиби
Интеллектуал мулкнинг бир қатор объектлари сингари селекция ютуқлари ҳам патент билан муҳофаза этилади. Яратилган янги нав ва зот Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ҳуқуқий ҳимоя ҳужжати-патент берилганидан сўнг, селекция ютуғи деб эътироф этилади. Селекция ютуғи муаллифи томонидан ижодий фаолият натижасида яратилган янги нав ва зотга патент берилмаса, у интеллектуал мулк объекти ҳисобланмайди ва ҳуқуқий ҳимоя қилинмайди.
Ўзбекистон Республикасининг Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунига мувофиқ, селекция ютуғига бўлган ҳуқуқ патент билан тасдиқланади (Қонуннинг 14-моддаси). Бундай ҳуқуқий муҳофаза ҳужжати ҳуқуқий жиҳатдан анча мақбул ҳисобланади.
1961 йилги Ўсимликларнинг янги навлари бўйича Париж Конвенциясида ҳам иштирокчи давлатларга ҳуқуқий ҳимоя ҳужжатининг биттасини танлаш лозимлиги кўрсатилган эди. Шу билан бирга Россия Федерациясининг 1993 йил 7 августдаги Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонунда ҳам селекция ютуқларига фақат битта ҳуқуқий муҳофаза ҳужжати-патент берилиши назарда тутилган. Бундан ташқари кўпчилик давлатларда ҳам селекция ютуқлари фақат битта ҳимоя ҳужжати билан муҳофаза қилинади. Масалан, селекция ютуқлари Германияда – “Навларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 1968 йилдаги қонунга мувофиқ гувоҳнома орқали АҚШдаги икки қонун ҳужжати - 1930 йилдаги “Ўсимлик навларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва 1970 йилдаги “Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра селекция ютуқлари гувоҳнома билан Италиядаги “Ўсимликларни янги навларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун билан гувоҳнома асосидамуҳофаза қилинади.
Болгарияда эса янги нав ва зотга нисбатан сертификат берилади ва Болгария Республикасининг “Ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари тўғрисида”ги 1996 йил 19 сентябрда қабул қилинган Қонунига мувофиқ, сертификат мутлақ ҳуқуқ соҳибларига берилади.
“Селекция ютуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, патентга бўлган ҳуқуқ муаллифга (ҳаммуаллифларга) ёки унинг меросхўрига (меросхўрларига) тегишлидир. Селекция ютуғини бир неча шахс биргаликда яратган бўлса, патент олиш ҳуқуқига уларнинг ҳаммаси эга бўлади. Ушбу шахслардан биттасининг патент олиш ҳуқуқидан воз кечиши бошқаларнинг патент олиш ҳуқуқига таъсир этмайди.
Агар селекция ютуғи хизмат вазифаларини аниқ топшириқни бажариш натижасида ёки иш берувчи ташкилотнинг ўзига хос жиҳатини ташкил этувчи билим ва тажрибаси натижасида яратилган бўлса, патент олиш ҳуқуқи иш берувчи шахсга тегишли бўлади.
Селекция ютуғига нисбатан патент бериш тартиби ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарига патент бериш тартибига ўзининг асосий белгилари билан ўхшайди ва махсус давлат органлари орқали амалга оширилади. Шу билан бирга селекция ютуғининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонун селекция ютуғига патент бериш тартибининг бир неча хусусиятларини ифодалайди.
