Заҳарловчи моддаларнинг организмга тушиш йўллари.
Заҳарловчи моддалар организмга турли йўллар билан, жумладан нафас йўллари, меъда-ичак, тери, шиллиқ пардалари ҳамда жароҳатлар орқали ўтиши мумкин.
Заҳарловчи моддалар қўллаш усулига, уларнинг физикавий ва кимёвий, токсикологик хоссаларига қараб таъсир қилади.
Бу моддаларнинг баъзилари организмга нафас йўллари орқали тушса, баъзилари бошқа йўллар билан тушади.
Заҳарловчи моддалар кўпинча буғ ва аэрозоль ҳолида нафас олиш йўлларига тушади. Ҳаво йўлларига тушган заҳарловчи модда шиллиқ пардаларда тўхтаб қолиши натижасида қисман ўпка альвеолалари орқали қонга сўрилади. Агар ўпка альвеолалари ёйиб қўйилса, унинг юзаси тахминан 90-100 м2 юзага тарқалади, шунинг учун у нафас орқали заҳарланиш клиникасида биринчи ўринни эгаллайди, яъни заҳарланиш клиникаси тезда ривожланади.
Заҳарловчи моддалар билан нафас олиш йўллари орқали заҳарланиш ингаляцион заҳарланиш деб аталади, бу заҳарланиш жуда хавфли ҳисобланади. Нафас олиш йўлларини заҳарловчи моддалардан сақлаш учун ҳимояловчи воситалардан-газниқоблардан фойдаланилади.
Заҳарловчи моддаларнинг организмга меъда-ичак йўли орқали тушиши ҳам ката аҳамиятга эга. Нафас олинадиган ҳаво билан кириб, шиллиқ пардаларда ушланиб қолган заҳарловчи моддалар оғиз бўшлиғига тушганда сўлак билан аралашади ва ютиб юборилади. Меъда-ичак йўли орқали заҳарланиш асосан билмасдан заҳарланган сув ёки озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда юзага келади. Меъда-ичак йўлига тушган заҳарловчи моддалар асосан ичакда сўрилади. Меъда-ичак йўлидан сўрилиб ўтган заҳарловчи моддалар қон ва лимфа томирларига тушади ва бутун организм ва тўқималарга тарқалади. Заҳарловчи моддалар қон айланиш доирасига тушишдан олдин жигарга келади ва бу ерда уларнинг бир қисми жигарнинг микросомалферментлари таъсирида зарарсизлантирилади. Ичакдан қонга сўрилмаган заҳарловчи моддалар ахлат билан ташқарига чиқариб ташланади.
Этиологик даволаш бу организмда касаллик ёки заҳарланишни келтириб чиқарувчи этиологик омилларнинг олдини олиш ёки уларни йўқотишга қаратилган бўлади ва қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:
-зудлик билан нафас олиш йўллари ва терини ҳимояловчи воситалар кийилади;
-нафас олиш бузилганда ёки тўхтаб қолганда ўпка сунъий вентиляция қилинади;
-агар нафас йўлларининг таъсирланиши кучли оғриқлар билан намоён бўлса, унда 1мл 2 %ли промедол (морфин) тери остига юборилади;
-кўз шиллиқ қавати, қўл, юз териси тоза сув билан ювиб бўлингандан кейин 2% ли натрий бикарбонат эритмаси билан қайтадан ювилади, оғиз ва томоқ шу эритма билан чайилади;
-кўзда кучли оғриқ пайдо бўлганда 2 % ли новокаин эритмаси ёки 1 %ли атропин эритмаси 1-2 томчидан кўзга томизилади ва қовоқлар ичига синтомицин малҳами (мазь) қўйилади;
-терига тушган заҳарловчи моддаларни тезлик билан дегазация қилиш зарур, заҳарланган уст-бош иложи бўлса алмаштирилади;
-меъда-ичаклар орқали тушган заҳарловчи моддаларни тезлик билан меъдадан чиқариб ташлаш (меъдани зонт билан ювиш), адсорбентлар (фаолланган кўмир) бериш зарур;
-организмга тушган заҳарловчи моддаларни заҳарсиз ҳолга келтириш учун бошқа восита ва усулларни (жадаллаштирилган диурез, гемодиализ, қон алмаштириш ва бошқа усулларни) қўллаш. Шуни эсда тутиш керакки, агарда заҳарловчи мода организмдан тўлиқ чиқарилмаган бўлса ёки унинг организмга кириши тўхтатилмаган бўлса, олиб борилаётган даволаш ишларининг нафи бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |