7-§. Қовурма тайёрлаш технологияси ва техникаси
Замонавий ёғ-мой корхоналарида қовурма тайёрлаш жараёнининг асосий операциялари қуйидагилардан иборат:
а) янчилманинг фермент системалари (липаза, фосфолипаза)ни инактивациялаш;
б) инактиваторда намланган янчилмага иссиқлик ишлови бериш ва турли мойли хом ашёларни қайта ишлаганда тайёр қовурмага хос намлик ва ҳароратга етказиш.
Кунгабоқар янчилмаси фермент системасини инактивациялаш алоҳида ёки қўш шнекли инактиваторларда қисқа вақтда, 14-16 с, янчилмани очиқ буғ билан 80-850С ҳароратгача қиздириб ва 8-9%гача намлаш йўли билан олиб борилади. Инактивация, кунгабоқар уруғи бўйича унумдорлиги 100, 200, 400 ва 600 т/кун бўлган шнекли инактиваторларда амалга оширилади. Инактиватор форпресс агрегатларининг тақсимловчи шнеклари устига ўрнатилади ва унумдорликка қараб ФП (100 т/кун) русумидаги форпресс агрегатига ёки икки-олти (200, 400, 600 т/кун) агрегатлардан ташкил топган гуруҳларга хизмат кўрсатади.
Қўш шнекли инактиватор (4.1-расм) қўшалоқ пўлат новлар(2)нинг ичида жойлашган, ўнга ва чапга айланувчи ўрамлари бўлган иккита шнекли валдан (10 ва 11) ташкил торган. Ҳар бир шнек ўрамлари бошқа шнек ўрамлари оралиғидаги бўшлиққа бироз кириб туради. Янчилмани очиқ буғ билан қиздириш ва намлаш икки қатор форсункалар (8) ёрдамида амалга оширилади. Буғ иккита коллектордан берилади.
4.1-расм. Шнеклар гуруҳидан ташкил топган инактиватор
Инактиватор нови тепадан қопқоқ (9) билан беркитилган, унда инактиваторга янчилмани қуритиш учун патрубок (3) ва аспирация учун патрубок (1) бор. Новнинг пастки қисмида ишлов берилган янчилмани чиқиши учун патрубок (5) жойлашган. Ускунани ёпиқ буғ билан қиздириш буғ трубаси (4) ёрдамида амалга оширилади. Бу труба новнинг пастки қисмининг ташқи юзасида жойлашган. Шнекли валларнинг охирги қисмида туширувчи куракчалар (6) ўрнатилган. Валнинг дум қисмида тескари айланувчи ўрамлар бўлиб, у ускунанинг шу қисмида янчилма тиқилиб қлоишига йўл қўймайди. Шнекли валлар унумдорликка қараб минутига 45, 46, 61 ва 62 марта айланади. Инактиватордан чиқаётган янчилмани ҳарорати 80-850С атрофида бўлади.
Пахта чигити янчилмасига нам-иссиқлик ишлови буғловчи-намловчи шнекларда берилади. Бу вазифани оддий, буғ ва сув билан таъминланган транспорт шнекида ҳам бажарса бўлади. Сув ва буғни алоҳида ёки махсус қурилма ёрдамида аралаш ҳолда бериш мумкин. Буғловчи-намловчи шнек узунлиги, одатда 3 метрдан кам бўлмайди, диаметрини эса унумдорликка боғлиқ ҳолда ўзгартириш мумкин.
Ҳозирги вақтда янчилмага нам-иссиқлик билан ишлов бериш қовуриш қозонларида амалга оширилади. Конструктив тузилишига кўра қозонлар уч турли: қасқонли, шнекли ва барабанли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |