13.2. Ҳуқуқий асос ва жамоатчилик фикри Давлат бозор иқтисодиётини самарали фаолият кўрсатиши учун зарур бўладиган ҳуқуқий асосни таъминлаш ва баъзи бир бошқа шароитларни яратиш вазифасини ўз зиммасига олади. Хусусий корхоналарга қонуний мақом бериш, хусусий мулкчилик ҳуқуқини белгилаш ва шартномаларни бажарилишини кафолатлаш каби чора- тадбирлар бозор иқтисодиёти учун зарурий ҳуқуий асос ҳисобланади. Шунингдек, давлат корхоналар, ресурс етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонуний «ўйин қоидаларини» белгилайди. Давлат мавжуд қонунчилик асосида иқтисодий муносабатлар соҳасида ҳакам вазифасини бажариш, иқтисодий агентларнинг нопок амалиёт олиб бориш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли жазо чораларини қўллаш учун ўз ҳокимиятини қўллаш имкониятига эга бўлади. Жамоат тартибини сақлаш учун полиция кучларини қўллаш, маҳсулот оғирлиги ва сифатини аниқлаш учун стандарт талабларини юритиш, товар ва хизматларни айрибошлашни енгиллаштириш учун пул тизимини яратиш давлат томонидан кўрсатиладиган асосий хизмат турлари қаторига киради.
АҚШда 1906 йилда қабул қилинган Тоза озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар тўғрисидаги Қонун ва унга киритилган кўплаб ўзгартиришлар давлат бозор тизимини фаолият кўрсатишини қандай қўллаб-қувватлашига ёрқин мисол бўла олади. Давлат ўзини тутиш қоидаларини жорий қилади ва ишлаб чиқарувчилар ўзларининг истеъмолчилар билан бўладиган муносабатларида бу қоидаларга риоя қилишлари лозим. Қонун сохталаштирилган ёки ясама маркали озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини сотилишини таъқиқлайди, маҳсулот ўралган ўрамида унинг соф оғирлиги ва таркибини кўрсатишни талаб қилади, руҳсат этилган дори дармонларнинг ёрлиғида кўрсатиш мажбур бўлган сифат стандартларини белгилайди. Бу барча чора-тадбирлар ишлаб чиқарувчиларнинг алдаш учун қиладиган характларини олдини олиш ва бир вақтнинг ўзида халқда бозор тизимининг мукаммаллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилади. Худди шунга ўхшаш қонунчилик ишчилар ва менежерлар ўртасидаги, фирмаларнинг ўзларининг ўртасидаги муносабатларга ҳам тегишлидир.
Ҳукуматнинг мана шундай фаолияти ресурсларни тақсимлашни яхшилайди. Бозорни моумала воситаси билан таъминлаш, маҳсулотларнинг кафолатланган сифати, мулк ҳуқуқини белгилаш ва шартнома шартларини бажаришга жавобгарлик каби барча омиллар савдо-сотиқ ҳажмининг ортишига ёрдам беради. Бу омиллар бозорларни кенгайтиради ва моддий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланишда янада чуқурроқ ихтисослашишга имкон беради. Бундай ихтисослаштириши эса ресурсларни янада самаралироқ тақсимлаш имконини беради. Лекин баъзилар давлат корхоналар, истеъмолчилар ва ишчиларнинг ўзаро муносабатларини меъёрдан кўпроқ тартибга солиши иқтисодий рағбатга ва ишлаб чиқариш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади деб ҳисоблайдилар.