Талабнома берувчиларнинг нав ва зотни синовдан ўтказганлиги ҳақидаги ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Селекция ютуқлари бўлимига (иш вақтида) бир йил давомида топширилиши мумкин. Селекция ютуқлари бўлимига талабнома топшириш санаси талабнома материаллари келиб тушган сана билан белгиланади. Талабнома ўсимликларнинг битта нави ёки ҳайвонларнинг битта зотига тааллуқли бўлиши керак. Шунингдек, талабнома материалларидан ўсимликларнинг навлари бир парҳишдан кўпайган ўсимлик бир ёки бир неча авлодлар, биринчи авлод дурагайи ва аралашмаси билан, ҳайвонлар зотлари эса-зотнинг ичидаги хили, завод хили, завод тизими, кросс (паррандачиликда), партеноклон тизимлари, дурагайлари тавсифланиши керак. Агар талабнома тизими нав, зот ёки аралашмага берилса (ўз-ўзидан чангланувчан ва мавсумий кўпаювчан ўсимликлар), у ҳолда нав, зотнинг ҳамма тизимларига тегишли анкеталарга эга бўлиши керак.
Патент бериш ҳақидаги селекция ютуғи муаллифи ва кимнинг номига патент ёки гувоҳнома сўралаётган бўлса, ана шу шахс, шунингдек, уларнинг турар-жойи ёки жойлашган ерига доир маълумотлар кўрсатилган ариза вақтинчалик қоидаларнинг 3.1.бандига мувофиқ ва вақтинчалик қоидаларнинг 1-иловасида келтирилган шаклда берилади.
Селекция ютуғининг номи Қонунга ва “Селекция ютуқларига талабномалар тузиш ва топширишнинг вақтинчалик қоидалари”га мувофиқ, талабнома берувчи таклиф қилган ва селекция ютуқлари бўлими маъқуллаган ном бўлиши лозим. Селекция ютуғининг номи ўхшашликка олиб келиши, қисқа бўлиши, у ёки бу яқин ботаник ёки зоологик авлод ҳамда турга тааллуқли ва ҳаммага маълум селекция ютуғи номларидан фарқланиши керак. У фақат рақамлар билангина чегараланмаслиги, хусусияти, келиб чиқиши, селекция ютуғининг муҳимлиги, селекция ютуғи муаллифилар шахси бўйича чалғитмаслиги, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойилларга зид бўлмаслиги керак.
Талабномадан қишлоқ хўжалик соҳасидаги бошқарув органлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг хулосалари ўз аксини топган. Бу ижобий ҳол албатта. Лекин селекция ютуқларига талабномалар тузиш ва топшириш тартиби ҳанузгача “вақтинчалик қоидалар” билан амалга оширилаётганлиги мавжуд ҳуқуқий механизмнинг барқарор эмаслигидан далолат беради.
Қонун талабларига мувофиқ тузилган талабнома Интеллектуал мулк агентлигининг селекция ютуқлари бўлимига талабнома берувчи орқали бевосита ёки почта орқали топширилади, шунингдек, Интеллектуал мулк агентлигидан рўйхатдан ўтган ва тегишли ишонч қоғозига эга бўлган шахслар томонидан ҳам топширилиши мумкин.
Шу ўринда селекция ютуқларига патент бериш ҳуқуқига эга давлат органи ҳақида қуйидаги фикрларни баён этиш мақсадга мувофиқ.
“Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуқларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади. Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуқларига патент бериш ҳақидаги талабномаларни қабул қилиб олади ҳамда кўриб чиқади. Селекция ютуқлари бўйича расмий экспертиза ўтказади, селекция ютуқларини давлат реестрига киритади ва ҳимоя ҳужжати беради.
Бир неча талабнома берувчидан талабномасини топширишда муҳофаза ҳужжатини олиш тадбирида талабнома берувчилардан бири иштирок этишдан бош тортса, бу бошқа талабнома берувчиларни муҳофаза ҳужжатини олишга бўлган ҳаракатини амалга оширишда тўсиқ бўлмайди.
Қонунга мувофиқ, талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг давлат экспертизаси расмий экспертизани ва янгилик эканлигини экспертиза қилишдан ҳамда фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорликни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган давлат синовидан иборат ҳимояга лаёқатлилик экспертизасини ўз ичига олади. Селекция ютуғига патент учун ҳимояга лаёқатлилик жиҳатдан тўлиқ экспертиза қилинадиган гувоҳнома учун эса, ўхшашлик ва барқарорлик синови ўтказилади.
