Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 5 та халқаро ва 4 та республика илмий-амалий анжуманида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 29 та илмий-услубий ишлар, шу жумладан, 1 та дарслик, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрларда 8 та мақола, 4 таси республика 4 таси хорижий журналларда чоп этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ҳамда иловалардан иборат бўлиб, асосий матн 133 саҳифани ташкил этади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида диссертация мавзусининг долзарблиги асосланган, диссертация мавзуси бўйича илмий тадқиқотлар шарҳи ва муаммонинг ўрганилганлик даражаси баён этилган, тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари, шунингдек, объекти ва предмети аниқланган, тадқиқот ишининг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига мослиги кўрсатилган ҳамда тадқиқотнинг илмий янгилиги, натижаларнинг ишончлилиги, назарий ва амалий аҳамияти, натижаларнинг амалиётга жорий этилиши, эълон қилинганлиги, ишнинг тузилиши борасида маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг ”Талабаларни нтеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантиришнинг назарий-методологик асослари” деб номланган биринчи бобида талабаларда интеллектни ривожлантиришнинг педагогик-психологик хусусиятлари, кластерли ёндашувнинг илмий-назарий жиҳатлари таҳлил қилинган. Талабаларда интеллектуал ижодий қобилиятни ривожланганлик ҳолати ўрганилган.
Мамлакатимизда олий таълим муассасаларида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш мазмунини жамиятни кадрларга бўлган ижтимоий буюртмаси, фан ва техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда. Малакали мутахассис қачон тайёрланади, қачонки креатив фикрлайдиган ёшлар салоҳияти ва иқтидори ривожлантирилса. Креатив фикрлаш талаба шахсида интеллектни ривожланганлига боғлиқ. Интеллект лотинча сўз бўлиб, билиш, тушуниш, идрок қилиш яъни инсоннинг ақлий қобилияти; ҳаётни, атроф муҳитни онгда айнан акс эттириш ва ўзгартириш, фикрлаш, ўқиш-ўрганиш, дунёни билиш ва ижтимоий тажрибани қабул қилиш қобилияти; турли масалаларни ҳал қилиш, бир қарорга келиш, оқилона иш тутиш, воқеа ҳодисаларни олдиндан кўра билиш лаёқати. Интеллектни ақлий жараёнлар тизими, муаммоларни ечишнинг услуби ва стратегияси, идрок қилиш фаоллигини талаб қиладиган вазиятга индивидуал ёндашувнинг самарадорлиги, яъни, когнитив услуб орқали тасаввур қилиш мумкин. Талабаларда интеллект даражаси ва ижодийлик ўртасидаги муносабат уларнинг шахсий хислатлари ва уларнинг мослашув усулларига таъсир қилади. Ижодийликнинг нималигини тушунишнинг ўзи ижодий ҳаракатни талаб қилади. Ижодийлик қандайдир аҳамиятли ва янги нарсага эришиш яъни инсонларнинг дунёни ўзгартириш учун қилган ҳаракатлари сифатида тушунилади. Шундай экан, талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятнинг шаклланишида ўқув-тарбиявий жараён ва атроф муҳитнинг роли ҳам муҳим саналади. Талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантиришда таълимнинг амалий ва назарий шаклларини инновацион дидактик усулларни қўллаш орқали амалга оширилади натижада замонавий малакали шахсни шакллантиришга эришилади.
Ёш мутахассисларни касбий фаолиятга тайёрлашга талаблар кучайган замонавий шароитда ўқув жараёнини ташкил этишнинг янги шакллари зарур. Сўнгги йилларда таълимнинг кластерланиши асосий масалага айланди. Кластер бу- маълум бир соҳада фаолият юритадиган ва умумий фаолият билан тавсифланадиган ва бир-бирини тўлдирувчи ташкилотлар гуруҳи ҳисобланади. Таълим кластери ташкилотлар билан ҳамкорликда бирлаштирилган таълим муассасаларининг йиғиндиси. Шу билан бирга, таълим кластери-бу фан-техниканинг инновацион занжир ичидаги горизонтал бўғинларга асослаб ўқитиш, ўзаро ўрганиш ва ўз-ўзини ўқитиш воситалари тизимидир. Таълим кластеридаги муассасалар орасида олий таълим етакчилик қилади. Чунки бугунги кунда педагогика соҳасининг ўрни минтақада гуманитар салоҳиятни ривожлантиришда муҳим субъект сифатида тобора кучайиб бормоқда. Натижада олий, мактабгача, умумий ўрта, профессионал таълим, малака ошириш марказлари, оила ва маҳаллани бирлаштириш тизими вужудга келмоқда.Олий таълим тизимига кластер ёндашувининг кириб келиши инновацион жараён бўлиб, барча таълим турлари (олий, умумий ўрта ва мактабгача таълим) ўртасида амалга оширилиши лозим бўлган ёндашувлар сифатида умумий мақсад ва ўзаро манфаатли алоқадорлик деб таснифлаш мумкин.
Кластер ёндашуви ўқув ва илмий-инновацион жараён мажмуасидир. Мажмуанинг асосий мақсади олий таълим муассасалари ва иш берувчилар учун мутахассисларни кўп босқичли тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишдан иборат. Шунингдек, ҳамкорликда муаммони топиш, изланиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим иштирокчиларини фаоллаштириш ва рағбатлантириш, жорий ва прогноз талабларини ҳисобга олган ҳолда педагогларни тайёрлашни мослашувчан тизимини яратиш лозим.
Мазкур жараён талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантиришда кластерли ёндашув долзарб саналади. Унинг моҳияти шундаки, талабанинг назарий билимлари турли субъектлар муносабати асосида амалиётга татбиқ этилади. Мазкур ёндашув иштирокчилари ҳар томонлама ривожланган бўлажак педагогларни тайёрлашнинг кўп циклли тизимини ташкил этади, мослаштиради, мувофиқлаштиради ва тартибга солади. Ушбу жараёнда интеллектуал даражаси юқори, ижодкор, замонавий билим ва компетенцияга эга бўлган педагог кадрларни тайёрлашда олий таълим етакчилик қилса, буюртмачилар, мактабгача таълим ташкилоти, умумий ўрта таълим мактаблари, профессионал таълим, касб-ҳунар мактаблари ўз манфаатидан келиб чиқиб, жараёнда фаол иштирок этади.
Кластерли ёндашувда иштирокчилар ўртасида барқарор ва узоқ муддатли уланишлар горизонтал ва вертикал равишда рўй беради. Горизонтал йўналишда талабалар ўқув жараёнида ўзаро таъсир муҳитида бўлади. Яъни интерфаол метод ва технологиялар татбиқ этилганда мазкур жараён амалга ошади. Вертикал йўналишда қитувчи томонидан интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантиришга қаратилган вазифалар ва ўқув топшириқлари берилади. Кластер ёндашувида ҳамкорлик режаларида акс этган вазифалар вертикал йўналишда амалда бўлади. Вазифаларнинг ижросида якка ташкилот ва талаба шахси иштирокининг таъминланиши ҳамда ҳар бир бажарилган ишнинг натижаси бир-бирини тўлдириши натижасида вертикал ва горизонтал уланиш амалга ошади.
Тадқиқотда кўзлаган мақсадга эришишда корпоратив ва коллоборатив ёндашувидан фойдаландик. Бунда вилоят мактабгача таълим бошқармаси, туман бўлими, умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус таълими, малака ошириш марказлари педагоглари билан ҳамкорликда талабаларда назарий билим билим, кўникма ва малакаларни мустаҳкамлашга қаратилган ўқув семинари, “Заковат ўйинлари",“Педагогик устахона”, “Маҳорат дарслари”, “Ижодий кеча ва учрашувлар” ташкил этилди. Кластер субъектлари кучларини бирлаштириш асосида тизимнинг умумий салоҳиятини оширишга эътибор қаратилади. Демак, кластерли ёндашув таълим турлари ва ташкилотлар, ижтимоий институтлар ҳамкорлигининг инновацион шакли сифатида хизмат қилади. Талабаларда интеллектни ривожлантиришда методологик ёндашувларни амалиётга жорий этиш лозим, деган хулосага келдик. Яъни бунда узвийлик, изчиллик, фаолиятли ва субъектив-жараёнга мос муносабатлар амалга оширилади. Мазкур ёндашувлардан фойдаланиш тадқиқотимизни самарали кечишига асос бўлади. Узвийлик ёндашуви натижасида тадқиқот ишининг моҳияти аниқланиб, унинг компонентлари аниқлаштирилдиди. Изчиллик талабаларнинг билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш ҳамда интеллектни ривожлантиришда ОТМ, МТТ, Оила ва ижтимоий ташкилотлар билан тизимли ишларни йўлга қўйиш лозим. Фаолиятли ёндашув жараёнида талабалар ва ўқитувчиларнинг ўзига хос томонлари, уларни ижодий ўзаро ҳаракатга ундовчи усул, шакл ва технологияларни аниқлаш кўзда тутилади. Субъектив ёндашув ижодий қобилиятни ривожлантиришда талаба-ўқитувчи-талабаларнинг ўзаро таъсир кўрсатиш муносабатларини назарда тутади.
Фаолиятли ёндашувда “талаба+ўқитувчи+талаба” муносабати асосида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Инновацион муҳитда талабалар ўзаро таъсирнинг субъекти саналади. Талабаларда интеллектуал ва ижодий қобилиятни ривожланганлиги уларни касбий тайёргарлик қай даражада шаклланганлигини кўрсатади. Ушбу жараёнда талабаларни ақлий ва ижодий салоҳиятини оширишда самара берадиган метод ва технологияларни тўғри танлаш талаб этилади. Кластер ёндашувига хос муносабатлар мақсадга йўналтирилган, узлуксиз ва бошқарувчан характерга эга бўлади. Аудориядан ташқари вақтларда ҳам интеллект ва ижодий қобилиятни ривожлантиришга қаратилган тарбиявий-маънавий тадбирлар, “Заковат ўйинлари”, “Ижодий” тўгараклар муҳим омил ҳисобланади.
Диссертациянинг иккинчи боби ”Талабаларда интеллектуал -ижодий қобилиятни ривожлантиришнинг педагогик ва дидактик имкониятлари” деб номланиб, мазкур бобда талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантириш омил ва тамойиллари, самарали усул ҳамда технологиялари аниқланган.Талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантириш модели ва унинг мазмуни. илмий-назарий жиҳатдан тадқиқ этилган.
Талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантиришда замонавий таълим технологияларига бўлган эҳтиёж мавжудлиги асословчи тажриба-синовда ўз тасдиғини топди. Замонавий технологиялар нафақат таълим мазмунини ривожлантириш, балки талабаларни интеллектуал-ижодий қобилиятини ривожлантиришда қўл келади. Талабаларида интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантиришга йўналтирилган қуйидаги замонавий технологиялардан фойдаланилди:
Динамик ўзгаришлар технологияси.
Учликда ўрганамиз технологияси.
SАМR технологияси.
VRAK технологияси.
Интеллектуал чархпалак технологияси.
Менинг муваффақиятли келажагим технологияси.
Интеллектни ривожлантириш цикли технологияси.
Олти поғона технологияси.
РUPPOSE технологияси.
Рақамли таҳлил технологияси.
Ушбу технологияларнинг мақсади талабаларда касбий салоҳият ва педагогик тайёргарликни шакллантириш, келажак фаолияти ҳақидаги тасаввурларни мустаҳкамлаш, ўз-ўзини ривожлантириш ҳамда шахсий сифатларини тарбиялашдан иборат.
Тажриба-синов натижалари асосида “Талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантириш” тузилмаси ишлаб чиқилди (1-расм). Мазкур тузилма когнитив, креатив, рефлексив каби таркибий қисмларга ажратилди.
Когнитив талабалар борлиқдаги воқеа-ҳодисаларни тасаввур қилиб, унинг мантиқан анализ қилади ва таққослайди. Бу эса уларда интеллектуал қобилиятни ривожланишига замин яратади.
Креативлик педагогик фаолиятга танқидий, ижодий ёндашиш, ўзининг ижодкорлик малакаларига эгалигини намойиш эта олишдир. Педагогик жараённи методик жиҳатдан оқилона ташкил этиш, таълим ёки тарбиявий фаолият шаклларини тўғри белгилаш, метод ва воситаларни мақсадга мувофиқ танлай олиш, методларни самарали қўллай олиш, воситаларни муваффақиятли қўллаш креативлик белгилари ҳисобланади.
Рефлексив.Тажриба-синов давридаги кузатувларимиз 1-2-босқич талабаларида рефлексив мушоҳада қилиш кўникмалари сустроқ эканлигини кўрсатди. Талабаларда янгиликни ўрганишга қизиқиш, кашфиётлар қилишга бўлган иштиёқ уларда когнитив билимларни мустаҳкамлайди.
Э.П.Торренс фикрича, “креативлик негизида қуйидагилар ёритилади, муаммо ёки илмий фаразларни илгари суриш; фаразни текшириш ва ўзгартириш; муаммони аниқлаш; қарор натижаларини шакллантириш; муаммо ечимини топишда билим ва амалий ҳаракатларнинг бирлиги; ўзаро қарама-қаршиликка нисбатан таъсирчанлик” . Креатив фикрлаш ҳар бир ижтимоий соҳада яққол акс этиши мумкин. Талабанинг ижодкорлиги эса келажакда у томонидан ташкил этиладиган касбий фаолиятни ташкил этишга креатив ёндашувида акс этади
Тадқиқотга доир илмий манбалар ва амалиётни кузатиш натижалари асосида қуйидаги хулосага келдик:
ўқув машғулотларида интеллект ва ижодийликни ривожлантирувчи замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ;
ўқув-тарбиявий фаолиятнинг барча босқичларида изчиллик ва узвийликни таъминлаш;
мактабгача педагогика фанини ўқитишда интеллект ва ижодийликни ривожлантирувчи дидактик материаллардан кенг фойдалана олиш;
кластер ёндашуви асосида жамоавий ҳамкорлик фаолияти (ОТМ-МТБ-Мактаб-Оила-МОИ-Илмий тадқиқот инститлари)ни ташкил этиш; ижодий ва илмий тўгараклар орқали талабаларда касбий компетенцияни шакллантириш;
шахсий тажрибага таянган ҳолда касбий кўникмаларни такомиллаштириб бориш.
Тадқиқотимизда муаммога доир амалий ва назарий таҳлиллар натижасида кластер ёндашуви асосида талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантириш механизмлари ишлаб чиқилди. Бунда кластерли ёндашувда муаммоларнинг ечимига нисбатан тўғри ёндашувни қарор топтириш мақсад қилиб белгиланган. Зеро, мазкур жараёнлар маънавий, моддий, технологик, информацион, услубий ва кадрлар соҳасидаги барча таълим ресурслари жалб қилинганлиги билан ҳам самарали механизм саналади. Мазкур механизм таълим кластери узвийлигини таъминлашда Оила- Мактабгача таълим ташкилотлари+умумий ўрта таълим мактаби+ ўрта махсус +ОТМ ўртасида концентрациялашган жараён амалга оширишни кўзда тутади. Шунингдек, интеграцион шароитда ўқув жараёнинг самарали ташкил этувчи шароит ҳамда қўлланиладиган метод ва технологиялар узвийликда олиб борилади. Кластерли ёндашувда етакчи бу -олий таълим муассасидир.
Талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантириш борасидаги ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида унинг бир қатор тамойилларини тавсия этамиз.
Рағбатлантирувчи тамойил. Бу тамойилнинг моҳияти ўқитувчи талаба фаолиятини тўғри ва холис болаш орқали у томонидан турли вазиятларга асосланган рағбатлантирувчи ҳолатлар юзага келганда, уни қўллаб-қувватлаши, рағбатлантириши керак. Натижада объектив берилган баҳо масъулиятни англашига мотивацион йўналтиради, психологик эмоционал ҳаракатга келтиришга имконият яратади.
Интегративлик тамойили. Ушбу тамойил дарсларда фаолият турлари, ўқув материалларининг ўзаро бир-бирига уйғунлашуви таъминланади, ўзаро таъсирини ўзида акс эттиради. Интегративлик бутун педагогик жараёнда талабаларнинг турли хил фаолияти бирлаштирилади. Улар фаолиятни онгли ташкил этишга сабаб бўлади ҳамда талабаларни ўзини-ўзи тарбиялаши ҳамда тартибга солади, мавжуд меъёрлар доирасида ҳаракатланишига сабаб бўлади.
Онглилик ва фаоллик тамойили. Шахснинг таълим маскани ва таълим берувчи табиатидан келиб чиқиб, олаётган билимини ҳаётда қўллай олишлари учун таълим жараёнида мустақил фикрлаш муҳитини яратиш, билимларни онгли равишда ва фаол қатнашиб ўзлаштириш. Ўқитувчилар ва талабаларнинг биргаликдаги ижодкорлиги ҳамда ҳамкорлигига асосланади.
Табиийликка мослашиш тамойили фаолиятнинг ички ва ташқи боғлиқликлари.Ушбу тамойилда талабанинг ички имкониятлари ва индивидуал хусусиятлари инобатга олинади. Шунингдек, талабалар зарур билимларни ўзлаштириб олиши ва кундалик ҳаётида уларни назарий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамланиши натижасида дунёқараши такомиллашиб бориши билан изоҳланади.
Кўпвариантлилик тамойил. Дарс жараёнида ўқув топшириқлари талабаларнинг ўзлаштириш даражасига қараб шакллантирилади. Амалиёт давомида билимлар татбиқ этилса, унинг муҳим эканлиги аниқ бўлади ва касбий сифатлар ичида муҳим ўрин тутади. Ўқитувчилар ўқув жараёнига барқарор муҳитни барпо этиш масаларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланади. Талабаларнинг ички ҳолатини сезиш қобилияти, ҳамдардлик кўрсатиш каби ҳаракатларга аҳамият бериш керак. Педагогик томонидан бундай фаолият тўғри йўналтирилмаса, ривожланаётган шахсда шу жумладан, ижодийлик намoён бўлишида муаммолар пайдо бўлади.
Тизимлилик тамойили. Табиат ва ижтимоий ҳаёт ҳодисаларининг умумий алоқадорлигини тасаввур қилиш ҳамда ўзлаштириш, турли вазифаларни ҳал этишни таъминлайди. Талабалар учун яратилган қулай ва эркин шароит билимларни ўзлаштириш самарали кечишига хизмат қилади.
Тадқиқотимизда муаммога доир амалий ва назарий таҳлиллар натижасида кластер ёндашуви асосида талабаларда интеллектуал-ижодий қобилиятни ривожлантириш механизмлари ишлаб чиқилди. Бунда кластерли ёндашувда муаммоларнинг ечимига нисбатан тўғри ёндашувни қарор топтириш мақсад қилиб белгиланган. Зеро, мазкур жараёнлар маънавий, моддий, технологик, информацион, услубий ва кадрлар соҳасидаги барча таълим ресурслари жалб қилинганлиги билан ҳам самарали механизм саналади. Мазкур механизм таълим кластери узвийлигини таъминлашда Оила + Мактабгача таълим ташкилотлари + умумий ўрта таълим мактаби+ ўрта махсус + ОТМ ўртасида концентрациялашган жараён амалга оширишни кўзда тутади. Шунингдек, интеграцион шароитда ўқув жараёнинг самарали ташкил этувчи шароит ҳамда қўлланиладиган усул ва технологиялар узвийликда олиб борилади. Кластерли ёндашувда етакчи бу олий таълим муассасидир.
Адабиёт ва илмий манбаларни таҳлил қилиш натижасида талабаларнинг интеллектуал-ижодий қобилиятини босқичма-босқич ривожлантириш мақсадга мувофиқ деган хулосага келдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |