2.3.3. Спортчишахсининг психодиагностикаси Спортчиларни тайёрлашда психологиянинг ўрни ўта муҳимлигини англаб етиши туфайли шахсни тажрибавий-пси-
хологик тадқиқ этишнинг аҳамияти ҳам тобора ошиб бормоқда.
Энг оммабоп кўп ўлчамли саволнома сифатида Миннесот кўпфазали шахсга оид рўйхатини тилга олиш мумкин (ММР-1). Мазкур саволнома ўтган асрнинг 50-йилларида Америкалик психологлар С.Хатуэй ва Ж.Мак-Кинлилар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда спорт амалиётида кенг тарқалгандир. Ушбу саволноманинг асл вариантида 566 та қатъий ҳукмни тасдиқловчи иборалар бўлиб, уларнинг баҳоси асосида 13 та асосий шкалалари ва 200 дан ортиқ қўшимча шкалаларнинг аҳамияти ҳисоб китоб қилинади. Асосий шкалалар икки гуруҳга бўлинади: баҳоловчи ва таянч гуруҳи. Баҳоловчи шкалалар тадқиқот натижаларининг ишончлилигини баҳолашга мўлжалланган бўлса, таянч гуруҳлар шахснинг ўзига хос хусусиятларини тавсифлаш учун мўлжаллангандир. Уларнинг ёрдамида синовга жалб этилган кишининг дисгормоник ривожланган шахснинг 10 та туридан биттасига яқинлиги ўрганилади.
16 факторли шахсга оид сўровнома (16—ФЛО) ҳам худди ММР-1 каби шахс кўринишларининг кенг жабҳаларини тавсифлаш учун мўлжалланган. 16-ФЛО шкалалари дастлабки шахсий белгилар тўпламидан иборат бўлиб, улар баён этилган кўп сонли тавсифномаларнинг ичидан факторли таҳлил асосида ажратиб олинади.
ММР-1 ва 16-ФЛО саволномалари амалиёт учун ўта қулай-
лиги ва валидлиги билан ажралиб туради, ушбу сўровномалар турли амалий вазифаларни ҳал этишда ишончли восита эканлигини исботладилар. Шундай бўлсада бу икки сўровнома шахс-
ни ўрганишга оид тадқиқотларнинг иккита бири-биридан фарқ қилувчи йўналишларига оиддир: ММР-1 типологик ёндошувининг метрик ифодаси бўлса, 16-ФЛОда шахснинг белгилари асосидаги ёндошув амалга оширилган. Бу фарқлар ММР-1 ва 16-ФЛОни ўзаро бири бирининг ўрнини боса ололмайдиган қилади. Кўп тадқиқотлар икки сўровномаларни биргаликда қўллашни талаб этади.
Лойиҳавий тестлар. Шахсга оид лойиҳавий тестларни 3та асосий хусусияти ажратиб туради:
1. Вазифаларни бажаришда ҳеч қандай чеклашларнинг йўқлиги (бунда жавобларнинг чексиз, ҳилма—хил бўлишига рухсат берилади);
2. Топшириқларнинг нейтраллиги, яъни синовга жалб этилган текширилувчилар учун нохуш бўлмаслиги (бунинг учун барча топшириқлар мавҳум ва ноаниқ шаклларда берилади);
3. Тест материалининг ноаниқ кўп маноли бўлиши.
Лойиҳавий тестлар қаторига тематик апперцевтив тест, Роршах тести ҳамда Розецвейгнинг расмли – фрустрацион тестлари киради.
Тематик апперцевтив тест (ТАТ улар ичида энг машҳуридир, мазкур тест Гарвард университети олимлари К.Морган ва И.Г.Мюррейлар томонидан ишлаб чиқилган (1935-йил). Асл нусхасида ТАТ 30 та расмдан иборат бўлиб, унинг бир қисми турли суратлардан, фотосуратлардан олинган репродукция бўлса, иккинчи қисми психологларнинг махсус буюртмалари бўйича чизилгандир. Бундан ташқари тест материаллари таркибига оппоқ карта ҳам киритилган бўлиб, унда синов остидаги киши ўзи истаган тасвирни тасаввур қилиши мумкин. Ушбу тўпламдан синов остидаги кишига кетма–кет тарзда 20 та карта тақдим этилади, шундан 10 таси ҳаммага тавсия этилади, қолганлари синовга жалб этилганларнинг жинси ва ёшига қараб танлаб олинади. Спорт вариантида 10 мажбурий суратларда спорт ҳаётига оид воқеалар ифодаланган: спорт жамоасидаги можаролар, спорт мураббийси билан ўзаро муносабатлар, мусобақага оид вазиятлар ва ҳоказолар.
Тест давомида синов остидаги шахсга ҳар бир сурат бўйича бирор бир ҳикоя тўқиш тавсия этилади. Бунда синовга жалб этилган киши ўз ҳикояларининг қандай аҳамиятга эга эканлигини билмаганлиги сабабли (бу тасвирларда гўёки оддий ҳоллар тасвирланган ва улар, синовга жалб этилганнинг ҳаётига, муаммоларига мутлоқо даҳли йўқдек туюлади), у саволномани тўлдираётган пайтдагига қараганда ўз жавобларини камроқ назорат қилади.