Мамлакатимизда кейинги вақтларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижаси сифатида, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари қатори ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг тутган ўрни ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, ННТ фаолиятига оид, уларнинг самарадорлигини оширишга ва ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий асос яратиш мақсадида 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, биргина охирги икки йилда қабул қилинган меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатларга биноан:
ННТларга адлия билан боғлиқ барча хизмат ва алоқаларни электрон шаклда амалга ошириш имкони берувчи Е-ngo.uz сайти синов режимида ишга туширилганлиги;
Ҳудудларда ННТлар ижара тўловисиз жойлаштирилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилганлиги;
ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари умумий тарзда икки баробарга қисқартирилганлиги;
Рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТларнинг тадбирлариини келишиш тартиби режалаштирилатган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилганлиги;
ННТларга хорижий субъектлардан келиб тушган пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш бўйича (рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг) барча тўсиқлар олиб ташланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ННТларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширадиган орган сифатида расман эътироф этилгани;
Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи 5 мартага камайтирилганлиги;
ННТларга хорижий грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушишига рухсат берилганлиги;
ННТлар соҳасидаги барча қонун ва қонун ости ҳужжатларни бирлаширувчи Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойихаси ишлаб чиқилаётганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилиб, унинг фаолиятини амалга ошириш бўйича низом ишлаб чиқилаётганлигини санаб ўтиш мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонунларида бу борадаги тамойиллар белгиланган.
Бу эса ўз навбатида ННТ фаолияти учун зарур институционал база яратилишига хизмат қилди.