ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ
“СТАТИСТИКА”
фанидан
МАЪРУЗА МАТНЛАРИ
Тошкент 2014
1-МАВЗУ. СТАТИСТИКА ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ ВА УСЛУБИ
Режа:
1. Статистика тўғрисида умумий тушунча.
2. Статитсика фани предмети ва унинг ўзига хос хусусиятлари.
3. Статистика фани методи.
4. Бозор иқтисодиёти шароитида статистика роли ва аҳамияти.
«Статистика» атамаси лотинча «Status» сўзидан олинган бўлиб, ҳодисаларнинг ҳолати аҳволи деган маънони билдиради.
Cтатистиканинг фан сифатида шаклланишидаги асосий йўналишлар:
Тасвирий мактаб - Г.Конринг (1606-1681) ва Г.Ахенваль (1719-1772) (Германия). Давлат ҳолатини таърифлаш, тасвирлаш ёки рўйхатга олиш. Асосий мақсад бошқарувчи синф вакилларини бошқарув усуллари ва давлатларнинг бойлиги билан таништиришдан иборат эди.
«Сиёсий арифметика» - У.Петти (1623-1687) ва Жон Граунт (1620-1674) (Англия). Уларнинг ишларида демографик ва иқтисодий статистик масалаларга алоҳида эътибор берилган. Асосий хатоси - улар кичик тўпламларни ўрганиб, маълум бир хулосага келганлар.
- «Социал физика» йўналиши. XIX асрнинг биринчи ярми. Асосчиси А.Кетле (1796-1874). Асосий мақсад ижтимоий қонунларни миқдорий усуллар ёрдамида ўрганишдир.
Статистиканинг ўрганиш объекти инсоният ҳаётида рўй берадиган барча оммавий воқеа ва ҳодисалардир, предмети эса шу оммавий воқеа ва ҳодисаларни миқдорий томонларини ўрганувчи, аниқ шароит ва вақтда ҳодисаларнинг ривожланши қонуниятларини ўргатувчи методлар йиғиндисидир.
Статистика предметининг асосий хусусиятлари:
статистика алоҳида ҳодисаларни эмас, балки оммавий ижтимоий ҳодисаларни ўрганади.
статистика оммавий ҳодисаларнинг миқдорий томонларини ўрганади.
статистика ҳодисаларни аниқ шароит ва вақт ичида ўрганади. Ҳодисалар маконда фарқланади ва вақт бўйича бўйича ўзгаради.
статистика ижтимоий ҳодисаларнинг таркибини тавсифлаб беради. Ҳодисаларнинг таркиби оммавий ҳодисаларнинг ички тузилишидир.
статистика ҳодиса ва жараёнларнинг вақт давомида ўзгаришини, яъни динамикасини аниқлаш билан шуғулланади.
Статистиканинг асосий тушунчалари.
Статистик тўплам - муайян боғланишда бир хил сифатга эга бўлган ҳодисалар, элементлар, бирликлар, далиллар тўпламидир. Статистик тўпламдаги алоҳида элемент статистик тўплам бирлиги дейилади.
Статистик бирликлар умумий ва алоҳида белгиларга эга. Умумий ва алоҳида белгилар ўзаро қўшилиб ижтимоий ҳодисалар натижаларининг турлича бўлишига, яъни вариациялашувига олиб келади. Бундай белгилар вариацион, яъни ўзгарувчан белгилар деб аталади.
Статистика оммавий ижтимоий ҳодисаларни мана шу вариацион белгилар асосида ўрганиб, уларнинг ривожланиш қонуниятини белгилаб беради.
Қонун бу икки ҳодиса ўртасидаги ички ва зарурий боғланишдир. Қонун ҳодисалардаги муҳим, умумий, зарурий такрорланадиган боғланишларни ифода этади.
Қонуният дейилганда кўпинча ҳодисалардаги такрорланиш, кетма-кетлик, изчиллик ва тартиб тушунилади.
Фақат алоҳида ҳодисаларда рўй берадиган қонуниятлар динамик қонуниятлар деб, оммавий маълумотларни умумлаштириш йўли билан аниқланадиган қонуниятлар эса статистик қонуниятлар дейилади.
Ҳар қандай фан ўз объектиини маълум усуллар ёрдамида ўрганади. Барча фанлар учун умумий усул – диалектик усулдир. Чунки бу усул ижтимоий ҳодисаларнинг ривожланиш жараёнида ўзаро боғланган ҳолда ўрганишни тақозо этади.
2-МАВЗУ. СТАТИСТИК КУЗАТИШ УСЛУБИЯТИ
Режа:
1. Статистик кузатиш моҳияти ва аҳамияти.
2. Статистик кузатиш дастур – методологик ва ташкилий масалалари.
3. Статистик кузатиш турлари ва уларнинг ўзига хос жиҳатлари.
4. Статистик кузатиш хатолари ва уларни аниқлаш усуллари.
Ижтимоий ҳодисалар ва жараёнлар ҳақидаги маълумотларни режали, илмий, уюштирилган асосда тўплаш жараёни статистик кузатиш деб аталади.
Ҳар қандай статистик тадқиқот уч босқични ўз ичига олади:
статистик кузатиш;
кузатиш материалларини сводкалаш ва гурухлаш;
кузатилаетган воқеани ҳар томонлама тавсифловчи-умумлаштирувчи кўрсаткичларни ҳисоблаш ва уларни тахлил қилиш.
Ижтимоий ҳодисалар ва жараёнлар ҳақидаги маълумотларни режали, илмий, уюштирилган асосда тўплаш жараёни статистик кузатиш деб аталади.
Статистик кузатиш амалга оширилаётганда бир қатор шарт-шароитларнинг ҳисобга олиниши талаб қилинади. Акс ҳолда тўпланган маълумотлар илмий текшириш талабларини тўла қондирмаслиги ва ҳаттоки бутунлай яроқсиз ҳам бўлиши мумкин. Энг муҳим илмий талаблар, шарт-шароитлар қуйидагилардан иборат:
Бинобарин, статистик маълумотлар тасодифий юлиб олинган, тўплам билан боғланмаган ҳолда эмас, балки тўла олинган бўлиши керак.
Маълумотлар тўла-тўкис бўлиши учун энг авволо кузатилаётган тўпламдаги бирликлар макон (минтақа, ҳудуд) чегарасида тўла ҳисобга олиниши керак. Бу ерда сўз фақат ёппасига кузатиш устида бораётгани йўқ.
Статистик кузатишнинг тўлалиги маълумотларнинг вақт бўйича қамраб олиниши билан ҳам белгиланади.
Олинаётган маълумотлар аниқ, ишончли ва ҳаққоний бўлиши шарт, акс ҳолда улар исботлаб берадиган кучга эга бўла олмайди. Бу ерда гап маълумотларнинг фақат арифметик жиҳатдангина (масалан, тийин, граммгача) аниқ бўлиши тўғрисида эмас, балки у маълумотларнинг объектив ҳақиқатни акс эттириши ҳақида боряпти.
Статистик кузатиш икки шаклда – статистик ҳисобот ва махсус уюштирилган статистик кузатишлар (текширишлар) шаклида ташкил этилади.
Ҳисобот (бухгалтерия ва статистик ҳисоботларга бўлинади) статистик кузатишнинг асосий шакли бўлиб, у барча корхона ва ташкилотлар фаолияти ҳақидаги бошланғич маълумотларни тўплаш учун имконият яратади. Унинг маълумот манбаи бўлиб бухгалтерия ва оператив ҳисоб ҳужжатларида қайд этилган бошланғич ёзувлардир.
Махсус ташкил қилинган статистик кузатишларни воқеа ва ҳодисаларнинг содир бўлишини қайд қилиш вақтига қараб уч турга – узлуксиз, фурсатли ва бир йўла кузатишга ажратиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |