3. Умумий ва махсус луғатлар.
ЛУҒАТ — 1) муайян тилда, унинг ҳудудий ёки ижтимоий лаҳжасида мавжуд бўлган, у ёки бу ёзувчи асарларида учрайдиган сўзлар йиғиндиси, лексика;
2) сўзлар (ёки морфемалар, сўз бирикмалари, иборалар ва б.) муайян тартибда (алифболи, уяли, мавзули) жойлаштирилган, тавсифланувчи бирликлар, уларнинг келиб чиқиши, маънолари, ёзилиши, талаффузи, услубий мансублиги, бошқа тилларга таржимаси ҳақида маълумотлар жамланган китоб.
Луғатлар маънавий маданият соҳасида муҳим ўрин эгаллайди, уларда жамиятнинг маълум даврда эришган билимлари акс этади. Луғат бир қатор ижтимоий вазифаларни бажаради: ўқувчига муайян ҳодиса ҳақида маълумот беради; уни ўз ва ўзга тиллардаги сўзлар билан таништиради; тилни, унинг луғат таркибини такомиллаштириш ва тартибга солишга ёрдам беради. Луғатлар жуда қадим даврларда пайдо бўлган. Ҳозирги даврда маълумот-ахборот тўплаш ва уни ўқувчига етказишда муайян аҳамиятга эга. Сўзни тавсифлашдаги бир қанча фарқли хусусиятларига кўра, Луғатларни асосан 2 турга:
1-энциклопедик
2-лингвистик (филологик) луғатларга ажратиш мумкин.
Энциклопедик Луғат сўзларнинг ўзини эмас, балки улар орқали билдириладиган предмет ва тушунчаларни изоҳлайди, тушунтиради.
Лингвистик луғатларнинг асосий мақсади эса тил бирлиги ҳисобланган сўзнинг маъноларини, турли лисоний хусусиятларини очиб беришдан иборат. Лингвистик луғатлар лексикографик тавсиф мазмуни, вазифаси ва усуллари нуқтаи назаридан бир қанча турларга бўлинади:
1. Сўзларнинг маънолари, қўлланиш соҳаси ва даражаси, фонетик ва грамматик хусусиятларини кўрсатиб берувчи изоҳли Луғат (С.И. Ожегов. Толковый словарь русского языка, 20-е изд., М., 1988; Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 1-2-жилдлар, М., 1982).
2. Муайян тилга ўзлашган, лекин ўзлашмалиги сезилиб турган бошқа тил сўз ва терминларини тушунтириб берувчи хорижий сўзлар Луғати (Словарь иностранных слов, 18-е изд., М., 1989; О.Усмон, Р.Дониёров. Русча-интернационал сўзлар изоҳли луғати, Т., 1965).
3. Бир тилга оид луғавий бирликларни бошқа тилга ўгириб изоҳлаб берувчи таржима Луғатлари-ўзбек лексикографиясида кенг тарқалган, қадимдан маълум луғат тури, 19 асргача араб-ўзбек, форс-ўзбек, турк-ўзбек икки тиллилигига асосланиб ёки аксинча тартибда тузилган таржима луғатлари мавжуд бўлган бўлса, 20 асрда улар қаторига мазкур тиллар билан бирга инглиз, немис, испан, ҳинд, япон тиллари иштирокида тузилган икки тилли луғатлар ҳам қўшилди [Немисча-ўзбекча луғат, 1964; Ўзбекча-немисча луғат, 1967; Французча-ўзбекча луғат, 1973; Инглизча-ўзбекча луғат ва б].
4. Сўзларнинг қачондан бошлаб шу тилда қўллана бошлагани, унинг фонетик, грамматик, семантик белгилари тараққиётини кўрсатиб берувчи тарихий Луғат (ўзбек тилида ҳақиқий маънодаги тарихий луғат тузилмаган, лекин Э. Фозиловнинг «Староузбекский язык: Хорезмские памятники XIV века» (ч. 1-2, Т., 1966, 1971) асарини маълум маънода тарихий Луғат дейиш мумкин).
5. Тилнинг лахжа ва шеваларига хос бўлган, фонетик ёки семантик жиҳатдан адабий тилдаги сўзлардан фарқ қиладиган сўзларни кўрсатувчи диалектал (шева) Луғатлар (Ўзбек халқ шевалари луғати, 1971).
Do'stlaringiz bilan baham: |