Солиқ академияси



Download 3.1 Mb.
bet1/42
Sana09.02.2017
Hajmi3.1 Mb.
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   42
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ



СОЛИҚ АКАДЕМИЯСИ



“ТасдиқЛАЙМАн”

Маънавият ва маърифат

ишлари бўйича биринчи проректор

___________Б.Тухлиев

«_____»_________2015

О. Худоёрова
«Педагогика. Психология»

ФАНИ бўйича Ўқув –услубий мажмуа

(бакалавриат босқичи барча йўналишлар талабалари учун)

Тошкент – 2015

Кириш

Мазкур ўқув қўлланма «Педагогика. Психология» фанини ўқитиш бўйича талабалар мустақил таълимини ривожлантиришга мўлжалланган, бўлиб у кириш, ўқув фани бўйича ўқув қўлланманинг концептуал асослари ҳамда маъруза ва амалий машғулотлар бўйича режа-топшириқлар ва ўқув ҳужжатлар бўлимларидан иборат.

Ўқув қўлланманинг концептуал асослари бўлимида «Педагогика. Психология» фанини ўқитишнинг долзарблиги ҳамда аҳамияти баён этилиши билан бирга, мазкур фаннинг тузилиши, мазмуни ҳамда фан бўйича ўқитишнинг моҳияти очиб берилган. Шу билан бирга фаннинг ўқув дастури маъруза ва амалий машғулотларнинг мазмунлари ва режаси ҳамда машғулотлар жараёнида фойдаланиладиган адабиётлар берилган. Бу бўлимда назарий ва амалий машғулотлар, мустақил ишларни бажариш бўйича ўзлаштиришни назорат ќилиш ҳамда баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари ва мезонлари берилган.

Иккинчи бўлимда ҳар бир мавзу бўйича режа топшириќлар ва ўқув-услубий ҳужжатлар келтирилган. Қўлланма талабаларда мустақил фикрлашни, ўз фикрларини асосли равишда ҳимоя қилишни, баҳслашиш кўникмаларини шакллантириш учун баҳс-мунозара олиб боришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ўқув фани бўйича дарсларни янги педагогик технологиялар ва ўқув-услубий ёндашув асосида олиб бориш ҳозирги пайтда катта аҳамият касб этади. Зеро, янги педагогик технологиялардан фойдаланиш, жумладан кичик гуруҳларда ишлаш, гуруҳларнинг маълум позицияни эгаллаши, «ақлий ҳужум» усулларидан кенг фойдаланиш дарсларни самарали бўлиши, уларнинг қизиқарли кечишини таъминлаши шубҳасиз.

Ўқув-услубий қўлланма охирида талабаларнинг фан бўйича рейтинг баллари асосида баҳолаш мезонлари берилган.



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ



ПЕДАГОГИКА

фанидан намунавий

ДАСТУР

(бакалавр йўналишлари учун)

Тошкент – 2011

Мазкур намунавий дастур Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув-методик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2011 йил 9 сентябрдаги 3-сон мажлис баёни билан тажрибавий дастур сифатида маъқулланган.

Ушбу дастур “Педагогика” фанидан бакалаврнинг тайёргарлик даражаси ва зарурий билимлари мазмунига қўйиладиган талаблар асосида тайёрланган.

Тажрибавий дастурни келгусида тўлдирилган ва бойитилган ҳолда чоп этиш заруратини ҳисобга олиб, фикр-мулоҳазаларингизни қуйидаги манзилга юборишингизни сўраймиз:



Тошкент шаҳар, 2-Чимбой кўчаси 96-уй, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Маънавий-ахлоқий тарбия” бошқармаси, тел: 246-10-58, 246-10-54.

Фаннинг ўқув дастури Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ишлаб чиқилди.



Тузувчилар:

Авазов Ш. - педагогика фанлари номзоди, доцент (ОЎМТВ)

Юзликаева Э.Р. - педагогика фанлари номзоди, доцент (ТДПУ)

Тохтаходжаева М. - педагогика фанлари доктори, профессор (ТДПУ)



Тақризчилар:

Сейтхалилов Э.А. - педагогика фанлари доктори, профессор (ОЎМКҲТРМ)

Ҳасанбоев Ж. - педагогика фанлари доктори, профессор (ТДПУ)

Фанннинг ўқув дастури Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Илмий кенгаши томонидан тавсия этилган (2011 йил 25 августдаги 1-сон баённома).



Кириш

Мазкур дастур бўлғуси касбий фаолияти педагогик маданият ва лаёқатни тақозо қиладиган талабалар учун ишлаб чиқилган. Педагогик билимлар талабаларда ўқув ва касбий фаолиятни муваффақиятли эгаллаш ҳамда амалга ошириш омили сифатида инсоннинг шахсий хусусиятлари ҳақидаги яхлит тасаввурни шакллантиришга, ўқиш, ақлий меҳнат маданияти ва мустақил ўқиб билим орттириш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради ҳамда инсон ва жамиятнинг педагогик табиатини билишга таянган ҳолда самарали қарорлар қабул қилишга имкон туғдиради.

Ушбу дастур педагогиканинг объекти, предмети, вазифалари ва методлари; педагогиканинг асосий категориялари: маърифат, таълим (ўқитиш, ўқиш, ўзлаштириш), тарбия, шахс камолоти ва маданияти, педагогик фаолият, педагогик мулоқот, педагогик технология; маърифат - умуминсоний қадрият, ижтимоий-маданий ҳодиса ва педагогик жараён сифатида; Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими; узлуксиз таълимнинг мақсади, мазмуни ва тузилиши; таълим ва мустақил ўқиб билим орттиришнинг бирлиги; педагогик жараён; таълимнинг маърифий, тарбиявий ва шахсни ривожлантирувчи вазифалари; педагогик жараёндаги тарбия; ўқув фаолиятни ташкил этишнинг умумий шакллари: дарс, маъруза, семинар, амалий ва лаборатория машғулотлари, баҳс-мунозара, конференция, синов, имтиҳон, факультатив машғулот, маслаҳат; педагогик жараённи ташкил этиш ва бошқариш методлари, усуллари ва воситалари; оила - педагогик ҳамкорлик ҳамда шахс тарбияси ва камолотининг ижтимоий-маданий муҳити субъекти сифатида; маърифий тизимларни бошқариш каби масалаларни қамраб олади.

Ўқув фанининг мақсади ва вазифалари

Фанни ўқитишдан мақсад - талабаларнинг умумий ва педагогик маданиятини ошириш, инсон фаолиятининг муваффақиятли бўлишлик омили сифатида педагогик ўзига хос хусусиятлар ҳақидаги тасаввурларни яхлит шакллантириш, мустақил фикрлаш ва шахсий ҳатти-ҳаракатлари оқибатларини олдиндан сезиш, мустақил ўқиш ва ўз имкониятларини айнан баҳолаш, мақсадга эришиш ва ҳаётий қийинчиликларни бартараф этишнинг мақбул йўлларини мустақил топиш бўйича педагогик билим ва кўникмаларни шакллантиришдир.

Фаннинг вазифаси – педагогика фани тараққиётининг асосий йўналишлари билан танишиш; маърифий (таълим, тарбия, шахс камолоти ва маданиятини тавсифловчи) тушунчалар мажмуини ўзлаштириш; ўқишга ва касбга оид муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш; замонавий таълим жараёнини лойиҳалаштириш, ташкил этиш ва амалга ошириш, унинг бориши ва натижаларини ташхис қилишнинг назарий асосларини ўзлаштириш; таълим олувчилар, ишлаб чиқариш ходимлари билан тарбиявий ишлар методларини эгаллаш; ўқув машғулотларининг асосий турларини ўтказиш ва уларга тайёргарлик кўриш кўникмаларини шакллантириш; касбий тафаккур, техник ижодиётни ривожлантириш методлари билан танишиш.

