1.5. Спорт психологиясининг бошқа фанлар билан
алоқадорлиги
Спорт психологияси биринчи навбатда умумий психология ва унинг соҳалари билан чамбарчас боғлиқдир. Бу соҳалар - ёш психологияси, ижтимоий психология ва ҳар бир алоҳида спорт турига оид бўлган, ўзига хос жиҳатлар ҳамда саноқсиз муаммоларга боғлиқ бўлган педагогик психология, меҳнат психология ва санъат психологиясидан иборатдир.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу алоқадорлик икки томонламадир. Масалан, соҳанинг педагогик психология билан алоқадорлигини олайлик. Тарбия жараёни ва спортдаги машғулотларнинг ҳар иккиси ҳам таълим, хам тарбия жараёнларидир. Бу жараёнлар инсоннинг жисмоний ва психик камол топишига, унинг шахсини шакллантиришга қаратилган.
Спорт психологиясининг меҳнат психологияси билан алоқадорлиги шундаки, спортда ҳам худди меҳнатдаги каби махсус қобилиятларни ўрганиш ва ривожлантириш, уларнинг турларини аниқлаш муаммоси мавжуд. Санъат психологияси билан алоқадорлиги ҳақида гапирилганда, спортнинг барча турларида ҳам ижодкорлик талаб этилишининг ўзи кифоя. Айрим спорт турларида (бадиий гимнастика, синхрон сузиш ва ҳоказоларда) бадиий ижодкорликсиз деярли ҳеч қандай натижаларни қўлга киритиб бўлмайди.
Спорт психологияси инсонни айни шундай, ўзига хос шарт-шароитларда тадқиқ этувчи бошқа фанлар билан ҳам боғлиқдир. Биринчи галда унинг педагогика, жисмоний тарбия назарияси ва услубияти, спорт социологияси, спорт машғулотларини ўтказиш назарияси ва услубияти билан алоқадорлигини таъкидлаш мумкин. Бу алоқадорлик шунда кўринадики, спорт психологияси спортчи шахсиятининг намоён бўлиши ҳамда психикасининг ривожланиши қонуниятларини ўрганар экан, у мазкур фанларнинг янада такомиллаштирилиши учун асос беради. Шунингдек, у жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари услуб-
ларининг такомиллаштирилишига кўмаклашади. Масалан, бу фикрларни жисмоний тарбия ва спорт фаолияти жараёнларида шахсни шакллантириши назариясига, психик-психомотор сифатларни ривожлантиришга, спортчиларни маънавий-ахлоқий, иродавий тарбиялаш, уларни спорт техникаси ва тактикасига ўргатиш, мусобақаларга психологик тайёргарлик кўриш, кундалик ҳаёт ва турмуш тарзи тартибларини ташкил қилиш ва хоказоларга татбиқ этиш мумкин.
Бироқ, иккинчи томондан, спорт психологиясининг ўзи ҳам жисмоний тарбия назарияси ва услубияти, спорт социологияси ва бошқа спортга оид фанлар эришган ютуқлардан ўзининг психологияга оид масалаларини янада самарали ва илғор тарзда ишлаб чиқиш учун фойдаланади.
Спорт психологияси физиология, айниқса олий нерв фаолияти физиологияси, анализаторлар физиологияси, ҳамда нейрофизиология билан чамбарчас боғлиқдир. Бу аввало спортчилар темпераментининг асосларини ўрганиш зарурияти билан, шунингдек уларни машқ қилдириш, ҳаракатларини тасаввур этишни ривожлантириш ва ҳоказолар билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |