1-мавзу. Тарих ўқитиш методикасининг предмети,
мақсад ва вазифалари.
Режа:
1. Тарих ўқитиш методикасининг предмети ва унинг вазифалари.
2. Тарих ўқитиш жараёнининг таркибий қисмлари ва улар ўртасидаги алоқалар.
3. Тарих ўқитиш методикасининг бошқа фанлар билан боғлиқлиги.
Ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимларда тарих фанининг асосий мақсади энг қадимги даврдан ҳозирги кунгача бўлган Ватанимиз ва жаҳон тарихига оид энг муҳим воқеалар билан ўқувчиларни таништириш, уларни Ўзбекистон ва жаҳон халқларининг маданий ва маънавий меросига, илғор анъаналарига, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк меросимизнинг давомчилари ҳамда уни бойитувчилари бўлмиш муносиб ворисларни тарбиялашдан иборат.
Тарих ўқитиш методикаси илмий педагогик фан бўлиб, у ўқувчиларга тарихдан пухта билим бериш, уларни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш ва камол топтиришда ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида ўқитиладиган тарих курсининг мақсадини, таълим-тарбия вазифалари, мазмуни, метод ва усулларини ҳамда тарих ўқитишнинг энг муҳим воситаларини белгилаб беради.
Тарих ўқитиш методикасининг асосий фан сифатида олий ўқув юртларидаги тарих факультетларининг ўқув режасига киритилиши ва уни ўрганишдан кўзда тутилган мақсад, келгусида ўқитувчи бўлиб чиқадиган талабаларни ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида тарих ўқитишнинг илмий асослари билан қуроллантиришдан иборат.
Тарих ўқитиш методикаси ўзининг мустақил текшириш предметига эга. Ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида тарих фанининг ўқитилиши ва ўқитиш жараёнининг ўрганилиши тарих ўқитиш методикасининг предметини ташкил этади. Ўқитиш жараёнининг объектив суратда амал қиладиган ўз қонуниятлари бор. Уларни билиб олиш ва таълим-тарбия жараёнида бу қонуниятларга амал қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида тарих ўқитишни илмий асосда олиб боришнинг муҳим шартидир.
Тарих ўқитиш методикаси тадқиқ этадиган, талабаларнинг пухта ва мукаммал билим олиши ва амалда суяниши керак бўлган тарих ўқитишнинг умумий қонуниятлари нималардан иборат ва улар таълим жараёнида қандай намоён бўлади?
Тарих ўқитиш жараёнининг таркибий қисмлари ва улар ўртасидаги алоқалар. Тарих ўқитиш жараёнининг таркибий қисмлари (мақсади, мазмуни, ўқитишнинг метод ва усуллари, натижалари) ўртасидаги қонуниятли алоқалар қуйидагича намоён бўлади: ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида мақсади, таълим-тарбия вазифаларининг муваффақиятли амалга оширилиши ўқитишнинг мазмунига, ғоявий-сиёсий ва назарий жиҳатдан пишиқ бўлишига боғлиқ бўлганидек, ўқувчиларнинг тарих курсини ўзлаштириш даражаси ҳам ўз навбатида ўқитишнинг ўрганиладиган мавзунинг мақсади, таълим-тарбия вазифалари ва мазмунига мос келадиган таълим шакллари, ўқитиш метод ва усуллари ҳамда воситаларидан қай даражада мақсадга мувофиқ фойдалана билишига боғлиқдир.
Шунингдек, ўқитишни натижалари ўқитувчининг ўқитишдан кўзлаган мақсади, унинг таълим-тарбиявий вазифаларини аниқ белгилай олишига, курснинг мазмунига мос тарзда амалга оширишга ёрдам бера оладиган метод ва усуллардан илмий асосда фойдалана билишига боғлиқдир. Тарих ўқитиш жараёнининг таркибий қисмлари ўртасидаги бу ўзаро диалектик боғланиш натижасида улар бир-бирига узлуксиз таъсир кўрсатиб боради. Тарих ўқитишда ана шу қонуниятларга суянмасдан, уларни эътиборга олмасдан туриб яхши натижага эришиб бўлмайди.
Проф П.В.Гора тарих ўқитиш методикаси дастури ва маъруза курсининг илмий асосларига бағишланган маърузасида ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимида тарих таълими жараёнининг умумий қонуниятларини қуйидаги чизмада ифодалаб, уларнинг ҳар қайсисига изоҳ беради:
Do'stlaringiz bilan baham: |