Фан бўйича талабаларнинг билими, кўникма ва малакасига

қўйиладиган талаблар

“Педагогика” ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида амалга ошириладиган масалалар доирасида бакалавр:

- педагогиканинг объекти, предмети ва методлари, унинг фанлар тизимида тутган ўрни ва асосий тармоқлари; шахсни шакллантиришда, инсоннинг хулқ-атвори, мулоқоти ва фаолиятида таълим ва тарбиянинг тутган ўрни ҳақида тасаввурга эга бўлиши;

- педагогика фанининг асосий категориялари ва тушунчаларини; таълим ва тарбияда ирсият ва ижтимоий муҳитнинг ўзаро муносабатини, миллий ва маданий-тарихий омилларнинг тутган ўрни ва аҳамиятини; педагогик фаолиятнинг асосий қонуниятлари, принциплари, шакллари, воситалари ва методларини; маърифий жараёнларда ва ижтимоий муҳитда таълим, тарбия ва шахс камолотининг объектив алоқаларини билиши;

-педагогика фанининг асосий тушунча ва терминларини; психологик-педагогик таҳлил қилиш ва лойиҳалаш усулларини; маърифат (таълим, тарбия, шахс камолоти ва маданияти), маърифий жараёнлар ва уларнинг моҳияти ҳақидаги билимлар тизимини; замонавий таълим технологияларини; ўқиш ва билишга оид фаолиятни ташкил қилиш йўлларини; таълим ва тарбия сифатини назорат қилиш шакллари ва методларини эгаллаши;

-касбий ўзаро алоқадорлик ва ҳамкорликдаги фаолият самарадорлигини ошириш учун психологик-педагогик таъсир кўрсатиш методлари ва шаклларини қўллаш; педагогик принципларни ҳисобга олиб, турли шаклдаги ўқув машғулотлари ва тарбиявий тадбирларни ўтказиш; педагогик вазифаларни аниқлаш ва ечиш, ўқув-тарбиявий вазиятларни таҳлил қилиш бўйича оддий малакаларни эгаллаш; якка тартибдаги тарбиявий ишларни ўтказиш; эгалланган билимларни жамоада ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш учун қўллаш ва улардан ўз амалий фаолиятини таҳлил қилишда фойдаланиш кўникмаларини ўзлаштириши керак.



Фаннинг ўқув режадаги бошқа фанлар билан ўзаро боғлиқлиги ва услубий жиҳатдан узвий кетма-кетлиги

«Педагогика» фани бакалавриат йўналишларининг ўқув режаларидаги фанлар тизимида ўзига хос ўрин эгаллайди. У инсон ва жамиятни ўрганадиган барча фанлар, хусусан, биология, экология каби табиий фанлар ҳамда фалсафа, тарих, социология, сиёсатшунослик, маданиятшунослик, ҳуқуқшунослик каби бир қатор ижтимоий-гуманитар фанлар билан ўзаро боғлиқликда ўрганилиб, мазкур фанлардан етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиш талаб эталади.

Ушбу ўқув фани бўйича назарий ва амалий машғулотларда биогенетик қонунлар, психологик назариялар, фалсафий қарашлар, тарихий жараёнлар ва замонавий ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар эътиборга олиниши лозим.


Фаннинг таълимдаги ва ишлаб чиқаришдаги ўрни

“Педагогика” бакалавриат ўқув режаларининг “Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар” блокидаги интегратив ўқув фани бўлиб, инсон ва жамиятнинг илмий-амалий муаммоларини маърифий-методик ечишда фанлараро ва алоҳида фанлар кесимида ўз амалий тавсиялари, услубий воситалари билан иштирок этади.

Мазкур ўқув фани бакалаврларда бўлғуси меҳнат жамоаларидаги ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўладиган хизматга оид муносабатларни методик жиҳатдан тўғри ўрнатиш, жамоа аъзоларининг биргаликдаги амалий фаолиятини мақбул ташкил этиш, таълим, тарбия ва мустақил ўқиб билим орттириш борасидаги илғор тажрибалардан ижодий фойдаланиш кўникмаларини шакллантиради. Шунингдек, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарлари жамоадаги психологик муҳитни, ўз ходимларининг хулқ-атворини ва уларга педагогик таъсир кўрсатиш йўлларини ҳисобга олмасдан бошқарувнинг ташкилий масалаларини муваффақиятли еча олмайди. Педагогиканинг назарий ва амалий масалаларини ўзлаштириш нафақат раҳбарлар нуфузини оширади, балки меҳнат жамоаларидаги амалий вазифаларни самарали ҳал этишга имкон беради. Демак, “Педагогика” ўқув фанини ўрганиш бўлғуси бакалаврларни нафақат ишлаб чиқаришдаги касбий фаолиятга тайёрлашни, балки уларни шахс сифатида ҳар томонлама камол топтиришни, шунингдек оиласи, меҳнат жамоаси ва жамиятдаги бурчи ва вазифаларини самарали адо этишни таъминлайди.

Фанни ўқитишда замонавий ахборот ва педагогик технологиялар

“Педагогика” ўқув фанини ўрганиш ва унинг мазмунини ўзлаштириш учун таълимнинг илғор ва самарали усулларини қўллаш, янги замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Фаннинг мазмун-моҳиятини ўзлаштиришда таълимнинг замонавий техник воситалари, дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалар, маъруза матнлари, тарқатма ва электрон материаллардан кенг фойдаланилади. Маъруза ва семинар машғулотларининг мавзулари ва мазмунига мувофиқ бўлган педагогик технологиялар қўлланилади.



Асосий қисм

Фаннинг назарий машғулотлари мазмуни

Педагогикани ўрганиш зарурияти

Инсон билимларининг кўпқирралиги ва турлари. Инсоният жамияти тарихида билишнинг тараққий этиши. Билимлар - умумий таълим мазмунининг асосий таркибий қисми сифатида.

Олам ва дунёқараш. Дунёқарашнинг таркибий қисмлари, шакллари ва турлари ва ижтимоий-тарихий типлари. Дунёнинг турлича манзаралари.

Инсон ҳаётий фаолиятида билим ва диний эътиқоднинг ўзаро муносабати. Турли фалсафий концепцияларда билим ва диний эътиқод ўртасидаги ўзаро муносабатлар муаммоси.

Объектив ва субъектив борлиқни илмий билиш. Билимларнинг эмпирик ва назарий даражалари.

Ижтимоий-гуманитар билимларнинг манбалари ва улар билан ишлаш усуллари. Ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўзига хос хусусиятлари. Ижтимоий билишнинг хусусиятлари. Инсонни ўрганишда табиий-илмий ва гуманитар ёндашувларнинг ўзаро муносабати муаммолари.

Педагогик лаёқат – мутахассисни шахсий ва касбий юксалтириш шарти эканлиги. Педагогика (маърифат) - касбий етукликка этаклаш омили сифатида. Инсоннинг касбий камолоти муаммоларига акмеологик ёндашув.Мутахассиснинг педагогик фазилатлари.

Маърифий қадриятлар ва мақсадлар

Инсон ҳаётининг моҳияти ва маърифий қадриятлар. Инсонийлик моҳияти. Жамиятнинг таянч қадриятлари ва маърифий (таълимий, тарбиявий ва маданий) қадриятлар ҳақидаги тасаввурлар. Ўзбек педагогикасида маърифий қадриятлар.

Маърифат – шахс ва жамият тараққиётининг умумий шакли. Маърифат ва маданиятнинг ўзаро боғлиқлиги. Маърифий тизим ва унинг асосий таркибий қисмлари (таълим, тарбия, шахс камолоти). Замонавий маърифатнинг ривожланиш йўналишлари.

Маърифат – таълим, тарбия ва шахс камолотининг бирлиги сифатида. Таълим, тарбия ва шахс камолоти жараёнларининг ўзаро муносабати.

“Маърифат” тушунчасининг манбалари. Маърифат (таълим, тарбия, шахс камолоти) жараён ва натижа сифатида.

Маърифий фикрлар тараққиёти ва уларнинг тарихийлиги

Маърифий (педагогик) фикрлар ва уларнинг тарихийлиги ҳақида тушунча. Жаҳон маърифий фикрларининг тарихий-педагогик таҳлили (Қадимги Юнонистон, Рим, Ғарбий Европа, Я. А. Коменский, И. Г.Песталоцци, К.Д.Ушинский).

Ўзбекистон ҳудудида энг қадимги даврдан XIV асргача маърифий фикрлар тараққиёти (халқ оғзаки ижоди, қадимги ёзма ёдгорликлар, зардуштийлик, ислом дини, ҳадис илми, Шарқ уйғониш даври ва маърифий қарашлари: Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Юсуф хос Ҳожиб).

XIV-XVI асрларда мактаб ва маърифий фикрлар тараққиёти (Амир Темур, Муҳаммад Тарағай Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий).

XVII-XX аср бошларида мактаб ва маърифий фикрлар тараққиёти (Бухоро, Хива, Қўқон хонликларидаги маърифий фикрлар ва муассасалар, Туркистонда рус-тузем мактаблари ва жадидчилик ҳаракати: Махмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори Абдурашидхон ўғли, Саидахмад Сиддиқий, Абдуқодир Шакурий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат).

Ўзбекистонда 1917-1990 йилларда (иккинчи жаҳон урушига бўлган ва урушдан кейинги даврда) маориф ва маърифий фикрлар тараққиёти.

Ривожланган хорижий мамлакатларда таълим-тарбия (АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Франция, Германия).

Замонавий таълим-тарбия ва унинг моҳияти

Педагогиканинг объекти, предмети ва тузилиши. Педагогиканинг асосий категориялари ва тушунчалари. Педагогиканинг методлари. Педагогиканинг тармоқлари. Педагогиканинг бошқа фанлар билан ўзаро алоқадорлиги.

Педагогик тизимларнинг (технологияларнинг) илмий-методологик асослари. Педагогик тизимлар тушунчаси, унинг манбалари ва асосий таркибий қисмлари. Турли хил педагогик тизим ва технологияларнинг фалсафий асосланиши. Педагогик технологияларнинг турлари ва уларни таснифлаш асослари. Шахсга йўналтирилган асосий технологиялар ва уларнинг тавсифи.

Асосий таълимий концепциялар ва ёндашувлар. Таълим назариялари ва уларнинг турлари. Ақлий ҳатти-ҳаракатлар ва тушунчаларни босқичма-босқич шакллантириш назарияси. Муаммоли таълим назарияси. Ривожлантирувчи таълим назарияси. Дастурлаштирилган таълим назарияси. Матнга асосланган таълим назарияси. Билишнинг бихевиористик назарияси. Ўзлаштиришнинг гештальт назарияси. Таълимнинг суггестопедик концепцияси. Нейролингвистик дастурлаш асосидаги таълим назарияси.

Фалсафий антропология педагогик тадқиқотларнинг методологик асоси сифатида. Фалсафий антропологиянинг моҳияти ва унинг маърифат учун аҳамияти. Педагогик антропология ва унинг асосий қоидалари.

Педагогик технологиялар

“Педагогик технология”, “методика”, “методлар”, “шакллар” ва “воситалар” тушунчалари. Педагогик технологияларнинг мезонлари.

Педагогик технологияларнинг тузилиши. “Педагогик технология”нинг моҳияти ва унга қўйилган талаблар. Методика ва технология. Таълим методлари ва уларнинг таснифи. Таълим усуллари ва воситалари. Таълим шакллари. Педагогик мулоқотнинг асосий шакллари. Таълим тизимлари.

Педагогик технологияларни турларга ажратиш муаммолари. Педагогик технология тушунчаси. Замонавий технологик моделлар билан шартланган таълим тузилишининг методологик принциплари.

Муаммоли ва мулоқотли технологиялар. Муаммоли таълим
технологияларининг моҳияти. Муаммоли таълимнинг психологик-педагогик
мақсадлари ва уларни муваффақиятли амалга ошириш шарт-шароитлари.
Муаммоли таълимнинг асосий шакллари. Мулоқотли таълим

технологияларининг моҳияти.

Моделлаштириш ва ўйинли технологиялар. Техник ва технологик вазиятларни таҳлил қилиш ва моделлаштириш. Ўйинли технологияларнинг моҳияти. Педагогик технологияларда қўлланиладиган ўйинларнинг турли-туманлиги.

Педагогик мулоқот

Мулоқот - педагогик ҳамкорлик воситаси сифатида. Мулоқотнинг моҳияти ва тузилиши. Мулоқот воситалари ва турлари.

Шахсга йўналтирилган таълимда ўқитувчилар ва таълим олувчилар ўртасидаги мулоқотининг ўзига хос табиати. Педагогик ўзаро муносабатлар моҳияти.

Педагогик мулоқот услуби ва унинг тузилиши. Педагогик мулоқот услубларининг таснифи ва хусусиятлари.

Педагогик низолар, уларни бартараф этиш усуллари. Педагогик жараёндаги низоларнинг моҳияти ва уларнинг кечиш даврлари. Педагогик жараёндаги низоларнинг турлари ва уларни бартараф этиш йўллари

Замонавий ўқитувчи шахсига қўйилган талаблар. Педагогик фаолият функциялари ва уларга мувофиқ педагог шахсига қўйилган талаблар. Педагогик маҳоратнинг моҳияти ва тузилиши. Педагог фазилатларининг ижтимоий ва касбий шартланганлиги. Педагогик фаолиятдаги ижодиёт ва инновация.



Ўқув-тарбиявий вазиятларни лойиҳалаштириш асослари

Тарбиянинг мазмуни ва асосий йўналишлари. Ўқув-тарбиявий вазият тушунчаси. Ўқув-тарбиявий вазиятларнинг турлари ва уларни ташкил қилиш шакллари. Ўқув-тарбиявий вазиятларнинг вужудга келиш ва намоён бўлиш шакллари. Муваффақият вазиятларини моделлаштириш. Ўқув-тарбиявий вазиятлар таҳлилининг мазмуни.

Оила педагогик ўзаро муносабатлар ҳамда шахс тарбияси ва камолотининг субъекти сифатида. Оила - шахс тарбияси ва камолотининг ижтимоий-маданий муҳити. Оилавий ҳаёт соҳаси тарбия муҳити сифатида. Оиладаги тарбиявий вазифалар.

Ўз-ўзини тарбиялаш ва ўз-ўзини камол топтиришнинг психологик-педагогик асослари. Педагогикада ўз-ўзини тарбиялаш ва ўз-ўзини камол топтириш муаммолари. Ўқувчиларнинг ўз-ўзини тарбиялашига имкон берадиган омиллар. Ўз-ўзини тарбиялаш методлари.



Ўқув фаолиятни ташкил қилиш шакллари

Таълим мазмуни (дидактика) ҳақида тушунча. Таълим жараёни: ўқитиш ва ўқиш. Маърифий жараёнлар субъектларининг мулоқот шакли сифатида таълим жараёнининг моҳияти. Таълим шакллари, уларнинг хусусиятлари, белгилари ва функциялари. Ўқиш кўникмаси.

Матнлар билан ишлаш асослари. Матннинг тузилиши ва унинг таҳлили. Таълим олувчилар ёзма ишларининг турлари. Ўқувчилар фаоллигига ақлий юкламаларнинг таъсири.Компьютердан фойдаланиб, ақлий меҳнатни ташкил этиш хусусиятлари.

Педагогик назорат ва таълим сифатини баҳолаш

Таълим сифати тушунчаси. Сифат тушунчасининг турлича талқини. Таълим сифатини турлича тушуниш. Таълим сифати маърифий (таълимий, тарбиявий) фаолиятни баҳолаш ва назорат қилиш муаммоси сифатида.

Таълим мазмунини ўзлаштириш ва маърифий (таълимий, тарбиявий) жараёнлар натижаларини баҳолашни педагогик назорат қилиш хусусиятлари. Ўқувчилар билимини назорат қилиш таълим сифатини баҳолашнинг асосий унсури сифатида. Педагогик назорат ва ўқувчилар ўзлаштиришини баҳолаш хусусиятлари.

Ўқув баҳоси ва белгидаги фарқлар. Баҳо, белги ва балл ўртасидаги фарқлар. Баҳолаш, унинг функциялари ва турлари. Нохолис педагогик баҳолаш сабаблари.

Таълим сифатини назорат қилишнинг мазмуни, шакллари, методлари ва турлари (жорий, оралиқ, якуний). Ўзлаштиришни назорат қилиш принциплари. Ўзлаштиришни текшириш босқичлари. Педагогик жараёнда билимларни назорат қилиш функциялари ва шакллари. Ўқувчилар билимини назорат қилиш методлари.

Назорат тадбирларини ўтказиш муаммолари ва унинг психологик-педагогик хусусиятлари. Тақдирлаш ва жазолаш рағбатлантириш методи сифатида. Педагогик баҳолаш рағбатлантириш омили сифатида. Педагогик баҳолаш самарадорлиги.

Ўқувчилар ўзлаштириши ва билим сифатини баҳолашнинг рейтинг тизими. Билимларни баҳолашдаги рейтинг тизимининг хусусиятлари. Билимларни баҳолашдаги рейтинг тизимининг асосий принциплари.

Педагогик тестлар. Билимларни тест усулида баҳолашнинг афзалликлари ва камчиликлари. Тест синовларини ўтказиш билимларни назорат қилиш шаклларидан бири сифатида. Билимларни тест усулида назорат қилиш турлари.



Маърифий тизимларни бошқариш

Маърифий тизимларини бошқариш ҳақида тушунча.

Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими. Мустақил Ўзбекистонда таълим тизими тараққиётининг тарихий таҳлили.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларида таълим тизимини бошқариш масалалари. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим соҳасидаги ваколатлари. Таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларининг ҳуқуқ доираси. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатлари.

Таълим муассасаларини бошқариш масалалари. Таълим турлари бўйича таълим муассасаларини бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари. Таълим муассасалари аттестацияси ва аккредитацияси.

Ўзбекистонда таълим тараққиёти муаммолари ва истиқболлари.



Семинар машғулотларни ташкил этиш бўйича кўрсатма ва

тавсиялар

“Педагогика” ўқув фанидан семинар машғулотларини ташкил этиш учун профессор-ўқитувчилар томонидан кўрсатма ва тавсияларлар ишлаб чиқилади. Семинар машғулотларида талабалар маъруза машғулотлари жараёнида ўзлаштирган назарий билим ва кўникмаларини амалий масалалар ечиш орқали янада бойитадилар. Шунингдек семинар машғулотларида мантлар билан ишлаш асосида талабалар билимларини мустаҳкамлаш, талабаларнинг қизиқишларига кўра айрим мавзулар бўйича илмий мақолалар ва тезислар чоп этиш, ўқув-тарбиявий вазиятларни лойиҳалаштириш, ўқув фаолиятни ташкил қилиш, педагогик назорат ва таълим сифатини баҳолашга оид масалалар ечиш, айрим мавзулар бўйича кўрсатмали воситалар тайёрлаш ва бошқалар тавсия этилади.

Семинар машғулотлари кичик гуруҳларда ишлаш, мустақил фикрни баён этиш ва гуруҳлар тақдимоти шаклида ўтказилса юқори самара беради.

Семинар машғулотлари бўйича тавсия этиладиган тахминий мавзулар ва уларнинг мазмуни:



1. Педагогика нима учун ўрганилади?

Билимлар, улар таълим мазмунининг асосий таркибий қисми эканлиги. Дунёқараш, унинг таркибий қисмлари, шакллари ва турлари. Билим ва диний эътиқод.Ижтимоий-гуманитар билимлар. Инсонни ўрганишда табиий-илмий ва гуманитар ёндашувларнинг ўзаро муносабати. Педагогик қобилият ва лаёқат. Педагогика (маърифат) ва мутахассиснинг касбий етукликлиги. Касбий камолот ва мутахассиснинг педагогик фазилатлари.



2. Маърифий қадриятлар ва мақсадлар

Инсонийлик моҳияти ва қадриятлар. Ўзбек педагогикасидаги маърифий (таълимий, тарбиявий ва маданий) қадриятлар. Маърифат. Маърифат ва маданиятнинг ўзаро боғлиқлиги. Маърифий тизим ва унинг асосий таркибий қисмлари: таълим, тарбия, шахс камолоти ва маданияти. Таълим, тарбия, шахс камолоти ва маданиятининг ўзаро бирлиги ва ўзаро муносабати. Маърифат жараён ва натижа сифатида.



3. Маърифий фикрлар тараққиёти ва тарихийлиги

Маърифий (педагогик) фикрлар, уларнинг тарихийлиги. Жаҳонда маърифий фикрларнинг тарихий-педагогик таҳлили.Ўзбекистон ҳудудида энг қадимги даврдан XIV асргача маърифий фикрлар тараққиётининг асосий йўналишлари. XIV-XX аср бошларида мактаб ва маърифий фикрлар тараққиётининг асосий йўналишлари. Ўзбекистонда 1917-1990 йилларда маориф ва маърифий фикрлар тараққиёти. Ривожланган хорижий мамлакатларда таълим-тарбия (АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Франция, Германия).




Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   42


Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2017
ma'muriyatiga murojaat qiling

    Bosh sahifa