Талабноманинг расмий экспертизаси икки ой муддатида ўтказилиб, экспертиза давомида устуворлик санаси белгиланади ҳамда зарур ҳужжатларнинг қўйилган талабларга қанчалик мослиги текширилади (Россия Федерация қонунчилигида бу муддат бир ойни ташкил этади). Талабнома нотўғри тузилган ёки мавжуд хатоликларнинг аҳамиятидан келиб чиқиб талабнома қабул қилинмайди ёхуд талабнома берувчига талабномани тузатиш ва тўлдириш учун зарурий муддат берилади.
Шунингдек, расмий экспертиза ўтказилаётган даврда талабнома берувчи ўз ташаббуси билан талабнома материалларини тўлдиришга, уларга аниқлик ёки тузатишлар киритишга ҳақлидир.
Расмий экспертиза ўтказилгандан сўнг, расмий экспертиза натижалари ва тегишлича ўсимликлар навига ёки ҳайвонлар зотига берилган талабномани қабул қилинганлиги ёки қайтарилганлиги, арз ҳужжатларини ихтисослаштирилган ташкилотга янгилик, фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорлик бўйича давлат экспертизасига топширилганлиги тўғрисида талабномачига билдириш қоғози юборилади. Талабномалар олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Интеллектуал мулк агентлигининг расмий маълумотномасида чоп этилади.
Талабнома муҳокамага қабул қилинганлиги ва уни ихтисослаштирилган ташкилотга топширилганлиги тўғрисидаги билдириш қоғози Интеллектуал мулк агентлигидан олинганидан сўнг, талабнома берувчи тегишли божларни тўлайди ва нав, зот намуналарини ҳуқуқий ҳимояга лаёқатлилик бўйича давлат синовини ўтказишга ихтисослаштирилган ташкилотларнинг намуналар сони кўрсатилган ҳужжати асосида тегишли манзилларга ўз вақтида уруғлар, насл материалларига гувоҳномалар қўшилган ҳолда юборилади.
Кўриб чиқишга қабул қилинган талабномалардаги селекция ютуқларига муваққат ҳуқуқий ҳимоя тайинланади. Муваққат ҳуқуқий ҳимоя талабнома тўғрисидаги маълумот эълон қилинган санадан эътиборан селекция ютуғи давлат реестрида рўйхатга олинган санага қадар белгиланади. Муваққат ҳуқуқий ҳимоя даврида селекция ютуғи муаллифи патент эгаси ҳуқуқларига эга бўлади. Агар патент ёки гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу қарор устидан шикоят қилиш имкониятлари тугаган бўлса, муваққат ҳуқуқий ҳимоя бошланмаган деб ҳисобланади. Ҳимоялаш талаб қилинган селекция ютуқларидан уларга муваққат ҳуқуқий ҳимоя белгиланган даврда фойдаланилаётган шахс патент эгасининг талабига биноан унга патент ёки гувоҳнома олганидан кейин пул товони тўлаши шарт. Бу товоннинг миқдори патент эгаси билан тузилган битимда белгилаб қўйилади.
Селекция ютуғининг янгилик эканлиги экспертизаси уруғлик ёки насл материали устуворлик санаси ва қонунда белгиланган бошқа муддатлар давомида, селекция ёки унинг ҳуқуқий вориси томонидан бошқа шахсларга берилмаганлиги ёки селекция ёки унинг ҳуқуқий ворисининг розилиги билан бошқа шахслар ундан фойдаланмаганлигини аниқлайди108.
Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ селекция ютуғининг янгилик эканлиги экспертизасини ихтисослаштирилган ташкилот мавжуд ҳужжатлар ва далил исботлар шу жумладан, ўз ташаббуси билан олган ахборот асосида амалга оширади ва Интеллектуал мулк агентлигига талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг янгилик мезонларига мувофиқ ёки номувофиқлиги тўғрисидаги хулосани тақдим этади. Ихтисослаштирилган ташкилотнинг хулосасига мувофиқ, Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуғининг янгилик мезони мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида талабнома берувчини ёзма равишда хабардор этади.
Агар талабномада кўрсатилган селекция ютуғи янгилик мезонига мос бўлмаса, Интеллектуал мулк агентлиги патент беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Талабнома тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан олти ой ичида ҳар қандай манфаатдор шахс талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг янгилик эканлигига нисбатан ўз даъвосини Интеллектуал мулк агентлигига жўнатиши мумкин. Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуғининг янгилигига нисбатан олинган даъво ҳақида талабнома берувчини хабардор қилади. Талабнома берувчи бундай даъвога рози бўлмаса, билдиришнома (бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлигининг хабарини) олган кундан бошлаб уч ойлик муддат ичида Интеллектуал мулк агентлигига далил исботлар баён этилган эътирозни жўнатиш ҳуқуқига эга.
Интеллектуал мулк агентлигининг патент беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан талабнома берувчи Интеллектуал мулк агентлигининг Аппеляция кенгашига шикоят билан мурожаат этишга ҳақли. Бу ҳуқуқ рад этиш ҳақидаги қарор қабул қилиниб, бу ҳақда талабнома берувчи хабардор қилингандан сўнг уч ойлик муддат ичида сақланиб қолади. Уч ойлик муддат ўтгач, талабнома берувчи бундай ҳуқуқни йўқотади.
Аппеляция тушган санадан эътиборан икки ойлик муддатда аппеляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши керак. Аппеляция кенгашининг қарори қабул қилинган санадан эътиборан олти ой ичида унинг устидан шикоят қилиш мумкин.
Селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилигининг фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорлик мезонлари чуқур илмий текширув ва биологик, зоологик, физиологик, генетик тадқиқотларни талаб қилиш учун уларга нисбатан тайинланган экспертиза-селекция ютуғининг давлат синови деб аталади. Селекция ютуғининг фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорлик мезонларига мослигининг давлат синови ихтисослаштирилган ташкилотлар (қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссияси ва чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси) томонидан белгиланган услуб ва муддатларда ўтказилади.
Селекция ютуғининг давлат синовини ўтказишда ихтисослаштирилган ташкилот талабнома берувчи, Ўзбекистон Республикасининг ташкилотлари, шунингдек бошқа давлатларнинг ваколатли органлари томонидан тақдим этилган синов натижаларидан фойдаланиши мумкин. Ўтказилган синов натижаларига қараб, селекция ютуғининг ҳимояга лаёқатлилик мезонига мослиги тўғрисида ихтисослаштирилган ташкилот хулоса чиқаради. Агар, селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилик мезонларига мос бўлса, унинг номи белгиланган талабларга мос келса, ихтисослаштирилган ташкилот селекция ютуғининг расмий тавсифини тайёрлаёди. Ихтисослаштирилган ташкилот тайёрлаган селекция ютуғининг расмий тавсифига мувофиқ, Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуғига патент бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.
Селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилик мезонларига мос бўлмаса, Интеллектуал мулк агентлиги патент ёки гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилади. Бунда аризачи уч ойлик муддат ичида Интеллектуал мулк агентлигининг қарори устидан шикоят билан Аппеляция кенгашига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади (қонунинг 23-моддаси).
Селекция ютуғига патент бериш ҳақидаги талабнома талабнома берувчининг ёзма розилиги билан патент бериш тўғрисида ёки беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар чақириб олиниши мумкин. Бунда талабнома берувчилар бир нечта бўлса, талабнома улардан ҳар бирининг розилиги билангина чақириб олинади. Агар улардан бири норози бўлса, талабнома чақириб олинмайди. Талабнома берувчининг илтимосига мувофиқ, талабномани тўлдириш, унга аниқлик ва тузатиш киритиш муддатлари уч ойгача узайтирилиши мумкин, ҳамда бундай узайтириш кўпи билан икки марта амалга оширилади. Муддатларни узайтириш тўғрисида илтимоснома топширганлик учун бож ёки йиғим тўлайди.
Интеллектуал мулк агентлиги патент бериш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг, селекция ютуқларига бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш ҳамда патент бериш тартибининг учинчи-сўнгги босқичи бошланади. Унда Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуғини Ўзбекистон Республикаси Селекция ютуқлари давлат реестрида рўйхатга олади.
Давлат реестрига ўсимлик ва ҳайвонлар аждоди (тури) ҳақидаги маълумотлар нав ёки зотнинг номи, селекция ютуғининг рўйхатдан ўтиш санаси ва рўйхат рақами, патент эгасининг исми ва унинг манзили, ҳамда селекция ютуғи муаллифининг номи тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Кейинчалик реестрга патентнинг бошқа шахсга (унинг исми ва манзилини кўрсатган ҳолда) ўтказилганлиги ҳақидаги мутлақ, очиқ ва мажбурий лицензиялар ҳақидаги маълумотлар ҳамда патентнинг амал қилинишини тўхтаганлиги (сабабини кўрсатиб) ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, патентни Ўзбекистон Республикаси номидан Интеллектуал мулк агентлиги беради. Селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумот эълон қилинган санадан бошлаб олти ой ичида ҳар қандай шахс патент берилишига эътироз билдириш ҳуқуқига эга. Бу эътирозни Аппеляция кенгаши тегишли ихтисослаштирилган ташкилот вакиллари иштирокида эътироз билдирилган санадан бошлаб олти ой ичида кўриб чиқиши лозим. Бундай эътирозлар билдирилмаган ва улар рад қилинган бўлса, Интеллектуал мулк агентлиги селекция ютуғини рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумот эълон қилинган вақтдан бошлаб, олти ой ўтгач патентни беради. Бунда селекция ютуғига патент бериш ҳақидаги қарорга эътироз билдирилган ёки билдирилмаганлиги аҳамиятга эга эмас.
Патент беришни сўраётган шахслар сонидан қатъи назар селекция ютуғига битта ҳимоя ҳужжати берилади. Ҳимоя ҳужжатларининг шакли ва уларда кўрсатиладиган маъумотлар таркиби Интеллектуал мулк агентлиги томонидан белгиланади. Патент эгаси патент олганидан сўнг, шу нав ва зотга тааллуқли зарур материалларни сақлаш учун жўнатади (Қонуннинг 27-моддаси 8-қисми).
Патент эгаси навни, зотни патентнинг амал қилиши муддати давомида, нав, зот тегишли давлат реестрида рўйхатга олинган санада тузилган, уларга доир расмий тавсифда кўрсатилган белгиларини ўзгартирмай сақлаши лозим. Ихтисослаштирилган ташкилотлар ва Интеллектуал мулк агентлигининг сўровига биноан патент эгаси назорат синовларини ўтказиш учун нав уруғларини ёки насл материалини жўнатиши ва тегишли жойда текширув ўтказиш учун имконият яратиб бериши лозим.
Селекция ютуқларига патент ҳуқуқини расмийлаштириш ҳаракатлари: патент бериш ҳақида талабнома топшириш, талабномада кўрсатилган селекция ютуғини экспертиза ва синовдан ўтказиш, патент бериш, уни ўз кучида сақлаб қолиш, шунингдек, селекция ютуғининг экспертизаси ва ҳимояси билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик амалларни бажариш учун божлар ёки йиғимлар ундирилади. қонунга мувофиқ, бажарилганлиги учун божлар ва йиғимлар ундириладиган ҳаракатлар рўйхати, божлар ва йиғимлар миқдори ҳамда уларни тўлаш муддати, шунингдек, тўловдан озод қилиш, тўлов муддатларини камайтириш ёки божлар ёхуд йиғимларни қайтариб бериш учун асослар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади (Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонуннинг 29-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |