5.1.1. Стандартнинг мақсади ва қўллаш доираси Стандартнинг мақсади тадбиркорлик субъекти томонидан қўлланиладиган шундай тартибларни белгилашдан иборатки, бунда унинг активлари уларнинг қопланадиган қийматидан ортиқ бўлмаган суммада ҳисобга олинганлиги таъминланади. Активнинг баланс қиймати активдан фойдаланиш ёки уни сотиш орқали қопланадиган қийматидан ошса, ушбу актив ўзининг қопланадиган қийматидан ошган суммада ҳисобга олинган бўлади. Агарда ушбу ҳолат юз берса, актив қадрсизланган деб ҳисобланади ва мазкур Стандарт тадбиркорлик субъектидан қадрсизланиш бўйича зарарни тан олишни талаб этади. Ушбу Стандарт қадрсизланиш бўйича зарарни қачон қайта тикланиши кераклигини ҳамда тадбиркорлик субъекти томонидан очиб берилиши лозим бўлган маълумотларни белгилайди.
Ушбу стандарт қуйидагилардан ташқари барча активларнинг қадрсизланишини ҳисобга олишда қўлланилиши лозим:
(a) товар-моддий захиралар (БҲХС 2 «Товар-моддий захиралар”);
(б) қурилиш шартномаларидан юзага келадиган активлар;
(в) муддати узайтирилган солиқ активлари (БҲХС 12 «Фойда солиқлари»);
(г) ходимларга ҳақларни тўлашдан юзага келадиган активлар (БҲХС 19 «Ходимларнинг даромадлари»);
(д) МҲХС 9 «Молиявий инструментлар» нинг қўллаш доирасида бўлган молиявий активлар;
(е) ҳаққоний қийматда баҳоланган инвестицион мулк (БҲХС 40 «Инвестицион мулк»);
(ж) чиқиб кетиш харажатлари чегирилгандаги ҳаққоний қийматда баҳоланган қишлоқ хўжалиги фаолиятига тегишли биологик активлар (БҲХС 41 «Қишлоқ хўжалиги»);
(з) МҲХС 4 «Суғурта шартномалари» нинг қўллаш доирасидаги суғурта шартномалари асосида суғурталовчининг шартномавий ҳуқуқларидан юзага келадиган муддати узайтирилган сотиб олиш харажатлари ва номоддий активлар;
(и) МҲХС 5 “Сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли активлар ва давом эттирилмайдиган фаолият” га мувофиқ сотишга мўлжалланган сифатида таснифланган узоқ муддатли активлар (ёки чиқиб кетиш гуруҳлари).
Мазкур Стандарт товар-моддий захираларга, қурилиш шартномаларидан юзага келадиган активларга, муддати узайтирилган солиқ активларига, ходимларга ҳақларни тўлашдан юзага келадиган активларга, ёки сотишга мўлжалланган сифатида таснифланган (ёки сотишга мўлжалланган сифатида таснифланган чиқиб кетиш гуруҳларига киритилган) активларга нисбатан қўлланилмайди, чунки ушбу активлар учун ўринли бўлган жорий МҲХСлар ушбу активларни тан олиш ва баҳолашга нисбатан талабларни қамраб олади.
Ушбу стандартда қуйидаги терминлардан белгиланган маъноси бўйича фойдаланилади:
Баланс қиймати - бу активнинг у бўйича ҳар қандай жамғарилган эскириш (амортизация) суммасини ва кейинги йиғилган қадрсизланиш зарарларини чегиргандан сўнг тан олинадиган қийматидир.
Пул маблағларини ҳосил қиладиган бирлик - бу активларнинг аниқлаб бўладиган энг кичик гуруҳи бўлиб, у бошқа активлар ёки активлар гуруҳидан келиб тушадиган пул оқимларидан катта даражада мустақил бўлган пул оқимларини юзага келтиради.
Корпоратив активлар - бу пул маблағларини ҳосил қиладиган ўрганилаётган бирлик ва бошқа пул маблағларини ҳосил қиладиган бирликлар бўйича келгуси пул оқимларига ўз ҳиссасини қўшадиган гудвиллдан ташқари активлардир.
Чиқиб кетиш харажатлари - бу активнинг ёки пул маблағларини ҳосил қиладиган бирликнинг чиқиб кетишига бевосита тегишли қўшимча харажатлар бўлиб, бунда молиялаштириш харажатлари ва фойда солиғи харажати инобатга олинмайди.
Эскириш ҳисобланадиган қиймат - бу активнинг таннархидан, ёки молиявий ҳисоботларда унинг қийматини акс эттирадиган бошқа суммадан, унинг тугатиш қийматининг чегирилганидир.
Эскириш (Амортизация) - бу активнинг эскириш ҳисобланадиган қийматини унинг фойдали хизмат муддати давомида систематик тарзда харажатларга олиб боришдир.7 Ҳаққоний қиймат - бу баҳолаш санасида бозор иштирокчилари ўртасидаги одатдаги операцияда активни сотишда олиниши мумкин бўлган ёки мажбуриятни ўтказишда тўланиши мумкин бўлган нархдир (МҲХС 13 “Ҳаққоний қийматни баҳолаш” га қаранг).