5. Спортчи иродасининг ривожланиши
Спортчини иродавий тарбиялаш - бу тўсиқлар ва қийинчиликлар намоён бўлганда уларни енгиб ўтиш учун онгли тарзда ўз-ўзини бошқариш, ақлий фаолиятнинг айрим сифатларини ва ахлоқий туйғуларни ривожлантириш ва тарбиялашга йўналтирилган узоқ муддат давом этадиган мақсадли психологик-педагогик жараёндир.
Спортнинг ҳар қандай тури билан шуғулланиш спортчи иродасини ривожлантиради. Бу ривожланиш эса иккита йўналишга эга бўлади, биринчиси умумий, иккинчиси эса ихтисослашган йўналишдир.
Умумий йўналиш инсонга нафақат турли спорт турлари бўйича машғулотларда, балки ҳаётнинг турли жабҳаларида, масалан меҳнат, ўқиш, ижтимоий фаолиятда ҳам ўзини иродали инсон сифатида намоён қилишига имкон берувчи иродавий сифатларни ҳар томонлама ривожлантиришдан иборатдир. Ихтисослашган йўналиш эса ҳар бир спорт тури учун хос бўлган ва унинг талабларига жавоб берадиган иродавий сифатларни ривожлантириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ.
Иродани умумий ва ихтисослашган ривожлантирилиши ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг биринчиси иккинчиси учун асос бўлиб хизмат қилади.
Машғулот жараёнида иродани тарбиялаш борасида бир неча қоидаларга амал қилиш зарур ва ушбу қоидалар қуйидагилардан иборат:
1. Машғулотлар чоғида энг осон машқлардан бошламоқ керак, ва уларни аста секин кўпайтириб, мураккаблаштириб бориш мақсадга мувофиқ. Машғулотлар жараёнининг илк босқичида спортчиларни у қадар кучли зўриқтирилмасликнинг аҳамияти жуда катта, чунки бундай йўл тутиш спортчида ўз кучига ишонч ҳиссини шакллантиради. Бироқ бу машғулотларда жуда осон ва енгил машқлардан фойдаланиш керак, дегани эмас. Шунингдек ниҳоятда қийин машқларни ҳам тадбиқ қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки спортчи олдидаги тўсиқларнинг енгиб бўлмайдиган даражага етиши билан спорчида ўз кучига ишонч ҳисси йўқолади, унинг иродавий зўр бериши пасайиб кетади.
2. Спорт машғулоти иштирокчиларида ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга интилиш ҳиссини шакллантириш лозим. Буни аста-секинлик билан улар олдига қўйилаётган қийинчиликларни ошириб бориш йўли билан амалга ошириш керак. Мусобақалашув вазиятини яратиш, тобора ошиб бораётган қийинчиликларни муваффақиятли енгиб ўтишни осонлаштиради.
3. Спортчиларда тезкор ва шижоатли қўзғалишларни, ҳатто уларнинг имконияти чегарасида бўлган кучли қўзғалишларни келтириб чиқиш зарур. Машғулот чоғида жуда суст ва заифлашган хатти-ҳаракатларни қўллаш ишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
4. Шуғулланувчиларда албатта, чидамлиликни оширувчи машқлар воситасида узоқ муддатли иродавий зўр беришларга дош бериш қобилиятини ривожлантириш керак.
5.Иродавий зўр беришни тарбиялашга йўналган машқларни бажаришда самарадорликка эришишга интилиш лозим. Бекорга сарфланадиган иродавий зўр бериш (яъни баҳоланмаган иродавий зўр бериш) спортчидаги иродавий зўр бериш қобилиятини заифлаштиради, ҳатто барбод қилиши ҳам мумкин. (П.А.Рудик).
Do'stlaringiz bilan baham: |