Узлуксиз кузатиш деганда ҳодисалар рўй бериши биланоқ қайд қилинадиган кузатиш тушунилади. Масалан, бола туғилиши, никоҳдан ўтиш каби воқеа (ҳодиса)лар содир бўлиши биланоқ яъни ўша куннинг ўзидаёқ қайд этилади.
Фурсатли кузатиш деганда маълум муддатларда ўтказиладиган кузатишлар тушунилади. Масалан, аҳоли рўйхати ва бошқалар.
Бир йўла кузатиш деб бирорта масалани ечиш учун ўтказилган кузатишга айтилади. Масалан, савдо корхоналари жиҳозланиш даражасининг бозор иқтисодиёти талабларига жавоб бериши ва бермаслигини ўрганиш учун махсус кузатиш ўтказиш. Бундай кузатиш кейинчалик ўтказмаслик ҳам, зарурият туғилса, яна ўтказиш мумкин.
Ўрганилаётган тўплам бирликларини ўз ичига қамраб олишига қараб, статистик кузатиш икки турга: ёппасига кузатиш ва қисман кузатишга бўлинади.
Ёппасига кузатишда тўплам бирликларининг барчаси кузатилади. Масалан, Ўзбекистонда аҳоли рўйхати ўтказиладиган бўлса, республика фуқароларининг барчаси (қаердалигидан қатъий назар) рўйхатга олинади. Бу дегани фуқаро чет давлатдами, денгиздами, океандами ва ҳатто космосдаги киши ҳам рўйхатдан ўтиши керак.
Қисман кузатишда ўрганилаётган тўплам бирликларининг бир қисми кузатишга жалб қилинади. Қисман кузатиш тўртта турга: анкета орқали кузатиш, монографик тасвирлаш, асосий массивни кузатиш, танлаб кузатишга бўлинади.
Анкета орқали кузатишда саволлар ёзилган варақалар кузатиш бирликларига тарқатилиб, улар тўлдирилгандан сўнг йиғиштириб олинади ва умумлаштирилади. Бундай кузатиш жамоатчилик фикрини аниқлашда ва айниқса, бозор иқтисодиёти шаройитида айрим ҳодиса ва воқеалар бўйича махсус мустақил экспертларнинг фикрларини билишда яхши натижа беради.
Монографик тасвирлаш деганда тўпламнинг бир бўлагини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш тушунилади. Масалан, вилоятда бир жинсли 104 та корхона бор, шундан 4 таси жуда ҳам илғор. Нима сабабдан илғор эканлигини билиш ва уларнинг илғорлик тажрибасини бошқа корхоналарга ёйиш ва оммалаштиришда қўлланилади.
Асосий массивни кузатишда ўрганилаётган белги умумий ҳажмининг ўзгаришига олиб келадиган энг салмоқли ўрин тутган бирликлар ажратиб олиб ўрганилади. Масалан, шаҳарда 150 озиқ-овқат дўкони бўлиб, шундан 15 таси товар айланмасининг 70-80 фоизини беради. Демак, 150 та озиқ-овқат дўконининг барчасини ўрганиб ўтирмасдан, 15 дўконни ўрганиб шаҳарда озиқ-овқат савдоси қандай ташкил қилинганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Танлаб кузатиш дегандабош тўпламдан бир қисмини танлаб олибтекшириш тушунилади. Агарда кузатишнинг бу тури тўғри ташкил қилинса, қисман кузатишнинг турлари ичида энг яхши ўрганилган маълумотлар умумий тўплам ҳақида тўла-тўкис ва аниқ фикр юритиш имконини беради. Бу кузатишда асосий муаммо танлама тўпламнинг репрезентативлигини (ваколатлилигини) таъминлашдир.
Агрда танлаб олинган тўпламда бош тўпламнинг муҳим хусусиятлари намоён бўлса, у тўплам репрезентатив дейилади. Репрезентативликни таъминлаш танлаш усулларини тўғри белгилашга боғлиқдир. Статистикада тасодифий, типик механик ва сериялаб танлаш усуллари мавжуд.
Бошланғич маълумотларни олиш усулига қараб, статистик кузатиш бевосита кузатиш, ҳужжатли, савол-жавоб усулларида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |