2.1. Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш (1-сон БҲХС)
2.1.1. Молиявий ҳисоботларнинг мақсади ва вазифалари.
Молиявий ҳисоботлар хўжалик юритувчи субъектлар ҳақидаги ишончли маълумотларни ўзида мужассамлаштиради. Ушбу ҳисобот шалларининг мазмуни, уларни тузиш қоидалари ва тақдим этиш тартиби халқаро стандартлар қўмитаси томонидан тавсиф характерга эга бўлган талабдари ишлааб чиқилган.
МҲХС (IFRS) 1 “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини биринчи марта қўллаш” стандартининг мақсади тадбиркорлик субъектининг МҲХСлар бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари ва ушбу ҳисоботлар қамраб олган даврнинг бир қисми учун оралиқ молиявий ҳисоботлари:
- фойдаланувчилар учун шаффоф ва тақдим қилинган барча даврлар учун қиёсланувчан;
- бухгалтерия ҳисобини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХСларга) мувофиқ юритиш учун муносиб таянч нуқтаси бўлиб хизмат қиладиган; ва
- ундан олинадиган нафдан ошмайдиган харажатлар сарфланиб тайёрланиши мумкин бўлган юқори сифатли маълумотларни ўз ичига олишини таъминлашдан иборатдир.
Тадбиркорлик субъекти мазкур МҲХСни ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботларида ҳамда МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари қамраб олган даврнинг бир қисми учун БҲХС 34 “Оралиқ молиявий ҳисоботлар”га мувофиқ тақдим қилинадиган ҳамма оралиқ молиявий ҳисоботларига нисбатан қўллаши керак.
Ушгбу стандартда қуйидаги атамалардан фойдаланилади:
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХСлар) – бу Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари Кенгаши (БҲХСК) томонидан чиқарилган стандартлар ва шарҳлардир. Улар қуйидагиларни қамраб олади:
- Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари;
- Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари;
- МҲХСларни Шарҳлаш бўйича Қўмита (МҲХСШҚ) томонидан чиқарилган Шарҳлар;
- Шарҳлаш бўйича Доимий Қўмита (ШДҚ) томонидан чиқарилган Шарҳлар.
МҲХСларга ўтиш санаси - корхоналар ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботларида МҲХСларга мувофиқ тўлиқ қиёсланувчан маълумотларни тақдим қиладиган бошланғич даврнинг боши.
МҲХСлар бўйича биринчи молиявий ҳисоботлар
Корхоналар МҲХСларга мувофиқлик тўғрисида аниқ ва шартсиз билдириб Молиявий Ҳисоботларнинг Халқаро Стандартлари (МҲХСлар)ни қўллаган биринчи йиллик молиявий ҳисоботлардир.
Олдинги БҲУТ - МҲХСларни биринчи марта қўллайдиган тадбиркорлик субъекти МҲХСларни қабул қилишидан бевосита олдин қўллаган бухгалтерия ҳисобининг асоси.
МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даври - корхонанинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари қамраб олган энг охирги ҳисобот даври.
МҲХСларни биринчи марта қўллайдиган корхона – МҲХСлар бўйича биринчи молиявий ҳисоботларини тақдим қиладиган тадбиркорлик субъекти.
МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги бошланғич ҳисобот - корхонанинг МҲХСларга ўтиш санасига бўлган молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботи.
Шартли таннарх - берилган санага таннархнинг ёки амортизацияланган қийматнинг ўрнини босувчи сумма. Кейинчалик эскириш ёки амортизация ҳисобланганида тадбиркорлик субъекти активни ёки мажбуриятни ушбу берилган санада дастлабки марта тан олган ва ушбу активнинг ёки мажбуриятнинг таннархи шартли таннархга тенг бўлган деб фараз қилинади.
Корхоналар ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги бошланғич ҳисоботида ва унинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари қамраб олган ҳамма даврларда бир хил ҳисоб сиёсатларини қўллаши керак. Корхона МҲХСларнинг олдинроқ амалда бўлган бошқа таҳрирларини қўлламаслиги керак. Қўлланилиши ҳали шарт бўлмаган янги МҲХСни ушбу МҲХСни муддатидан олдин қўллаш рухсат этилганида қўллаши мумкин. Бошқа белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда, тадбиркорлик субъекти ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги бошланғич ҳисоботида:
биринчи, МҲХСлар бўйича тан олинишши талаб қилинган барча активлар ва мажбуриятларни тан олиши керак.
Масалан, “Камалак” фирмасининг МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг охири 2017 й 31 декабрга тўғри келади. “Камалак” фирмаси ушбу молиявий ҳисоботларидаги қиёсланадиган маълумотларни фақат бир йил учун тақдим қилишга қарор қилди. Шунинг учун, унинг МҲХСларга ўтиш санаси 2017 й 1 январда иш куни бошига (ёки, эквивалент равишда, 2016 й 31 декабрда иш куни охирига) тўғри келади. “Камалак” ўзининг молиявий ҳисоботларини 31 декабрда якунланадиган ва 2017 й 31 декабргача бўлган (шу жумладан 2017 й 31 декабрни ҳам ўз ичига олган) ҳар йили учун унинг олдинги Бухгалтерия ҳисобининг умумқабул қилинган тамойилларига (БҲУТга) мувофиқ тақдим қилган.