5.1.2. Қадрсизланиши мумкин бўлган активларни аниқлаш
Актив қадрсизланган бўлади, қачонки унинг баланс қиймати унинг қопланадиган қийматидан ошса. 12-14 бандлар қадрсизланиш зарари содир бўлганлик эҳтимолининг айрим ишораларини изоҳлайди. Агарда ушбу ишоралардан бири мавжуд бўлса, тадбиркорлик субъектидан қопланадиган қийматнинг расмий баҳоланишини аниқлаш талаб этилади. 10-бандда келтирилган ҳолатдан ташқари, мазкур Стандарт тадбиркорлик субъектидан қопланадиган қийматнинг расмий баҳоланишини аниқлашни талаб этмайди, агарда қадрсизланиш зарарининг ҳеч қандай ишораси мавжуд бўлмаса.
Тадбиркорлик субъекти ҳар бир ҳисобот даври охирида актив қадрсизланганлигининг бирор ишораси мавжудлигини текшириши лозим. Агарда шундай ишора мавжуд бўлса, тадбиркорлик субъекти активнинг қопланадиган қийматини баҳолаши лозим.
Қадрсизланишнинг ҳар қандай ишораси мавжуд бўлишидан қатъий назар, тадбиркорлик субъекти:
(a) ноаниқ фойдали хизмат муддатига эга номоддий активни ёки ҳануз фойдаланишда бўлмаган номоддий активнинг баланс қийматини унинг қопланадиган қиймати билан таққослаш орқали ҳар йили қадрсизланишга текшириши лозим. Ушбу қадрсизланиш текшируви йиллик давр мобайнида ҳар қандай пайтда амалга оширилиши мумкин, бироқ шундай шарт биланки, у ҳар йили бир хил пайтда амалга оширилади. Турли хил номоддий активлар турли пайтларда қадрсизланишга текширилиши мумкин. Бироқ, бундай номоддий актив дастлаб жорий йиллик даврда тан олинган бўлса, ушбу номоддий актив жорий йиллик давр охиридан олдин қадрсизланишга текширилиши лозим.
(б) бизнес бирлашувида сотиб олинган гудвиллни 80-99 бандларга мувофиқ ҳар йили қадрсизланишга текшириши лозим.
Номоддий актив фойдаланиш учун мавжуд бўлган ҳолатга нисбатан актив фойдаланиш учун мавжуд бўлишидан олдинги ҳолатда, номоддий активнинг ўз баланс қийматини тиклаш учун етарли келгуси иқтисодий манфаатлар келтириш қобилияти одатда юқорироқ ноаниқликка мойил бўлади. Шу туфайли, мазкур Стандарт тадбиркорлик субъектидан ҳануз фойдаланишда бўлмаган номоддий активнинг баланс қийматини, камида ҳар йили, қадрсизланишга текширишни талаб этади.
Актив қадрсизланган бўлиши мумкинлигининг бирор ишораси мавжудлигини текширишда, тадбиркорлик субъекти, камида, қуйидаги ишораларни кўриб чиқиши лозим:
Маълумотларнинг ташқи манбалари:
(a) шундай кузатиладиган ишоралар мавжудки, бунда активнинг қиймати вақт ўтиши ёки одатий фойдаланиш натижасида кутилиши мумкин бўлган камайишга нисбатан давр мобайнида сезиларли даражада камайган.
(б) тадбиркорлик субъектига нисбатан салбий таъсирга эга аҳамиятли ўзгаришлар тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатадиган технологик, бозор, иқтисодий ёки юридик муҳитда ёки актив тегишли бўлган бозорда давр мобайнида содир бўлди, ёки яқин келажакда содир бўлади.
(в) бозор фоиз ставкалари ёки инвестициялар бўйича бошқа бозор фойдалилик кўрсаткичлари давр мобайнида ошди ва ушбу ошишларнинг фойдаланишдаги активнинг қийматини ҳисоблашда қўлланилган дисконт ставкасига таъсир этиш ҳамда активнинг қопланадиган қийматини муҳим даражада камайтириш эҳтимоли мавжуд.
(г) тадбиркорлик субъектининг соф активларининг баланс қиймати унинг бозор капитализациясидан кўпроқдир.
Маълумотларнинг ички манбалари:
(д) активнинг маънавий эскирганлиги ёки жисмоний шикастланганлигига оид далил мавжуд.
(е) тадбиркорлик субъектига нисбатан салбий таъсирга эга аҳамиятли ўзгаришлар активдан фойдаланилган ёки фойдаланилиши кутилган даражада, ёки ундан фойдаланиш ҳолатида, давр мобайнида содир бўлди, ёки яқин келажакда содир бўлиши кутилади. Ушбу ўзгаришлар активдан фойдаланилмаган ҳолатни, актив тегишли бўлган фаолиятни тўхтатиш ёки қайта ташкил этиш режаларини, активни аввал кутилган санадан олдин ҳисобдан чиқариш режаларини ва активнинг фойдали хизмат муддатини чегараланмаган деб эмас балки чегараланган сифатида қайта баҳолашни ўз ичига олади.
(ж) активнинг ишлатилишидан иқтисодий натижалар кутилганидан салбийроқ бўлганлигини, ёки бўлишини, кўрсатадиган далил ички ҳисобот асосида аниқланган.
Шуъба тадбиркорлик субъектидан, қўшма корхонадан ёки қарам тадбиркорлик субъектидан дивиденд
(з) шуъба тадбиркорлик субъекти, қўшма корхона ёки қарам тадбиркорлик субъектидаги инвестиция учун, инвестор инвестиция бўйича дивидендни тан олади ва шундай далил мавжудки, бунда (i) алоҳида молиявий ҳисоботлардаги инвестициянинг баланс қиймати жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботлардаги инвестиция объектининг соф активларининг, жумладан тегишли гудвиллнинг, баланс қийматларидан ошади; ёки
(ii) дивиденд эълон қилинган даврда дивиденд шуъба тадбиркорлик субъекти, қўшма корхона ёки қарам тадбиркорлик субъектининг жами умумлашган даромадидан ошади.
Тадбиркорлик субъекти актив қадрсизланган бўлиши мумкинлигининг бошқа ишораларини аниқлаши мумкин ва улар тадбиркорлик субъектидан активнинг қопланадиган қийматни аниқлашни, ёки гудвилл ҳолатида, 80-99 бандларга мувофиқ қадрсизланиш текширувини амалга оширишни ҳам талаб этиши мумки.
Актив қадрсизланган бўлиш мумкинлигини кўрсатадиган ички ҳисобот далили қуйидагиларнинг мавжудлигини ўз ичига олади:
(a) активни сотиб олиш бўйича пул оқимлари, ёки ундан фойдаланиш ёки уни сақлаш учун кейинчалик зарур бўладиган пул маблағларининг дастлаб режалаштирилган бюджет маблағларидан сезиларли даражада кўпроқ бўлиши;
(б) актив бўйича ҳақиқий соф пул оқимларининг ёки операцион фойда ёки зарарнинг режалаштирилган бюджет кўрсаткичларига нисбатан сезиларли тарзда салбий бўлиши;
(в) актив бўйича режалаштирилган соф пул оқимларининг ёки операцион фойданинг сезиларли даражада камайиши ёки режалаштирилган зарарнинг сезиларлаи даражада кўпайиши; ёки
(г) жорий давр суммалари келгуси давр учун режалаштирилган суммалар билан жамланганида актив бўйича операцион зарарлар ёки соф пул чиқимлари пайдо бўлиши.
Стандарт ноаниқ фойдали хизмат муддатига эга номоддий актив ёки ҳануз фойдаланишда бўлмаган номоддий актив ва гудвилл қадрсизланишга камида ҳар йили текширилишини талаб этади. 10-банддаги талаблар қўлланиладиган ҳолатдан ташқари, муҳимлик тушунчаси активнинг қопланадиган қиймат баҳоланиши зарурлигини аниқлашда қўлланилади. Масалан, агарда олдинги ҳисоб-китоблар активнинг қопланадиган қиймат унинг баланс қийматидан сезиларли тарзда кўпроқ бўлганини акс эттирса, тадбиркорлик субъекти ушбу фарқни йуқотиши мумкин бўлган ҳеч қандай ҳодиса содир бўлмаганда активнинг қопланадиган қийматини қайта баҳолаши зарур эмас. Худди шунингдек, олдинги таҳлил шуни кўрсатиши мумкинки, активнинг қопланадиган қиймати 12-бандда келтирилган ишораларнинг бирига (ёки бир нечасига) нисбатан сезувчан эмас.
агарда бозор фоиз ставкалари ёки инвестициялар бўйича бошқа бозор фойдалилик кўрсаткичлари давр мобайнида ошган бўлса, тадбиркорлик субъектидан қуйидаги ҳолатларда активнинг қопланадиган қийматини расмий баҳоланишини аниқлаш талаб этилмайди:
(a) агарда фойдаланишдаги активнинг қийматини ҳисоблашда қўлланилган дисконт ставкасига ушбу бозор ставкаларидаги ошиш таъсир этганлик эҳтимоли мавжуд бўлмаса. Масалан, қисқа муддатли фоиз ставкаларидаги ошишлар қолган узоқ фойдали хизмат муддатига эга актив бўйича қўлланилган дисконт ставкасига нисбатан муҳим таъсирга эга бўлмаслиги мумкин.
(б) агарда активнинг фойдаланишдаги қийматини ҳисоблашда фойдаланилган дисконт ставкасига ушбу бозор ставкаларидаги ошиш таъсир этганлик эҳтимоли мавжуд бўлса аммо қопланадиган қийматнинг олдинги таъсирчанлик таҳлили қуйидагиларни акс эттирса:
(i) қопланадиган қийматда муҳим даражада камайиш юз бериш эҳтимоли камроқ, чунки келгуси пул оқимларининг ҳам кўпайиш эҳтимоли кўпроқ (масалан, айрим ҳолатларда, тадбиркорлик субъекти шуни кўрсата олиши мумкинки, у ўзининг даромадларини бозор ставкаларидаги ҳар қандай ошишни қоплаш учун тўғрилайди); ёки
(ii) қопланадиган қийматдаги камайиш муҳим даражадаги қадрсизланиш зарарига олиб келиш эҳтимоли камроқ.
Агарда актив қадрсизланган бўлиши мумкинлигининг ишораси мавжуд бўлса, бу актив бўйича қолган фойдали хизмат муддати, эскиришни (амортизацияни) ҳисоблаш усули ёки тугатиш қиймати кўриб чиқилиши ва активга нисбатан қўлланиладиган Стандартга мувофиқ ўзгартирилиши зарурлигини кўрсатиши мумкин, ҳаттоки агарда ҳеч қандай қадрсизланиш зарари актив учун тан олинмаса ҳам.
Do'stlaringiz bilan baham: |