Тарих бўйича стандартлар структураси ва мазмуни
Ўрта умумтаълим, ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимлари учун яратилган ўқув дастурлари тузилиши, мазмуни
Ўрта умумтаълим ўрта таълим ва ўрта махсус таълим тизимлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун яратилган дарсликларимиз тили равон, содда, ихчам, ўқувчи ҳаёти, фаолиятига яқин матнлардан ташкил топгандагина, у болаларнинг севимли китоби бўлади, ўқувчилар мустақил ҳолда ўрганиши мумкин бўлган «иккинчи ўқитувчи» вазифасини бажаради, тўла маънодаги билим манбаига айланади.
Кези келганда шуни айтиш керакки, дидактиканинг семантик жиҳатларини аниқлаш кам ўрганилган соҳаларга киради. Ҳанузгача тушуниш муаммоси (моҳияти) олимлар томонидан турлича талқин қилинади, дидактлар семантик жиҳатдан мураккаб матнлар ва ғояларни баён қилиш усуллари устида кам бош қотирмоқдалар. Илмий концепциялар мураккаблашиб, чуқурлашиб бораётган ҳозирги даврда семантик муаммолар ўқув материалларини баён қилиш, ўқувчиларни фан ривожининг янги даврини ташкил қилувчи назарияга эртароқ олиб кириш, таълимда далиллар билан назария муносабатларини ҳал қилишга ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Бу масала ҳам тезроқ ўз ечимини топиши керак.
Яна бир муаммо устида тўхталишни лозим топдик. Гап шундаки, биз қўпинча «таълим мазмуни» билан «ўқув фани мазмуни» тушунчаларини бир хил деб қараймиз. Аслида ундай эмас. Олдинги тушунча кенгроқ, яъни ўқув фани мазмуни фақат шу фанга оид билимларни — тушунча, ҳукм, хулосаларни ўз ичига олади. Таълим мазмуни эса бундан ташқари, илмий билиш методлари, усуллари ва амаллари, яъни ўқувчиларда мустақил билиш малакаларини ҳосил қилувчи методологик билимларни (таъриф, исбот, таҳлил, синтез, индукция, дедукция, таснифлаш, системалаштириш, умумлаштариш ва бошқаларни) ҳам ўз ичига олади. Бу борада ҳам дарсликларимизда анчагина камчиликлар мавжуд.
Ўқувчиларда билим олишга интилиш ва билим олишга эҳтиёж бўлиши, ўқиш мақсадлари ички заруратга айланиши керак. Ўқувчи реал ҳаётга кириб бориши, унда фаол иштирок этиши учун билим, кўникма ва малакалар билан бирга, илмий билиш методларига эга бўлиш кераклигини онгли равишда тушуниб етиши лозим. Чунки, очиқ жамиятнинг асосий белгиси — бу дунёни англаб етиш ва унда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун эркин изланишдир. Ўқувчиларда ташаббускорлик ва мустақилликни, билимларни пухта ва чуқур ўзлаштиришни, зарур малака ва кўникмаларни, уларда кузатувчанликни, тафаккур ва боғланишли нутқни, хотира ва ижодий тасаввурни тарбиялашга имкон берувчи дидактик принцип — бу таълимдаги фаоллик. Фаоллик мезонлари онглилик принципи билан бевосита алоқадор. Чунки, фаоллик бор жойда онглилик бўлади.
Бундай тизимда ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам таьлим-тарбия жараёнига биргалиқда масъулдирлар. Улар биргаликда ҳар бир ўқувчининг билим ва қобилиятини, индивидуал эҳтиёжларини аниқлайдилар. Бундай ҳолатда ўқитувчи фақат «баҳоловчи» эмас, балки янги билимлар етказувчи манбага айланади.
Жаҳон педагогик лексикони қаторидан аллақачонлар «инновация» тушунчаси кенг ўрин олган. Бу тушунча «янгилик», «ислоҳ» тушунчаларини англатади. Кенг маънода қараганда таълим тизимидаги ҳар қандай ўзгариш — бу педагогик инновация. Дастлаб бу тушунчалар ижтимоий-иқтисодий ва технологик жараёнларга нисбатан қўлланар эди, сўнгра таълим тизимидаги ҳар қандай янгиликларга нисбатан ишлатиладиган бўлди. Педагогик янгиликларнинг технология деб аталиши боиси ҳам шунда. Ҳозирги даврга келиб педагогик инноватика фани шаклланди. Педагогик инноватика — педагогик янгиликлар, уларни баҳолаш ва педагогик жамоа томонидан ўзлаштириш, ниҳоят, уни амалиётда қўллаш ҳақидаги таълимот сифатида қаралади.
Бу таълимот уч йўналишни ўз ичига олади. Биринчиси - педагогик неология (юнонча «нео» — «янги» ва «логос» — «таълим», яъни янгилик ҳақидаги таълимот) дейилиб, бунда педагогика соҳасидаги ҳар қандай янгиликлар ўрганилади, умумлаштирилади.
Таълим воситалари ўқувчиларнинг руҳий, жисмоний, генетик ва минтақавий ўзига хосликларини тўлиқ ҳисобга олгандагина юқори самарадорликка эришиш мумкин. Аммо, узоқ йиллар мобайнида биз ана шу ҳақиқатга амал қилмаган ҳолда дастур, дарслик ва ўқув қўлланмалари яратишга мажбур бўлдик. Ҳозирда яратилаётган ўқув-методик воситаларда айни шу жиҳатлар ҳисобга олинмоқда. Лекин, очиқ тан олиш керакки, бу осон кечаётгани йўқ. Чунки педагогикамиз ўнлаб йиллар мобайнида миллий илдизлардан жуда йироқда эди. Шўро замонининг ўша эски қолипларидан ҳамон тўла қутула олганимизча йўқ. Биз бу ҳақида юқорида батафсилроқ тўхталиб ўтдик. Шунинг учун ҳам дастур ва дарсликлар янгича фикрлай оладиган, миллий дидактикамиз хусусиятларини биладиган кишилар томонидан яратилишига алоҳида эътибор берилмоқда. Дарслик ёзишга талаб меъёрлари ишланди. Ҳар қандай дастур ва дарслик бевосита вазирлик қошида ташкил этилган махсус эксперт гуруҳи томонидан кўриб чиқилгандан кейингина нашрга тавсия этилади.
Ҳар бир ўқув фанидан ўқув-методик мажмуалар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда, яъни муайян ўқув фани бўйича таълим концепцияси, стандарти, дастури, дарслиги, методик қўлланмаси тўлиқ яратилиши лозим. Ҳозирги даврда яратилаётган дарсликларнинг асосий камчилиги миллатимиз болаларининг психологик ўзига хосликларини, фикрлаш тарзини тўлиқ хисобга олишга эриша олинмаётганида деб биламиз. Бизнинг мутахассисларимиз дидактик воситалар орқали ўқувчиларга ҳамма гапни айтиб беришга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, ўқувчини ўқитиш керак эмас, уни ўзи ўқийдиган ҳолатга олиб келиш лозим. Токи боланинг ўзи изланмас экан, таълимда ютуққа эришиш мумкин эмас. Демак, яратилаётган дидактик воситалар жумбоқли характерга эга бўлиши, ўқувчиларни ўйланишга, изланишга, синаб кўришга даъват қиладиган тарзда тузилиши лозим.
Кўпчиликка маълумки, Президент Ислом Каримов ўзининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси XIV сессиясида «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» мавзусидаги маърузасида таълимда давлат стандартларини синовдан ўтказиш ва жорий этиш бўйича мутасаддилар олдига қуйидаги вазифаларни қўйган эди:
«Янги ўқув йили бошлангунга қадар мазкур тажриба қандай ўтаётганлигини ва унинг дастлабки натижаларини чуқур таҳлил этиб, таълим андозалари, ўқув режалари ва дастурлари мазмунига ислоҳотларнинг бош мақсадидан келиб чиққан ҳолда, яъни ёш авлодни камол топтиришга қаратилган зарур тузатишлар киритиш зарур.»1
Хўш, республикамизда Президентимизнинг топшириғини бажариш бўйича нима ишлар қилинди, нималарга эришилди, таълимий стандартлаштиришни оммавий жорий этиш учун яна нималарга эътибор бериш керак? Энди мана шу масалаларни баён этишга киришамиз.
Давлат таълим стандартларини қўллаш ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганидек, уни яратиш ҳам тасодифий бир ҳол эмас.
Вазирлик, таълимда ислоҳотларни амалга ошириш бошланган дастлабки йилларданоқ таълим дастурларини янги мақсадлар йўлида қайта яратиш, таълим концепцияларини, стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга, уларни тажриба-синовдан ўтказиш, таълим стандартлари асосида фаолият кўрсатадиган мактаблар сонини кенгайтириб бориш йўлидан борди, хорижий давлатларнинг бу соҳадаги тажрибаларини ўрганиш, уларни халқимизнинг этник хусусиятлари, миллий шарт-шароитига мослаштирилган ҳолда жорий этиш масаласига алоҳида аҳамият берди.
Ўрта таьлим ва ўрта махсус таълим тизимида тарих ўқитишнинг асосий вазифаси – ўқувчиларга тарих фанидан пухта билим бериш, шу билимларни амалиётда қўлланиш кўникмалари ва малакасини ҳосил қилишдан иборатдир. Тарихни ўргатиш ёшларга миллий ғояни сингдириш ва уларда илмий дунёқарашни шакллантириш, ҳозирги замон тараққиётининг асосий тенденциялари ва зиддиятлари моҳиятини тўғри тушунишга тайёрлашнинг муҳим воситасидир.
Тарих курсининг таълимий вазифалари:
Ўқувчилар тарихий жараённи ва тарихий ривожланишнинг ҳамма босқичларидаги ижтимоий ҳаётнинг турли томонларини характерлаб берувчи муҳим тарихий фактларни пухта ўзлаштириб олган бўлишлари зарур.
Тарихий фактларни ўзлаштириш натижасида ўқувчилар тарихдаги асосий воқеаларни, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ҳамда уларнинг ривожланиб боришини акс эттирувчи аниқ тарихий тасаввурлар системасини ҳосил қилишлари лозим.
Ўқувчилар тарих курсидаги муҳим тарихий тушунчаларни пухта ўзлаштириши, жамиятнинг ижтимоий ривожланиш қонуниятларини мукаммал тушуниб етиши, тарихни ўз ёшига қараб илмий асосда тушуниши лозим.
Ўқувчилар тарих курсидан олган билим ва малакаларини янги тарихий материалларни ўрганишда, ўтмиш ва ҳозирги замон воқеаларини тушунишда, кундалик ижтимоий ишларда, ҳаётда қўллай билишлари лозим.
Ўқувчилар тарихий материал билан, ҳар хил матнлар (дарслик, тарихий ҳужжатлар, илмий-оммабоп адабиёт, сиёсий рисолалалр, газета ва журналлар), харита ва иллюстрациялар билан ишлай билиши, режа туза билиши, маърузани ёза билиши, тарихий материални системали ва асосли равишда баён қила билиши айрим тарихий мавзуларда ахборот бера олиши, докладлар қила олиши лозим.
Тарихий фактларни ўзлаштириш таълим-тарбия жиҳатидан ҳар қанча муҳим бўлса ҳам, фактларни билишнинг ўзи ўқувчиларнинг тарихни билиш жараёнидаги биринчи босқичдир.
Тарихни ўрганиб, билиб олишнинг анча юқорироқ босқичи тарихий фактлар ўртасидаги муҳим боғланиш ва муносабатларни билиб олиш, уларни амалда тадбиқ эта олишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |