1.2. Омонат сақлаш шартномасида тарафларнинг
ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
Ҳар қандай шартноманинг мазмуни тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларидан иборат бўлади. Омонат сақлаш шартномасида тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тавсифлашдан олдин шуни таъкидлаш жоизки, қонунга кўра юк топширувчи ва омонат сақловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда шартноманинг реал ёки консенсуал, муддатли ёки муддатсиз эканлиги, текинга ёки ҳақ эвазига тузилганлиги, шунингдек, мазкур муносабатларда профессионал омонат сақловчи иштирок этаётганлиги муҳим аҳамиятга эга. Умумий қоида бўйича, шартнома бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақатгина ашё омонат сақловчига тақдим этилган вақтдан вужудга келади. Бироқ, баъзи бир ҳолларда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари улар ўртасида тузилган шартнома билан аниқланади, улар шартномада ҳуқуқ ва мажбуриятлар ашё сақлашга топширилгандан кейин вужудга келиши тўғрисида ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келиши учун ашёни сақлашга топшириш лозимлиги тўғрисида аниқ белгилаб олишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги бўйича омонат сақлаш шартномасида юк топширувчи ва омонат сақловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади. Омонат сақловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қуйидагича ифодаланади:
1. Ашёни омонат сақлашга қабул қилишни ёзма равишда расмийлаштириш мажбурияти. Омонат сақлаш шартномасида омонат сақловчи ашёни сақлашга қабул қилиш мажбуриятининг аниқ шарти кўрсатилиши лозим. Бундан ташқари омонат сақлаш шартномасида ашё омонат сақловчига маълум бир муддат ичида топширилиши тўғрисидаги қоида ўрнатилган бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатда тарафлар ўртасида келишилган муддатда ашё сақлаш учун топширилмаганда омонат сақловчи мажбуриятдан озод қилинади. Ушбу шарт омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса қўлланилади.
Масалан, фуқаро К. меҳнат таътилига боришни режалаштирди, аммо унда ўзи билан олиб кетиши мумкин бўлмаган оилавий қимматбаҳо буюмлар борлиги сабабли банкга мурожаат қилди. Банк билан қимматбаҳо буюмларни сақлаш бўйича меҳнат таътили муддатига шартнома тузди. Шартнома шартларига асосан ушбу фуқаро қимматбаҳо буюмларни шартномада белгиланган муддатда олиб келиш мажбуриятини олди. Бироқ, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра у меҳнат таътилини бир ойдан сўнг олди, шунга кўра қимматбаҳо буюмларни шартномада кўрсатилган муддатдан кечроқ олиб келди. Ушбу ҳолатда банк олдин тузилган шартноманинг муддати ўтганлигини важ қилиб қабул қилишни рад этди ва янги шартнома тузиш таклифини берди. Бунда ташқари банк фуқаро К.нинг айби билан омонат сақланмаганлигини важ қилиб етказилган зарарни тўлаши шартлиги тўғрисида талабнома қўйди. Фараз қилайлик фуқаро К. банк билан янги шартнома тузиб, етказилган зарарни тўлашни рад этди, банк ушбу ҳолатда тегишли даъво билан судга мурожаат қилди. Суд ушбу даъво аризани ЎзР ФКнинг 888-моддасига асосан фуқаро К. шартномада белгиланган муддатда қимматбаҳо буюмлар омонат сақлашга топширмаганлиги сабабли банкка етказилган зарарни тўлаб беришлиги лозимлигини асос қилиб қаноатлантиради. Ушбу ҳолатда банк фуқаро К.дан қимматбаҳо буюмларни омонат сақлашга топширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шу таъкидлаш лозимки, фуқаро К. банкни мақбул муддатда кўрсатиладиган хизматдан воз кечиши тўғрисида огоҳлантирганида етказилган зарарни тўлашдан озод қилинар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |