Бажариладиган биринчи вазифа − ўқув предметини яхлитликда кўриб, уни “Ўта катта (мего) модул” деб англаб, бу модул якунида кутиладиган мақсад аниқланади ва жадвал шаклига келтирилади. Ушбу мақсад мазкур ўқув предмети учун белгиланган давлат стандарти талабига мос келиши шарт. Сўнг, муайян ўқув предмети, яъни "Ўта катта модул” ичидаги билимларнинг ҳажми, мантиқий боғлиқлиги ва фикрнинг тугалланганлигидан келиб чиқиб, ундаги ўқув материалини “Катта (макро) модул”ларга ажратилади ва уларнинг ҳам мақсадлари белгиланиб, жадвал шаклида ифодаланади. Давомидан, ҳар бир “Катта модул” ичидан мантиқан боғлиқ бўлган, шу билан баробар бир жуфт соатда ёки, умумтаълим мактаби бўлса, 45 дақиқада таълим олувчилар онгига етказилиши лозим бўлган билимлар мажмуилари ажратилади ва уларга “Ўрта (мезо) модул” деб ном берилади ва уларнинг ҳам мақсадлари аниқланади ва жадвал орқали ифодаланади.
Шу билан "Педагогик технология" тамойиллари асосида ўқув предметининг машғулотларини лойиҳалашнинг умумий жадваллари тузилган бўлади.
Бажариладиган иккинчи вазифа − ҳар бир жуфт соатлик ёки 45 дақиқалик ўқув машғулотларининг, яъни “Ўрта модул”ларнинг хусусий жадвалларини тузиш.
Бунинг учун, биринчидан − бир жуфт соатлик ўқув машғулоти “Ўрта модул” ни олиб, ичидан бир нечта “Кичик (микро) модул”лар ажратилади ва уларнинг мақсадлари ҳамда уларга ажратилган вақт белгиланади, “Кичик модул”ларни ажратишда, педагогнинг шу ўқув машғулотининг ҳар бир бўлаги олдига қўйган мақсади ва ундаги фикрларнинг тугалланганлигидан келиб чиқилади;
Иккинчидан − ҳар бир жуфт соатлик ўқув машғулотидаги “Кичик модул”лар орқали бериладиган билимлар тизими ичидан таянч тушунчаларни ажратиб, улар асосида таълим олувчилар билим ва кўникмаларини баҳолаш учун назорат саволлари тузилади ва баҳолашнинг тур ва мезонлари аниқлаб олинади;
Учинчидан − ўқув машғулотининг ҳар бир “Кичик модул”ида қўлланиладиган машғулотнинг тури ва типи белгилаб олинади;
Тўртинчидан − ҳар бир “Кичик модул”да ишлатиладиган педагогик усуллар аниқланади.
Бешинчидан − муайян ўқув муассасасида мавжуд ахборот-коммуникация технологиялардан ҳамда ҳар бир кичик модулдаги ўқув машғулотининг характеридан келиб чиқиб, ўқув машғулотини амалга оширишда фойдаланиладиган ахборот технология ва дидактик материаллар белгиланади.
Шу билан "Педагогик технология" тамойиллари асосида битта ўқув машғулотини лойиҳалашнинг хусусий жадвалларини тузиш вазифаси бажарилган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |