2. Мусобақага психологик тайёргарлик кўриш тизими
Мусобақага психологик тайёргарлик кўришнинг мураккаб жараёни бир-бирига ўзаро боғланган алоҳида бўғинларнинг ўзига хос шундай бир тизими бўлиб, бу тизим мусобақа бошлангунга қадар спортчилар имкониятида бўладиган вақт оралиғида амалга оширилади. Ушбу жараён бир неча ойлар, ёки икки уч кун давом этиши мумкин. У доимо мураббийнинг ва спортчининг ҳамкорликдаги ижодий изланишини тақозо этади. Айтиш мумкинки, бу ҳамкорлик давомида спортчи анча етакчироқ мақомда бўлади, зеро мусобақада мураббий эмас, спортчи мустақил равишда жанг олиб бориб, юқори натижани қўлга киритиши керак. Шунинг учун ҳам мусобақага психологик тайёргарлик жараёнида мураббий спортчи учун энг яқин ва уни йўналтирувчи шерик бўлиши лозим, бироқ ҳеч қачон, спортчи учун ўйлайдиган шерик бўлиши керак эмас.
Гарчи ҳар бир алоҳида спорт турида спортчини мусобақага психологик тайёрлаш тизими муайян спорт турининг ҳусусиятидан келиб чиқса-да, бироқ улар учун умумий бўлган жиҳатлар ҳам бор.
Умумий тизим таркибига қуйидаги бўғинлар киради:
1. Олдинда турган мусобақалар ҳақида, шунингдек рақиблар тўғрисида имкон қадар кўпроқ ва ишончлироқ маълумотни тўплаш. Спортчи ёҳуд жамоанинг тайёргарлик даражаси, имконияти тўғрисида шунингдек, уларнинг мусобақа бошланишига қадар ўзгариши ва истиқболлари тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш ва аниқлаштириб олиш.
2. Мусобақада иштирок этишнинг мақсадини тўғри белгилаш ва изоҳлаб бера олиш.
3. Мусобақада иштирок этишнинг ўзига хос ижтимоий аҳамиятли мақсадларга мос бўлган мотивларни шакллантириш ёки актуаллаштириш.
4. Мусобақалашув фаолиятида юз бериши мумкин бўлган вазиятларни ҳисобга олган ҳолда дастурлаш. Бу иш олдинда турган мусобақанинг шартларини, имконият даражасидаги моделлаштириш асосидаги ақлий ва амалий хатти-ҳаракатлар мобайнида амалга оширилади ва тактик режани аниқлаб олишга,яъни мусобақа шароитида юзага келадиган вазиятдаги хатти-ҳаракатлар дастурининг оқилона вариантини аниқлаштиришга йўналтирилган бўлади.
5. Юзага келиши мумкин бўлган турли нохуш ички ҳолатларни спортчи томонидан мустақил тартибга солиниши.
6. Мусобақа бошланишига спортчининг асаб ҳамда психик тетиклигини сақлаб қолиш, мусобақа жараёнида уни қайта тиклай билиш.
Мусобақага психологик тайёргарлик кўриш тизимининг биринчи бўғини унинг кейинги барча бўғинлари учун дастлабки асос ва уларни ишга тушириш учун омил бўлиб хизмат қилади.
Чиндан ҳам, фақатгина олдинда турган мусобақа ҳақидаги етарли даражада тўлиқ ва ишончли маълумотларга эга бўлган ҳолдагина, яъни мусобақа жараёнидаги теварак-атроф шарт-шароитлари, унинг бошланиши ва тугаш вақти, унда иштирок этувчилар таркиби, айниқса, асосий рақиблар, уларнинг индивидуал хусусиятлари (жисмоний ва психик), тайёргарлик даражаси (техник, тактик, жисмоний, иродавий) тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиб, шунингдек, муайян спортчининг ёки жамоанинг ривожланиши жараёнидаги айни босқичда қай даражада маҳорат касб этганлигини билган ҳолдагина спортчи ўз олдига реал мақсад қўйиши ва мусобақа жараёнида уни ҳал этишнинг режасини туза олиши мумкин.
Зарур маълумотга эга бўлмай туриб, мусобақага психик тайёрлик ҳолатини шакллантириб бўлмайди. Бу аксинча яхши натижани қўлга киритишга тўсқинлик қилиши мумкин.
Йирик мусобақаларга тайёргарлик кўриш жараёнида спорт мураббийси асосий рақибларни (битта ёки иккита рақибни) моделлаштиради. Масалан, курашда мураббий у ёки бу тарзда ушбу мақсадга мувофиқ келадиган курашчиларни қидириб топиб, ўз қўл остидаги курашчиларга рақиб сифатида уларни махсус тайёрлайди. Шундан сўнг, моделлаштирилган бу “рақиблар” мураббийнинг шогирдлари бўлган курашчиларнинг спарринг-шериклари сифатида улар билан беллашадилар. Бу беллашувларда мусобақага тайёрланаётган курашчилар уларга мос тактикани қўллашлари ҳамда турли ҳужумкор ва ҳимоя услубларидан, қарши ҳужум тизимларидан фойдаланиши лозим бўлади.
Шундай қилиб, олдинда турган мусобақада иштирок этиш мақсадида спортчининг психик тайёрлик ҳолати учун дастлабки асослар яратилади.
Спортчиларни мусобақа психологик тайёрлаш тизимининг иккинчи ва учинчи бўғинлари – уларнинг мусобақада иштирок этиш мақсади ва мотивларини тўғри белгилашдан иборатдир.
Мақсад деганда кишининг нима ишни бажариши керак ва нима ишни бажаришни хоҳлаётганлиги, нимага интилаётгани тушунилади. Мотивлар эса кишини айни шу ишларни бажаришга даъват қилаётган кучни аниқлаштиришга ёрдам беради, яъни у нима учун шу мақсадни ўз олдига қўйган, нима учун ўз интилишида айнан шундай йўл тутмоқда, деган саволларга жавоб беради.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, инсон фаолиятида айнан мотивлар энг қудратли психологик механизм бўлиб хизмат қилади. Зеро, уларни ўрганиб, шакллантириб ва ўзгартириб, муайян шахснинг ва ҳатто бутун бошли жамоанинг ҳам исталган жабҳадаги, ҳаёт тарзидаги, шу жумладан, спортдаги ривожланишини, хатти-ҳаракатини, юриш-туришини мақсадли равишда бошқариш мумкин бўлади.
Мусобақада иштирок этиш спортчининг тайёргарлик машғулотлари йиллик режасида кўзда тутилган бўлади. Шунингдек, бу мусобақаларнинг бир йил давомидаги сони ҳам режалаштирилади. Бироқ, спортчи йил давомида иштирок этадиган мусобақаларнинг барчаси ҳам мазмун ва моҳиятига кўра бир хил бўлмайди. Уларнинг орасида энг асосий мусобақалар белгилаб олинади.
Табиийки, ҳар бир алоҳида мусобақада иштирок этишнинг мақсад ва мотивлари ҳам уларнинг аҳамиятидан келиб чиқиб, бир-биридан фарқ қилади. Мақсад ва мотивлар ҳақида бир-биридан айри ҳолда гапириш мумкин эмас. Чунки уларнинг ҳар бири алоҳида спорт турида ўзгача қиёфа касб этади. Шунингдек, улар ҳар бир алоҳида спортчи ёки жамоа учун махсус равишда шакллантирилган бўлиши лозим. Бироқ, уларнинг айрим умумий дастлабки ҳолатларини кўрсатиш мумкин. Зеро бу мусобақада иштирок этишнинг мақсад ва мотивларини янада ойдинлаштириш учун хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |