II-БОБ. БИХЕВИОРИЗМ НАМОЁНДАЛАРИ НАЗАРИЯЛАРИНИНГ ТАЛҚИНИ.
2.1. Жаҳон психологиясида бихевиоризм назарияси ҳақидаги қарашларнинг ифодаланиши.
XX аср бошларида хулқ-атвор психологиясининг предметини таъкидлаган кучли йўналиш пайдо бўлди. У ташқи муҳит стимуллари билан шартланган ва унга адаптациялашадиган организмнинг реакциялари мажмуаси сифатида майдонга чиқди. Мазкур йўналиш хулқ-атворга асосланди ва бихевиоризм деб номланди.
XIX аср охирида психология фани тараққиётига доир баҳслар ягона фикрга келишга ва янги, позитив психологиянинг яратилишига имкон беради, деб ҳисобланди. Онг феноменини ўрганувчи психологияда, организм – муҳитни яхлит ҳолда ўрганувчи психологияга ўтиш тенденцияси кузатилди. Бироқ дастлабки мактабларнинг ривожланиши шуни кўрсатдики, психологияда бу йўналишдаги ривожланиш учун бир неча йўл мавжудлиги ва улар бир-биридан фақатгина устуворлик ва психология фани вазифалари нуқтаи назаридан эмас, балки психологиянинг мазмуни ва предметини тушуниб, аниқлаштириб олиш нуқтаи назаридан хам тубдан фарқ қилди. Психик ривожланиш динамикасида унинг қонуниятлари ва шарт-шароитларига ижобий таъсир этувчи ёки халақит берувчи ҳолатларга турлича ёндашувлар пайдо бўлди.
Шунинг учун ХХ аср бошларида психология жиддий методологик кризисни бошдан кечирди. Бу эса, аввало, психикани татбиқ этиш билан боғлиқ объектив методларни излаш билан намоён бўлди. Функционал психология томонидан илгари сурилган структурализм ёки вюрцбург мактаби томонидан илгари сурилган методларнинг объективликдан йироқлиги олинган натижалар тахлили пайтидаги баҳслар орқали янада ойдинлашди.
Маълум бўлишича, инсоннинг психик ҳолатини, унинг онги мазмунини, онг ости ҳолатини ўрганиш учун тўғридан-тўғри ва объектив метод топиш амри маҳол. Вазиятдан чиқиш учун билвоситалик аҳамиятини касб этувчи методни ёки бевосита реал экспериментал тадқиқотни ташкил қилувчи унинг предметини ўзгартириш (м: ташқи фаолликни предмет сифатида кўрсатиш) ёки Дильтей таъкидлаганидек, психик қонунларни тасвирлашдан воз кечиб, уларни ҳолатлар тарихи билан алмаштириш зарурати пайдо бўлди. Методологик кризиснинг мазмуни ҳамда кечиши динамикасига фан шаклланиши мантиқидан ташқари ижтимоий вазият ва бошқа фанлардаги янгиликлар таъсир қилди.
ХХ асрнинг биринчи 10 йилликларида турли илмий қизиқишлар методологик тамойиллар ва ижтимоий вазиятда фаолият кўрсатган олимлар психологиянинг предмети, мақсади ва унинг методларини англашда ягона тўхтамга кела олмадилар. Бу вазият олимлар томонидан психологиянинг тараққиётидаги инқироз деб баҳоланди. Албатта, ривожланиш – тараққиёт янгиликларни излаш, хатоларсиз амалга ошмайди. Замонавий тараққиёт психологияси исботлаганидек, ҳар бир танқидий давр негативизм инкор этиш билан бошланади ва янгиланиш билан алмашинади. Айтиш лозимки, ХХ асрнинг юзини намоён қилган буюк илм-фан намоёндалари етишиб чиққан ва илмий ижодиёт гуллаб яшнаган бир даврда айрим олимлар томонидан очиқ инқироз деб баҳоланди.
Демак, ХХ асрнинг 20-йилларида психология алоҳида мактабларга ажралади ва психиканинг мазмуни ҳамда тузилишидаги устувор хусусиятлар хакида ўз концепцияларини психиканинг билиш, мотивацион ёки хулқ-атвор қирралари жихатидан илгари суришади. Бу даврда пайдо бўлган асосий йўналишлардан бири – бихевиоризм йўналиши эди.
Бихевиоризм йўналиши АҚШ да пайдо бўлди. Унинг “отаси” Джон Уотсон (1878-1958), унинг «Психологияга бихевиорист нуқтаи назари билан караш» номли маколаси ушбу йўналишни бошлаб берди. Йўналишнинг моҳияти “хулқ-атвор” терминини тасвирлади, унинг ўзи эса бихевиоризм деб номланди. Бихевиоризмни “психикасиз психология” деб атай бошлашди. Ушбу бурилиш психика билишга айнан ўхшашлигини таъкидлайди. Бихевиористлар психик сифатлар ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб юборишди.
Ушбу йўналиш тарафдорлари экспериментларнинг натижаларига таяниб, шахс хулқ-атворининг ҳар қандай табиий кўринишини тушунтиришга муваффақ бўлишга умид қилдилар.
Б ихевиоризм - психологияда даставвал АҚШ да ҳайвонларда ўтказилган кузатишларнинг натижаси сифатида пайдо бўлган йўналишдир. Бихевиоризмнинг негизини психологик тадқиқот предмети сифатида психикани ва онгни инкор этиш ётади. Фақат хулқ-атворгина тадқиқот предмети деб тан олинар, психологияга эса хулқ-атвор ва муҳитнинг ўзаро нисбати қонуниятларини тадқиқ этиш тавсия қилинар эди. Бихевиористларнинг фикрича, психологиянинг вазифаси ҳиссиёт органларига таъсир қиладиган омил - стимул (S) ни, яъни қўзғатувчи (гап қистириш, ўқ отиш, сурат кўрсатиш ва шу кабилар) ни билган ҳолда унга жавоб, таъсир - реакция (R) қандай бўлишини ёки таъсиротни) билган ҳолда унинг қайси бир омилга жавоб тариқасида юз берганини олдиндан айтиб беришдан иборат эди. Классик бихевиоризмнинг формуласи S R дир. Бихевиористик психологиянинг механистиклиги изчилдир: одам - бу худди ҳайвонлар каби, психикага эгами, ё йўқлигидан қатъий назар, у қўзғатувчиларга жавоб берадиган ўзига хос бир машинадир, деб уқтиришди.
Стимул билан реакция (S > R) ўртасидаги, яъни мияга «кириш» билан «чиқиш»да юз берадиган нарсалар ўртасидаги нисбатан рўкач қилиб, бихевиоризм «кириш» билан «чиқиш» ўртасида нима бору, нима йўқлигини бевосита кузатиш мумкин бўлмаганлиги сабабли, уларни илмий таҳлил қилиб бўлмайдиган («қора қути») соҳа деб эълон қилган эди. Бихевиористлар ўз экспериментларини асосан ҳайвонларда (ҳаммадан кўпроқ оқ сичқонларда) ўтказиб, сўнгра шу тариқа чиқарилган хулосаларни одамга нисбатан жорий этишарди. Унинг учун ҳам киши шахсининг фаоллиги амалда инобатга олинмасди. Бихевиоризм ўргатиш жараёнини ҳам худди шу хилда механистик тарзда таърифлаган эди. Бихевиористлар ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатини (масалан, экспериментда лабиринтдан чиқиш йўлини излашини) ўрганиб, муаммонинг ечимига «синаш ва адашиш» йўли билан эришилиши ҳақидаги хулосага (Э. Торндайк ва бошқалар) келишади. Бундай йўл кўпгина вариантлар танлаб чиқилгандан кейин исталганига эришилишини таъминлайдиган битта варианти қолмагунча тусмоллаб қилинган ҳаракатларнинг «кўр-кўрона танланиши» деб талқин қилинарди. Бу хулоса одамнинг ҳайвондан сифатий фарқларини инкор этиш учун инсон ҳақидаги таълимотнинг таърифига ҳам жорий қилинган эди.
Бихевиоризмнинг шиори хулқ-атвор ҳақидаги тушунча бўлиб, у организмнинг ички ва ташқи стимулларга жавоб реакциясидан иборатдир. Бу тушунча рус илм-фанида И.М.Сеченов, И.П.Павлов ва В.М.Бехтеревлар ишларида ривожлантирилди. Улар исбот қилишича, психик фаолият соҳаси фақатгина ички кузатув орқали англанадиган (интроспекция) субъектдаги онг ҳодисалари билангина чегараланиб қолмайди, яъни бу ҳолда организм қалб (онг) ва тана (моддий тузилма сифатидаги организм)га ажратиб кўрсатилиши зарур.
Бихевиоризм амалий психологияда хулқ-атвор нуқтаи назаридан ёндашувнинг дастлабки манбаи бўлиб, психологнинг диққат марказида “хулқ-атвор нимадан иборат”, “биз хулқ-атворда нимани ўзгартиришни хоҳлаймиз”, “бу учун нима қилиш зарур” каби саволларни қамраб оладиган инсон хулқ-атвори туради.
Вақт ўтиши билан бихевиорал ва хулқ-атвор йўналишларини бир-биридан фарқлаш фурсати келди. Амалий психологияда бихевиорал йўналиш классик бихевиоризм тамойилларини тасарруф этадиган, яъни биринчи навбатда инсон хулқ-атворини ташқи, кузатиш имкони мавжуд бўлган ва инсонни фақатгина таъсир объекти сифатида кўрадиган ёндашувга айланди.
Хулқ-атворга асосланган йўналиш анча кенг маънода қўлланилади. У ўзида нафақат бихевиорал, балки когнитив-бихевиорал, шунингдек шахс хулқ-атвори ёндашувларини қамраб оладиган йўналиш бўлиб, у орқали психолог инсонда ташқи ҳамда ички хулқ-атвор, ҳаётнинг у ёки бу позициясини эгаллаш бўйича фикр ва эмоциялар ҳамда ушбу ҳаракатлар муаллифи саналмиш у учун жавобгар бўлган шахсни кўради. Бу борада кўпгина олимлар ўзларининг тадқиқот ишларини амалга оширдилар.
2-бобда бихевиоризм намоёндалари назарияларининг талқинига доир илмий материаллар таҳлили келтирилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |