13.4. Даромадни қайта тақсимлаш
Бозор тизими ҳеч кимга қарашли бўлмаган, бетараф тизим бўлиб, ундаги даромадни тақсимлаш эса жамият орасида кутилганидан ортиқ адолатсизликни келтириб чиқариши мумкин. Бозор тизими туғма қобилияти ва ҳаёти давомида олган билими ва тажрибаси юқори бўлган шахсларга жуда катта даромад келтиради. Кимки меросга эга бўлиб ёки қаттиқ меҳнат эвазига катта миқдорда капиталга ва ерга эга бўлса, улардан ҳам катта даромад олади. Лекин жамиятимизнинг бошқа аъзолари унчалик катта қобилиятга эга эмас ва улар озгина маълумот ва малака олганлар. Ўз-ўзидан бу инсонлар ҳеч қандай моддий бойлик тўпламаганлар ва мерос қилиб ҳам олмаганлар. Бунинг натижасида уларнинг даромади жуда кам. Бундан ташқари, кўпчилик қариялар, ақлий ва жисмоний жиҳатдан заиф бўлган инсонлар, эрга тегмаган аёллар ва ёш боқиманда болалари билан қолган бевалар жуда кам пул ишлаб топадилар ёки бозор тизими доирасида ишсизлар каби ҳеч қандай даромадга эга бўлмайдилар. Қисқаси, бозор тизими пул даромадларини, ўз навбатида, шахсий уй хўжаликлари ўртасида миллий маҳсулотни тақсимлашда сезиларли даражада нотенгликни келтириб чиқаради. Баъзи бир илгарилашларга қарамасдан умумий тўкин-сочинлик ўртасида камбағаллик ўткир иқтисодий ва сиёсий муаммо бўлиб қолаверади.
Ҳукумат бизнинг жамиятда даромалар нотенглигини камайтириш вазифасини ўз зиммасига олган. Бу вазифа бир қатор сиёсий тадбир ва дастурларда ўз аксини топган. Биринчидан, трансферт тўловлари ўта эҳтиёжмандларни нафақа, ногирон ва боқимандаларни моддий ёрдам, ишсизларни эса ишсизлак нафақаси билан таъминлайди. Ўз навбатида ижтимоий таъминот бўйича бизнинг дастурларимиз ва «Мэдикэр» касал нафақахўрлар ва қарияларга молиявий ёрдам кўрсатади. Бу дастурларнинг барчаси умуман даромадга эга бўлмаганларни оз миқдорда даромад билан таъминлашни амалга оширади. Иккинчидан, ҳукумат бозорга аралашиш йўли билан ёки бошқача қилиб айтганда бозор кучлари билан белгиланадиган баҳоларни модификациялаш йўли билан даромадларни тақсимланишини ўзгартиради. Фермерлар учун кафолатланган нархлар, иш ҳақининг минимал миқдори тўғрисидаги қонунлар ҳукумат аҳолининг айрим қатламлари даромадларини ошириш мақсадида нархларни белгилаб қўйишига ёрқин мисол бўлади. Ниҳоят АҚШ тарихида шахсий даромадлардан олинадиган солиқ камбағаллардан кўра бойлардан улар даромадининг катта қисмини олиб қўйиш учун қўлланилган. Шунинг учун ҳам солиқ даромадни тақсимлашда ўзига хос «Робин Гуд самараси»ни берган. Лекин яқинда шахсий даромаддан олинадиган солиқлар қайта кўриб чиқилганда унинг қайта тақсимлаш таъсирини анча камайтирди. Тўғри, ҳақиқий ҳаётда солиқ тизими даромадларни тақсимлашга ўта мўътадил таъсир қилади деб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |