3. Спорт мураббийсининг спортчини мусобақага
психологик тайёрлаш билан боғлиқ вазифалари
Спортчининг мусобақалашув фаолиятидаги юқори натижаларни кўрсатиши нафақат унинг ҳар томонлама тайёргарлик ҳолатига, балки унинг айни шу мусобақага тайёр бўлганлигига ҳам боғлиқдир. Ушбу тушунчаларни синоним тарзида қўллашади, аммо улар бир ҳил мазмунга эга эмас.
Спортчининг тайёргарлиги дейилганда организм функционал тизимининг юқори даражада ривожланганлиги, специфик ҳаракатланиш фаоллигини таъминловчи асаб тизими ва психикасининг бошқарув функциялари, жисмоний ва ҳаракат сифатлари тушунилади. Спортчининг тайёргарлигига спорт тайёргарлиги машғулотлари жараёнида ва узоқ давом этадиган спортдаги мукаммаллашув жараёнида эришилади.
Мусобақага тайёрлик тушунчасини эса, спортчининг айни пайтдаги ҳолати, унинг ўз тайёргарлигини тўлиқ кўрсатишга ёрдам берувчи, муайян мусобақада ўз имкониятларини тўлиқ амалга ошириши тарзида тушуниш лозим.
Спортчининг мусобақага тайёрлиги – бу унинг интеграл тавсифидир. Унда тайёрликнинг 5 та компонентини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин, булар: ғоявий,маънавий, функционал, махсус ва психик тайёрликлардир. Мусобақа олдидан ва унинг давомида спортчиларнинг психик жиҳатдан тайёрлиги жуда муҳим аҳамият касб этади, чунки бу тайёрлик:
1. Тайёргарликнинг бошқа компонентларига нисбатан қисқа вақт ичида жуда кўплаб ўзгаришларга дуч келади;
2. Унинг ўзгаришлари функционал тайёрликнинг ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин;
3. Психик жиҳатдан тайёрлик техник, тактик восита ва усуллардан самарали фойдаланишга, яъни махсус тайёрликнинг намоён бўлишига таъсир кўрсатади.
4. Уни спортчига психологик жиҳатдан асосланган таъсир кўрсатиш орқали янада самаралироқ қилиш мумкин. Бу ишни бевосита старт олдидан ҳам бажариш ва шу йўл билан мазкур мусобақада ўз имкониятларининг энг юқори натижасини қўлга киритишига кўмаклашиш мумкин.
Ушбу бўлимда мураббийнинг бошқарувчилик функцияси спортчини мусобақага тайёрлаш вазифалари билан боғлиқ равишда таҳлил этилади.
Мураббийнинг вазифаси - спортчига ҳар бир алоҳида мусобақага психик тайёрликни шакллантиришга йўналтирилган психологик тайёргарлик борасида кўмаклашишдан иборат бўлибгина қолмай, балки айни пайтда спортчи мусобақа олдидан ва мусобақа жараёнида тушиб қолиши мумкин бўладиган нохуш психик ҳолатларда унга ёрдам бериш, бундай вазиятларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик чораларини кўришни, ва шу вазиятларга тайёр бўлиб туришни ҳам тақазо этади.
Россиялик спорт психологи, профессор А.В.Родионов спортчини спорт мусобақасига психологик тайёрлаш жараёнида спорт мураббийсининг роли ҳақида гапирар экан, шундай ёзади: “спортчини мусобақага психологик тайёрлаш жараёнида спорт мураббийси психик жиҳатдан тайёрликни белгилаб берувчи муҳим омилларга таяниб иш кўради. Яъни у мусобақада белгиланган натижаларга эришиш учун алоҳида режалаштириш ва спортчининг қай даражада бу натижаларга эриша олишини баҳолаш ўта муҳимлигини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам муваффақиятнинг эҳтиёжини ҳамда унинг қай даражада амалга оширилиши мумкинлигини баҳолар экан,мураббий мусобақадан олдинги ҳамда мусобақалар пайтидаги ҳар бир босқичда спортчининг психик ҳолатини оптималлаштириб бориши мумкин.
Биринчи навбатда спорт мураббийси спортчига мусобақалашув мақсадларини тўғри қўйишда, ушбу мақсадларга эришишга даъват этувчи мотивларни шакллантиришда ёрдам беради. Бу эса мураббийдан ўта эҳтиёткорликни, айниқса ўз ўқувчисини жуда чуқур билишни талаб қилади. Спортчи мақсадга эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиши учун ундаги ғалабага бўлган эҳтиёж ниҳоятда улкан бўлиши, унинг мотивлари ҳам юқори аҳамиятли бўлиши лозим. Агар шундай бўлмаса спортчининг астойдил кураш олиб боришидан қандай маъно бор? Бироқ иккинчи томондан ҳар қандай одам ҳам фаолияти учун масъулият ва ғалабага бўлган талаб жуда юқори бўлган бир вазиятда муваффақиятли тарзда ҳаракат қила олмайди. Чунки бундай ҳолатларда кишида оптимал даражадан юқорироқ бўлган эмоционал қўзғалишлар юз бериши мумкин. Шунинг учун ҳам юқорида айтилгандек спортчиларга нисбатан “уқдириш” воситасини қўллаш ниҳоятда зарарлидир. Шу сабабли спорт мураббийси спортчиларга олдинда турган мусобақанинг аҳамиятини жуда юмшоқ тарзда, яъни унда эришиладиган ғалабанинг спортчига шахсан ва жамоага қандай наф келтириши ҳақидаги тушунтириш билангина етказиши мақсадга мувофиқ. Спорт мураббийси спортчи олдига мусобақалашув мақсадини қўяр экан айни пайтда бу мақсадга эришишнинг реал воситаларини аниқлашда спортчига ёрдам бериши, ғалабани қўлга киритиш имкониятларини аниқ баҳолаб бериши лозим.
Спортчининг мусобақа олдидан кўрган тайёргарлик самарадорлигини аниқлашда спорт мураббийсининг ахамияти ниҳоятда каттадир. Айни шу мақсадда педагогик тестлар, назорат ўйинлари, спарринглар қўлланилиб улар ёрдамида спортчи мусобақага тайёргарлигининг ўсиши ва психик жиҳатдан тайёрлик ҳолатини шакллантириш текширилади. Ана шундай текширишларнинг натижаларини таҳлил қилиш ўтказилган ишлар сифатига баҳо бериш ва спортчининг келажакда қандай натижаларни қўлга киритишини башорат қилиш имкониятини беради. Бироқ бу текширишларнинг фойдаси фақат уларнинг мусобақа олдидан ўтказиладиган тайёргарлик жараёни учун ниҳоятда зарур бўладиган маълумотни бериши билангина чекланиб қолмайди; улар айни пайтда нохуш психик ҳолатларнинг олдини олиш мусобақаларга тайёрликни таъминлаши учун ҳам қўлланилиши лозимдир. Зеро агар тайёргарлик машқларининг натижалари режалаштирилган натижаларга мувофиқ келадиган бўлса, демак, мусобақага тайёргарлик тўғри амалга оширилмоқда, яъни стартга қадар спортчининг ўз олдига қўйиган натижаларни қўлга киритиши учун тайёргарлик ҳолати талаб даражасида бўлади. Буни англаган спортчининг ўз олдига қўйилган мақсадга эришишга ишончи ортади. Шу сабабли ҳам мураббий бундай назорат мусобақалашув машқларини, югуришларни, ўйинларни, спаррингларни шундай ташкил қилиши керакки, улар пировард натижада спортчи психик ҳолатининг оптималлашувига сабаб бўлсин.
Машҳур мураббийлардан бири, ўз шогиртларидан бирини эркин кураш бўйича жаҳон биринчилигига тайёрлар экан (у пайтда бу спортчи ҳалқаро мусобақада ҳали тажрибасиз эди) унда ўз кучига ишонч ҳиссини шакллантириш лозимлигини (яъни спортчининг ўз ғалабасига юқори субъектив баҳо бериши лозимлигини) сезиб қолади. У ўз шогирдини спортда шуҳрат топган, ҳалқаро мусобақаларда бир неча бор ғалаба қозонган спортчилар билан курашга тушишини тавсия этади. Айни пайтда у илгари чемпион бўлган машҳур спортчидан, бор кучи билан кураш тушмасликни илтимос қилади. Ёш курашчи, албатта, бундан бехабар эди. У тайёргарлик беллашувидаги, кураш жараёнида ўзининг энг яхши кўрган услубларидан фойдаланган ҳолда ғалаба қозониб, ўзига бўлган ишончни кучайтирди, шунингдек олдида турган мусобақада ҳам ғалаба қозониши мумкинлиги борасидаги шубҳалардан фориғ бўлади.
Мураббийлар спортчилар учун бўлажак мусобақа шароитларини ташкил этиб, табиий моделлар яратиш орқали мусобақа учун тайёргарликда катта ёрдам кўрсатишлари мумкин.
Масалан, бадиий гимнастика бўйича мураббий мусобақадан олдинги тайёргарлик машқларида, спортчиларга мусиқада жўр бўлиб пионино чалаётган мусиқачидан, бир неча маротаба оҳангларнинг суръатини одатдагидан кўра тезроқ, ёки аксинча секинроқ чалишни сўради. Зеро, бундай вазиятлар спорт мусобақаси даврида тез-тез бўлиб туриб, келаётган мусобақада шундай ҳол юз берса, гимнастикачиларнинг хатти-ҳаракатлари бузилмайди.
Спортчининг бевосита мусобақалашув жараёнидаги фаолиятини бошқаришда мураббийнинг оғзаки кўрсатмалари ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Буни спорт тилида “секундантлик” деб атайдилар. Одатда секундантлик икки шаклда амалга оширилади:
Биринчиси - спортчига мусобақа олдидан бериладиган маслаҳат ва йўл-йўриқлар бўлса, иккинчиси мусобақалар давомида, спортчи фаол ҳаракат қилаётган жараёнда бериладиган вазиятни англаш маслаҳатидир.
Маслаҳат ва насиҳатлар кўпинча спортчида олдинда турган мусобақага нисбатан ижобий муносабатни шакллантириш, уларда мазкур мусобақаларда иштирок этиш истагини қўзгаш, ўз кучларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, бор куч - қувватини фаол ҳаракатларга сафарбар этиш мақсадида амалга оширилади. Мураббий бунда ўз сўзининг спортчини мусобақалашув жараёнидаги психик ҳолатига жуда кучли таъсир кўрсатишини англаб етмоғи ва бу имкониятдан чуқур ўйлаб, фойдаланмоғи лозим. Акс ҳолда мураббийнинг маслаҳат ва йўриқномалари спортчининг стартолди ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, унда ортиқча ҳаяжонланиш ёки тормозланиш ҳолатини келтириб чиқариши ва булар натижасида стартолди "лихорадка"си старт пайтидаги апатия, яъни мусобақадан кўнглининг совуши юз бериши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |