Ишбилармонлар ўйини Жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни акс эттиришга, таълим олувчиларнинг муайян билим, кўникма ва малакаларини шакллантиришга қаратилган ҳамда касбий сифатларини таркиб топтириш, уларни онгли равишда касбга йўллаш, илмий дунёқарашини кенгайтиришга мўлжалланган дидактик ўйинлар − ишбилармонлар ўйини дейилади.
Ишбилармонлар ўйини ҳам бошқа ўйинлар каби ўқитувчи ва таълим олувчилардан пухта тайёргарлик талаб этади. Ўқитувчи ишбилармонлар ўйинини уюштиришда қуйидаги вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш талаб этилади:
ўйин мавзусини олдиндан белгилаши;
дидактик ўйиннинг мақсади, вазифалари, бориши, мантиқий кетма-кетлиги, таълим олувчилар бажариши лозим бўлган топшириқларни олдиндан аниқлаши ва режалаштириши;
дидактик ўйин давомида таълим олувчилар олдига қўйиладиган ўқув-билишга оид муаммоли вазиятлар тизимини вужудга келтириш йўлларини аниқлаши ва лойиҳалаши;
таълим олувчиларни дидактик ўйиннинг мақсад ва вазифалари билан таништириш, унинг вазифаларни тақсимлаши, ҳар бир таълим олувчига аниқ йўлланма бериши;
мазкур ўқув-билишга оид муаммоли вазиятларни ҳал этишда таълим олувчиларнинг аввалги мавзулардан ўзлаштирган билим, кўникма ва малакаларини таниш, одатий ва янги кутилмаган вазиятларда қўлланиш имкониятларини аниқлаши;
таълим олувчиларнинг дидактик ўйинга тайёрганлик фаолиятини кузатиши ва назорат қилиши муҳим ҳисобланади.
Дидактик ўйинли дарсларнинг муваффақияти, аввало таълим олувчиларнинг мазкур ўйинларга пухта ва қизғин тайёргарлик кўришларига, ўқитувчининг мазкур фаолиятини ташкил этиш ҳамда моҳирлик билан бошқаришига боғлиқ. Таълим олувчиларнинг бундай ўйинга тайёргарлик кўриш фаолияти айрим масалаларни билишни талаб этади.
1. Дидактик ўйиннинг мақсади, вазифаси, олиб борилиш тартиби, қоидалари билан танишишни.
2. Дидактик ўйин мақсади ва вазифасидан келиб чиқадиган муаммоли вазиятни аниқлашни.
3. Муаммоли вазиятдан чиқишнинг самарали йўлларини топишни.
4. Ҳар бир таълим олувчининг ўзи бажариши лозим бўлган вазифаларни англаши. Ўқитувчи керакли йўриқнома ва кўрсатмалар олишни.
5. Турли билим манбаларидан фойдаланган ҳолда муаммоли вазиятни ҳал этишнинг оптимал вариантини танлашни.
6. Дидактик ўйин иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳамкорлик, ўзаро ёрдам ва ўзаро назорат вужудга келишини тақозо қилади.
“Ақлий ҳужум” методи “Ақлий ҳужум” методи – бу ғояларни яратиш, илгари суриш йўли бўлиб, дарс жараёнида кичик гуруҳларда гуруҳ аъзолари ҳамкорликда қўйилган муаммони ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Бунда ҳар бир гуруҳ аъзоси муаммони ҳал қилиш бўйича ўз шахсий фикрларини билдиришади ва зарурат бўлса уни ҳимоя қилишади.
Мазкур методдан математикадан дарс жараёнида ўринли фойдалана олиш таълим олувчиларда ижодий ва ностандарт тафаккурини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиб, бу методдан фойдаланиш жараёнида ўқитувчи томонидан қуйидагиларга амал қилиш талаб этилади:
“Ақлий ҳужум”ни ўтказиш вақтини аниқланш ва унга риоя этишни назорат қилиш;
муаммони ҳал қилиш жараёнида таълим олувчиларга ҳар томонлама эркин фаолият юритишларига шароит яратиб бериш;
ғояларни ёзиб бориш учун ёзув тахтаси ёки варақларни олдиндан тайёрлаб қўйиш;
ҳал қилиниши керак бўлган муаммо ёки ўрганилиши лозим бўлган янги мавзуни олдиндан аниқлаш;
машғулот жараёнида амал қилиниши лозим бўлган қоидаларни белгилаш, яъни: таълим олувчилар томонидан билдирилаётган ҳар қандай ғоя баҳоланмайди; уларнинг мустақил фикр юритишлари, шахсий фикрларини илгари суришлари учун қулай муҳит яратилади; ғояларнинг турлича ва кўп миқдорда бўлишига эътибор қаратилади; бошқалар томонидан билдирилаётган фикрларни ёдда сақлаш ёки ёзиб бориш; таълим олувчиларнинг фикрларига таянган ҳолда янги фикрларни билдириш; билдирилган фикрлар асосида муайян ҳулосаларга келиш каби ҳаракатларнинг таълим олувчилар томонидан содир этилишига эришиш; танқидга мутлақо йўл қўймасликка эришиш талаб этилади, яъни:
билдирилаётган ғояларни уларнинг муаллифлари томонидан асослаб берилишига эришиш ва зарурат бўлса уларни ёзиб олиш;
қоғоз варақларини ғоя (фикр)лар билан тўлдирилгандан сўнг ёзув тахтасига осиб қўйиш;
билдирилган фикрларни янги ғоялар билан бойитиш асосида уларни қўллаб-қувватлаш;
бошқалар томонидан билдирилган фикр (ғоя)лар устидан кулиш, кинояли шарҳларнинг билдирилишига йўл қўймаслик;
янги ғояларни билдириш давом этаётган экан, муаммонинг ягона тўғри ечимини эълон қилишга шошилмаслик;
бериладиган саволларга мумкин қадар қисқа ва лўнда жавоб берилишига эришиш;
“ақлий ҳужум” тугагач, билдирилган ғояларнинг муҳимлик жиҳатига кўра энг яхшиларини жамлаш ва муаммони ҳал этиш учун зарурлари танлаб олинишига эришиши талаб этилади.
“Ақлий ҳужум” методининг асосий вазифаси таълим олувчиларни қийин вазиятлардан қутилиш чораларини топишга, муаммони ҳал қилишга бўлган интилишларини ривожланишига, кенг доирада фикрлаш имкониятини оширишга ва пировардида англанган билим, малака ҳамда кўникмаларни эгаллашларига эришишдан иборатдир.
Мазкур методидан фойдаланиш жараёнида таълим олувчилар томонидан қуйидагиларга амал қилиш талаб этилади:
атрофингдагиларни ҳам тушунгин. Бошқалар фикрини тинглашга, уларнинг фикрини ёки ғояларини тушунишинг ҳамда сўзлаб беришга қодир бўлишинг керак.
берилган топшириқни ҳамкорликда бажаришда шерикларингни қўллаб-қувватлашинг ва улар томонидан билдирилган фикр ёки ғоядан манфаатдор бўлишинг керак;
унутма! Сенга берилган вақт чегараланган. Шунинг учун муаммоли масалани биргаликда ҳал этаётган вақтда шерикларингга нуқтаи-назарингни билдирмоқчи бўлсанг, уни қисқа ва лўнда баён қилишга ҳаракат қил!;
агар шерикларинг томонидан билдирилган фикрларни тушунмаган бўлсанг тортинмасдан сўра. Чунки савол беришни ҳам ўрганишинг керак;
гуруҳдаги бошқа қатнашчилар фикрига қўшилмасанг сабабини изоҳлаб бер;
агар гуруҳингдаги шерикларинг сенинг фикрингга қўшилишмаса қайта тушунтириб бер. Агар улар ҳақ бўлса, улар фикрига қўшил!;
топшириқни ечишдан гуруҳдошларингни барчаси манфаатдор эканлигини эсдан чиқарма. Шуниннг учун тўғри ечимни тез топишда уларга ёрдам бер;
эътироз билдиришга шошилма. Аввало шерикларингни муаммоли масалани ҳал этишига баҳо бер;
Математика фанини ўқитиш жараёнида “Ақлий ҳужум” методидан кенг фойдаланиш, таълим олувчиларда ижодий қобилиятларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади, яъни: эсда сақлаш ва хотирада сақланганларни қайта тиклаш имкониятларини оширади; янги фикрларни илгари суриш ёки ғояларни яратиш кўникмаларини шакллантириш имкониятларини оширади; билдирилган фикр ёки ғояларни таҳлил қилиш ва уларни баҳолаш малакаларини шакллантиради ва ҳ.з.
“Зиг-заг” методи “Зиг-заг” методи математика фанини ўқитишда муҳим ўрин тутиб, бу методдан фойдаланиш таълим олувчилар томонидан қисқа вақт ичида ўрганилаётган янги назарий материалнинг катта қисмини қайта ишлаш ва ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиради. Натижада таълим олувчиларда: коммуникатив қобилиятлари ривожланади; ҳал қилинаётган муаммони бўлакларга бўлган ҳолда таҳлил этиш кўникмалари шаклланади ва ривожланади; муаммони ҳал этиш жараёнида бир бутун (синтез) ҳолга келтириш, яъни бошланғич фикр ёки ғояларни белгилаш, улар орасидаги ўзаро боғлиқликларни аниқлаш ва шу асосда уни бир бутун ҳолга келтириш малака ҳамда кўникмалари шаклланади ва ривожланади; ўрганилган билимларни тақдимотга олиб чиқиш малака ва кўникмалари шаклланади ҳамда ривожланади ва ҳ.з.
Мазкур методдан фойдаланишни қуйидаги тартибда амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
ўқув материалини танлаб олинг ва унинг ҳар бирини мантиқий тугалланган қисмларга ажратинг;
мантиқий тугалланган фикрларнинг сонига қараб (қисмлар сони қанча бўлса, гуруҳ аъзолари сони ҳам шунча бўлиши мақсадга мувофиқ (Масалан, ўқув материали мантиқий тугалланган 4 қисмдан иборат бўлса, кичик гуруҳлардаги аъзолар сони 4 та бўлиши мақсадга мувофиқ)) кичик гуруҳларни шакллантиринг. Ушбу гуруҳлардаги (ўз бошланғич гуруҳи) ҳар бир аъзога материалнинг қисмларини ўрганиш учун рақам беринг ва ўрганилаётган ўқув материални ўрганиш учун тақсимланг;
“эксперт” гуруҳларини шакллантиринг. Бунда бир хил рақамдаги иштирокчилар бир гуруҳга бириктирилиши мақсадга мувофиқ бўлиб, “эксперт” гуруҳларнинг вазифаси материални тўлиқ ўрганиб ўз бошланғич гуруҳлари учун энг яхши тақдимотни қўллашга тайёргарлик кўришдан иборат бўлиши керак;
иштирокчилар ўз бошланғич гуруҳларига қайтиб, ахборот алмашишади. Бунда, ҳар бир экспертнинг вазифаси, у масъул бўлган гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўрганилаётган материал қисмини яхши ўзлаштиришидан иборатдир. Бунинг натижасида гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўрганилаётган материал билан тўлароқ танишиш имкониятига эга бўлади.
Натижада таълим олувчилар мавзу моҳиятини тўла ёритувчи яхлит назарий материалларни ўзлаштиради.