Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг
25 йиллигига бағишланади
сўз боШи
Бутун дунёда, жумладан Республикамизнинг иқтисодий-ижтимоий ва бошқа соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар таълим соҳасини янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 8 октябрдаги “2017-2021 йилларда республика олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар тузиш ҳақида”ги 4724-ф-сонли Фармойишини[5] чиқарилишини алоҳида такидлаш лозим.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора тадбирлари тўғрисида”ги қароридан [4] келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаларида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларни қўллаш орқали таълим сифатини яхшилаш мақсадида янгиланган классификаторга мувофиқ олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг Давлат таълим стандартларининг янгиланган авлоди яратилди, унга мос фанларнинг ўқув машғулотларини модулли ўқитиш технологияси тамойиллари асосида лойиҳаланган ўқув адабиётларини яратиш масалалари устувор вазифалар қилиб белгиланди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш натижасида, узлуксиз таълим тизимида ўқитиш сифатини юқори даражага олиб чиқиш ҳамда рақаботбардош кадрларни тайёрлашга бўлган талаб ошди. Бу, ўз навбатида, таълим жараёнига қўйилган давлат талабларни ҳисобга олган ҳолда ўқитиш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади.
Мазкур жараённи такомиллаштириш учун, ўқитишда инновацион ёндашувлар ва унинг таркибий қисми бўлган модулли ўқитиш технологияси асосида ўқув машғулотларини ташкил қилиш ва шу орқали таълим сифати ҳамда самарадорлигини ошириш муҳим ҳисобланади.
Анъанавий ўқитишга муқобил йўл сифатида пайдо бўлган модулли ўқитиш технологияси педагогика назарияси ва амалиётида тўпланиб келинган барча прогрессив воситаларни ўзида қамраб олган. Модулли ўқитишнинг моҳияти таълим олувчининг батамом мустақил ёки қисман педагог ёрдамида модул билан ишлаш орқали ўқитиш мақсадига эришишидан иборат.
Модулли таълим биринчи навбатда, таълим олувчининг ўқув фаолиятини фаол ташкил этишга қаратилган бўлиб, унинг ёрдамида таълим олувчи шахсининг ўзини тўла намоён қилиши ва ривожланиши, ўқув материалларини тез ва чуқур мустақил ўзлаштириб олиши, ўз-ўзини назорат қилиб бориши учун кенг имконият яратиб берилади. Модул технологияси ўқув топшириқларини таълим олувчининг якка тартибда ёки кичик гуруҳда жамоа бўлиб, модулда келтирилган тавсиялар асосида бажариши, ўз билимини мунозара орқали мустаҳкамлаши ва янада кенгайтиришига мўлжалланган.
Модулли ўқитиш технологиясида таълим олувчи модул билан ишлаш жараёнида мустақил равишда аниқ ўқув мақсадларига эришади. Модул – ўқув мазмуни ва уни эгаллаш технологиясини ўз ичига олган мақсадли функционал таркиб ҳисобланади.
Модул технологиясининг мазмуни ўрганилаётган мавзуни тугалланган мустақил мажмуаларга бўлиб ўқитишдан иборат. Унинг дидактик мақсади таълим олувчи учун белгиланади ва унда ўзлаштириш лозим бўлган билимлар ҳажми билан бир қаторда ўзлаштирилиш даражаси ҳама кўрсатилади.
Таълим олувчиларда ўқув дарслик, илмий-оммабоп ва қўшимча адабиётлар билан мустақил ишлаш кўникмалари, ижодий ҳамда мустақил фикрлашни ривожлантириш мақсадида модулли таълим технологиясидан фойдаланилади. Бунда ўрганилаётган мавзу бўйича таълим олувчиларнинг мустақил ва ижодий ишлашига имкон берадиган модулли лойиҳа тузилади. Таълим олувчилар унинг ёрдамида мустақил ишлаб, машғулотдан кўзланган мақсадга эришади.
Модул асосида тузилган лойиҳада: ўрганилаётган мавзунинг мақсади ва шу асосида таълим олувчилар бажариши лозим бўлган топшириқлар, уларни бажариш бўйича кўрсатмаларни ўзида мужассамлаштиради. Ишлаб чиқилган лойиҳалар мазмун ва моҳиятига кўра, таълим олувчиларнинг яккя тартибда ва кичик гуруҳларда ҳамкорликда ишлашига мўлжалланган модулларга ажратилади. Бу модулларнинг дидактик мақсадидан келиб чиқиб, ўқув машғулоти жараёнида улардан ўз ўрнида фойдаланиш таълим самарадорлигини ошишига олиб келади.
Ўқув жараёнини ташкил этишда ҳар бир модул мазмуни ўрганилгач, таълим олувчилар билимини дастлабки назорати, билимларга тегишли ўзгаришлар, тузатишлар киритиш, жорий, оралиқ ва якуний назорат (модул билан ишлаш якунида) амалга оширилади.
Шундан келиб чиқиб, бундай ўқитиш технологиясини олий таълим тизимида, академик лицейлар ва касб-ҳунур колежларида қўллаш мақсадга мувофиқ. Бундай ёндашув (таълим жараёнини модулли ўқитиш технологияси асосида ташкил этиш) асосида модул ўзида қўйидагиларни мужассамлаштиради: ўқув фанини фундаментал тушунчалари (муайян ҳодиса, қонун, билим, йирик бир мавзу ёки ўзаро боғлиқ тушунчалар) гуруҳи: ўқув фанининг бир ёки бир неча фундаментал тушунчаларини ўрганишга қаратилган.
Одатда модул 4-6 соатли маърузавий ва шу билан боғлиқ бўлган амалий(семинар), лаборатория машғулотларидан иборат бўлади. Фаннинг тушунтурув аппарати қатъий тизимли таҳлил асосида, самарали модул тўзилади. Бу эса фундаментал иборалар гуруҳини ажратиш, материални мантиқан гуруҳлаш имконини беради. Модул – мустақил таркибий бирлик бўлгани учун, баъзи ҳолларда, алоҳида таълим олувчиларга фанни тўлалигича эмас, балки, фақатгина маълум бир модулларни тинглаш имконини беради. Бу эса иқтидорли таълим олувчиларнинг индивидуал ва мустақил ишларини самарали режалаш имкониятини туғдиради.
Модулли ўқитишда, фан дастурларини тўла, қисқартирилган ва чуқурлаштирилган табақалаш орқали, ўқитишни табақалаш мумкин. Яъни ўқитишни индивидуаллаштириш мумкин бўлади. Модулли ўқитишга ўтишда қўйидаги мақсадлар эришиш назарда тутилади: ўқув материалини мустақил эгаллаш учун шарт-шароит яратиш, ўқитишни жадаллаштириш ва фанни самарали ўзлаштиришга эришиш.
Ҳар бир фан ўрганила бошлаганда уни ўрганиш мақсади таълим олувчиларга етказилиши лозим. Ҳар қандай макромодулда ўрганиладиган фанларнинг кетма-кетлиги ва уни ўрганиш муддатлари тўла аниқланади ва бу ўқитишнинг узликсизлигини таъминлаш имкониятларини оширади. Ўқув соатлари ҳажми катта бўлмаган (ҳафтада 1-2 айрим ҳолларда 4 соатли аудитория машғулотлари) фанлар, блок фанлар рўйхатига киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ушбу монография хорижий ва республикамиз олий таълим муассасаларида ўқитиш жараёнига модулли ўқитиш технологиясини жорий этилиши бўйича қиёсий таҳлилини ўрганиб, андоза сифатида фойдаланиб, фанларни модулли технология асосида ўқитишнинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқишга бағишланди.
Монография Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Вазирлик тизимида 2015–2017 йилларга мўлжалланган амалий тадқиқотлар дастурлари» доирасидаги «Олий таълим муассасаларидаги ўқув фанларининг модулли ўқитиш методикаси ва амалиёти («Математика ўқитиш методикаси» таълими йўналиши мисолида)» мавзусидаги амалий лойиҳада олинган натижалар асосида шакиллантирилди.
Мазкур монографияни айрим қисмларини шакллантиришда профессор Б.Зиёмуҳамедов, катта илмий ходим-изланувчилар Г.Изетаева, А.Хуррамов, К.Мамадалиевларнинг айрим манбалари-дан фойдаланилди ва профессор А.Ходжаевнинг маслаҳатлари эътиборга олинди.
Мазкур монографияни яратилишида қимматли маслаҳатларини аямаган фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Зиёмуҳамедов, физика-математика фанлари номзоди, доцент А.Мавлянов, педагогика фанлари номзоди, доцент А.Ахлимирзаев, шунингдек, монографияни шакллантиришда ёрдам берган Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи Б.Тошпўлатов, катта илмий ходим-изланувчи А.Хуррамовларга муаллифлар ўз миннатдорчилигини изҳор этади.
Монография ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни tajiev@mail.ru электрон почтага юборишингизни сўраб қоламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |